Давлатобод коррупциядан холи ҳудудга айланади
Фото: “Халқ сўзи”
Наманган вилоятининг мазкур туманида бундан икки йил аввал давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида коррупциясиз ҳудуд лойиҳасини амалга оширишга киришилган эди.
Ҳозирги кунда шу мақсадда ишлаб чиқилган “йўл харитаси” изчиллик билан рўёбга чиқарилаётир. Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш, аҳоли ўртасида манфур иллатга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш учун давлат муассасалари, хўжалик юритувчи субъектлар, барча маҳалла фуқаролар йиғинларида кўргазмали тарғибот воситалари ўрнатилди. Шунингдек, жойларда мунтазам равишда суҳбат ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Маҳаллий ҳокимият ҳузурида тузилган 11 кишидан иборат жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан бошқарув ва ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларининг ҳисоботлари эшитиб бориляпти.
Айтиш мумкинки, долзарб масала бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги аста-секин кўзга ташланиб боряпти. Лойиҳа ижросига киришилган дастлабки пайтда туманда коррупция билан боғлиқ 18 та ҳолат қайд этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида кўрсаткич учтани ташкил этди. Таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа қатор муассасалар ходимлари фаолияти устидан назорат ўрнатилиб, коррупцияга мойиллиги аниқланган уч нафар мутасадди раҳбар билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
— Жирканч иллат билан боғлиқ жиноятнинг биттаси ҳам ортиқча, — деди кеча мазкур мавзу бўйича ўтказилган матбуот анжуманида сўз олган туман ҳокими Анваржон Тожимирзаев. — Унга бутунлай чек қўйиш учун давлат идоралари фаолиятининг ошкора ва шаффофлигини тўла таъминлаш, хизматларда инсон омилини камайтириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш, инновацион усуллардан кенг фойдаланишга янада кўпроқ эътибор қаратишимиз зарур.
Дарҳақиқат, туманда давлат хизматчилари иш жойи ва фуқароларни қабул қилиш хоналарига кузатув мосламаларининг ўрнатилиши, давлат харидларининг шаффофлигига эришиш, жойларда электрон хизматнинг жорий этилиши натижадорликни таъминлаяпти. Масалан, маҳаллалардаги 28 нафар профилактика инспекторларига замонавий планшетлар ажратилган. Эндиликда уларнинг ҳар бири боди камералардан фойдаланишига ҳаракат қилинмоқда.
Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокидаги матбуот анжуманида юқорида тилга олинган “йўл харитаси” ижросининг бориши таҳлил этилиб, тумандаги сектор раҳбарларининг мавзу бўйича ҳисоботлари эшитилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг