Депутатлар 1981 йил қабул қилинган конвенцияни ратификация қилишни кўриб чиқмоқда. У қабул қилинса, иш берувчиларнинг масъулияти ошади

15:57 09 Июль 2024 Сиёсат
277 0

Фото: Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенциясини (Женева, 1981 йил 22 июн) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этиш керакки, бугунги кунга қадар ушбу конвенция 75 та давлат томонидан ратификация қилинган. Мазкур халқаро ҳужжат барча иқтисодий фаолият соҳаларини ўз ичига олиб, давлат хизматида ишловчиларга, ёлланиб ишловчиларга, шунингдек бевосита ёки билвосита иш берувчининг назорати остида бўлган ишчи ва ходимларга татбиқ этилади.
Қонун лойиҳасига кўра, конвенцияда меҳнат фаолияти жараёни ва ишлаб чиқариш муҳитида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш кўзда тутилган. Жумладан, иш жойида ёки иш вақтида ишчи ва ходимларнинг соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ турли бахтсиз ҳодисалар ёхуд хавфларнинг олдини олишга қаратилган талабларни янада кучайтириш белгиланади ва бу ўз навбатида, иш берувчиларнинг масъулиятини янада оширади.
Бундан ташқари, мазкур халқаро ҳужжатда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш, ишлаб чиқариш муҳитини яхшилаш бўйича миллий даражадаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш масалалари акс эттирилган.
«Ўзбекистонни истиқболда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига интеграциялашуви учун зарур шарт-шароитлар яратиб, преференциялар умумий (бош) тизими доирасида Европа Иттифоқи билан ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлади», дейилади муҳокамалар жараёнида.
Аввалроқ, агар депутатларнинг таклифи қўллаб-қувватланса, ҳокимлар кенгаш раислигидан кетиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?