Директор алмашгани билан ўқитувчи ва ўқувчининг шароити яхшиланиб қолмайди — депутат

12:41 23 Январь 2021 Жамият
1147 0

Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳудудларда ўрганиш олиб борилмоқда ва битирувчилари олий таълимга кирмаган мактаблар «тўқ қизил» рангли деб таснифланмоқда.

Шу мактаб директори эса лавозимидан озод қилинмоқда.

Бироқ директорни ишдан олган билан муаммо ечилармикан?

Муаммонинг илдизларини чуқурроқдан излаб кўрмаймизми?

Юртдошларимизнинг муҳокамаларига қулоқ тутсангиз,соҳа муаммолари ҳақида гапириб,ойна тутмоқдалар.

Дарҳақиқат, ўқимайдиган болани мажбурлаб ўқитиб бўладими?

Ҳунар ўрганганнинг нимаси ёмон? 

Президент сиёсатига кўра олий маълумоти йўқлар учун иш ўринлари яратиш, ўрта маълумотлилар ҳақида гап бормоқда.

Агар ўқувчи олий маълумотли бўлишни истаса ҳам,таълим сифати ёмонлигидан ўқишга киролмаётган бўлса,бунга ким айбдор?

Мактаб директорими?

Ўша мактабда неча сменада ўқиларкан,қишда иситиларканми,электр энергияси таъминоти яхшимикан, ўқитувчиларининг маоши етарлимикан,ўқувчилар уй-рўзғор ишларига қарашиш ҳақида эмас,фақат ўқиш ҳақида ўйлашга шароити бормикан?

Ёғин ёғса,йўллари лой бўлиб қандай боришини билмай ўтирмасмикан

Интернет йўқлигидан онлайн ўқишни тушида кўрмаганмикан?

Мурожаатлар асосида Бағдод туманидаги 19-мактабга қўшимча бино қуриш бўйича вазирликка хат юбордим.

Жавоб хатида сиз депутат сифатида бизга маблағ ажратишда ёрдам беринг деб ўзимдан ёрдам сўрашди.

Ваҳоланки, бюджетдан энг катта маблағ Халқ таълимига ажратилади.

Қаергаки борсам, аҳоли мактаб, боғчага борадиган йўллардан нолийди.

Аввал шароит яратиб, кейин кимнидир айбласак тўғри бўларди. 

Директор алмашгани билан ўқитувчи ва ўқувчининг шароити яхшиланиб қолмайди.

Мактаб ўқитувчисининг қоғозбозликлардан ва мажбурий меҳнатдан қутулганлиги учун раҳмат.

Лекин ҳали ўқитувчининг яхши маош олиб, замонавий шароитларда дарс бериши, ўз устида ишлай олиши учун қиладиган ишимиз кўп.

Тўғри, ўқитувчиларнинг савиясини,малакасини ошириш учун яқин орадаги олий ўқув юртларига бириктириб қўйилиши вазирлик томонидан амалга оширилган ижобий ҳаракат.

Мукаммал дастурлар ва мукаммал дарсликлар, адолатли тест тизими ҳақида ҳам ўйлаш керак.

Жамиятда коррупция йўқолиб,олий маълумотли олган билимига кўра сараланиб яхши ишга олинадиган бўлса,ҳамма ҳам олий маълумотли бўлишга интилади.

Ўқувчининг оиласида ҳам турмуш шароити яхшиланиши,унинг яхши ўқиши учун мотивация бўлиши ҳам керак.

Танловлар,олимпиадалар адолатли бўлиши, жамиятда билимлининг қадр топаётганини кўриб бориши керак.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?