Давр талабига ҳамоҳанг ўзгаришлар

Архив сурат
Кейинги йилларда юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Қолаверса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами, шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди. Бунинг натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ошиши билан бирга, соҳада туб ўзгаришни юзага келтирди.
Айни кунларда мамлакатимизда ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён — янги таҳрирдаги Конституциямизнинг халқ томонидан тасдиқланиши учун референдумга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Шу ўринда Бош қомусга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга эҳтиёж қаердан туғилди, деган савол туғилиши табиий.
Мен тиббиёт ходими сифатида шуни айтишим мумкинки, конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш давр талаби эди. Амалдаги Конституциядан камчилик қидирмаган ҳолда, янада мукаммаллаштиришга, давлатимизни, фуқаролик жамиятимизни янада ривожлантирадиган, халқ манфаати учун ишлайдиган Асосий Қонун манбаига катта эҳтиёж бор эди.
Бу йилги референдумнинг олдингиларидан фарқи шуки, бунда халқ бош ислоҳотчи сифатида намоён бўлмоқда. Эътиборлиси, янгиланаётган Конституция 65 фоизга ўзгараётган бўлса, уларга киритилган янги нормалар ҳамда кўплаб қўшимчалар бевосита халқ томонидан илгари сурилган, муҳокамага қўйилган таклифлардир.
Албатта, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида юртимизнинг барча соҳаси каби тиббиёт тизими равнақи, айниқса, фуқароларнинг соғлиғини муҳофазалашга оид бир қатор янгиликлар кўзда тутилган.
Президентимизнинг таклифи билан тиббиёт тизимининг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлаш, хусусан, Бош қомусда “Инсон қадри учун” деган ғоя атрофида амалга оширилаётган ислоҳотлар руҳида тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлайдиган қоидалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда кўзда тутилган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли экани белгилаб қўйиляпти. Бу эса тиббиёт тизими вакиллари ва барча ватандошларимизни ҳам беҳад мамнун этди.
Эндиликда тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни янада ошиши билан бирга, келгусида тизим фаоллари иш самарадорлигини таъминлайдиган ҳужжатлар қабул қилинишига ҳам асос бўлади, деб ишонаман.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 48-моддасида ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, шунингдек, давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиши қатъий мустаҳкамлаб қўйиляпти.
Айни чоғда давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўриш вазифаларини ўз зиммасига олаётир.
Шу ўринда яна бир гап. Биласиз, яқинда давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт ходимлари ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган муҳим ҳужжат — “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун қабул қилинди.
Ҳеч кимга сир эмас, сўнгги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб боряпти. Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз айблаш, шунингдек, ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари ҳам афсуски, учраб турибди.
Бироқ амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек, тиббиёт ходимларининг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган эди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи янги модда билан тўлдирилди.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ва янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамланаётган қоидалар тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳамда уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олиш, шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, фуқароларга ўз вақтида ҳамда сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилиши билан эътиборга моликдир. Бу эса Ўзбекистон янгиланган Конституция билан янги тарихий тараққиёт босқичига кўтарилишини англатади.
Жасур РИЗАЕВ,
Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори,
профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг