Дардоқдан чиққан қаҳрамон

17:24 09 Май 2022 Маданият
2862 0

Фото: Иллюстратив фото

Бу йил Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага 77 йил тўлди. Ўзбекистон, гарчи жанг майдонига айланмаган бўлсада, у фронт орти майдони сифатида асосий мадад кучи мақомини олган. Жумладан, ҳарбийлар ва мамлакат аҳолисини озиқ-овқат билан таъминловчи базага айланган. Қолаверса, 1,5 миллион нафар ўзбекистонликлар қўлига қурол олиб, ватан тинчлиги, оиласи ҳаловати учун ёвга қарши кураш олиб борганлар. Афсуски, уларнинг 800 минг нафари ҳаётдан бевақт кўз юмган ёки бедарак йўқолган. Қўчқор Турдиев, Собир Раҳимов, Набижон Мингбоев, Абдусаттор Раҳимов, Рихси Мўминова, Боис Эргашев, Ботир Бобоев, Абдусамат Тайметов, Гапса Исказиев каби ватандошларимиз эса фидокорона хизматлари учун алоҳида эътироф этилдилар. Уларнинг аксарияти Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Қўчқор Турдиев ўзбеклар орасида биринчи бўлиб шу унвонга муносиб топилган эди.

...Мен Қўчқор Турдиев ҳақида илк бор эшитганимда, ҳали бола эдим. Мактабда ўқиб юрган пайтларимиз урушда жанг қилиб, фашистларни асирга олиб, қаҳрамон бўлган ҳамқишлоғимиз ҳақида таниқли адиб Ғафур Ғулом «Дардоқдан чиққан қаҳрамон» номли асар ёзганлигини эшитгандим. Кунларнинг бирида Қўрғонтепа туманидаги мусиқа мактабида қаҳрамон билан учрашув бўлишини эшитиб, манзилга шошдим. Учрашув давомида ундан «Қандай қилиб қаҳрамон бўлгансиз?» дея сўрадим. Қўчқор Турдиев бирдан кулиб юборди. Сўнг юзидаги табассумни йўқотмаган ҳолда «Жанг кетаётган эди, ўқ ёмғирдек ёғиб турарди. Ёнимда бирорта тирик жон қолмади. Аксига олиб, қўлимдаги қуролни тушириб юбордим, окопга тушиб уни олмоқчи эдим, кутилмаганда душманлар келиб қолишди. Мен шошиб қолдим. Қўлим қуролга етмади. Шунда оёғим остидаги белкуракни шартта олдимда, фашистларга қараб бақирдим. Қўрқувдан оёғим зил-зил титрасада, ортга чекинмадим. Немислар ҳам ўзимизга ўхшаган экан, важоҳатимдан қўрқиб кетдими, шартта қуролини ерга ташлаб, қўлини кўтариб олса бўладими! Шу тариқа беш нафар душманни асирга олганман», дея жавоб берди. Ўшанда Қўчқор ота бизнинг болаларча дунёмизга озор бериб қўймаслик учун воқеани ҳазиломуз тарзда ифода этиб берганини кейинчалик англаб етдим.

1917 йилда Қўрғонтепа туманидаги Дардоқ қишлоғида туғилган Қўчқор Турдиев 1940 йилда ҳарбий хизматга чақирилган эди. Бир йил ҳарбий кўникмага эга бўлиб улгурган аскар урушнинг илк кунлариданоқ фронтга юборилди. 1941 йилнинг 15 октябрида Украинанинг Харков областидаги Трудолюбовка аҳоли пунктида хизматни давом эттираётган аскар иштирокидаги қуролли рота душман пулемёти зарбасига дуч келади. Олиб борилган мардонавор жангда Қўчқор Турдиев 5 нафар душманни асир олади. Унинг бу қаҳрамонлиги учун 1942 йилнинг 27 март куни «Совет Иттифоқи қаҳрамони» унвони берилади. Бунга қадар ўзбек халқи орасида бирорта инсон бу унвонга сазовор бўлмаган эди...

Қаҳрамон 1942 йилда кичик лейтенантлар тайёрлаш курсида таҳсил олади. 1943 йилга келиб Гомелск ҳарбий билим юртининг тезлаштирилган ўқув курсларида иштирок этади.

Урушдан сўнг истеъфога кузатилган уруш қаҳрамони ўз фаолиятини қишлоқ хўжалиги соҳасида давом эттирди. Урушда ҳам, урушдан кейин ҳам халқимиз тинчлиги, фаровон ҳаёти учун курашди. Бироқ республикамиз Мустақиллигини кўриш насиб этмади. 1989 йилда бу дунёни тарк этди...

Йиллар ўтаверади, хотиралар мангу яшайди. Бир кун жанглар тўхтайди, осмон ўқларга тўлган ўрнини қушларга бўшатади. Авлодлар эса ҳар тонгни яхши умид билан қарши олгани, ўқишга, ишга хотиржам йўл олгани, олдига қўйган мақсади сари дадил одимлаётгани, ҳамма-ҳаммаси учун аждодлар хотираси олдида бош эгадилар. Зеро, уларнинг жасорати, фидокорлиги туфайли мана шундай дориламон кунларга юз тутмоқдамиз. Уларнинг орзу-умидлари бизнинг ҳаётимизда давом этаётган экан, демак, билингки, қаҳрамонлар мангу яшайди!

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер