Чўнғарада тиббий хизмат сифати яхшиланиб бормоқда

11:25 02 Август 2024 Жамият
247 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Риштон туманининг олис ва эксклав ҳудудида жойлашган «Чўнғара» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 436 та оилада 1280 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қўшни Қирғизистон ҳудудидан ўтилиши сабабли узоқ йиллар давомида қишлоқ аҳолиси тиббий хизматдан фойдаланиш борасида қийналиб яшарди. Бундан икки йил олдин ҳудуддаги қаровсиз аҳволда қолган «Зилол» оилавий шифокорлик пункти мукаммал таъмирдан чиқарилди. Тез тиббий ёрдам бригадаси ташкил этилиб, беморга шошилинч ва сифатли ёрдам кўрсатишга ихтисослашган янги автомашина ажратилди. Кундузги стационар фаолияти йўлга қўйилди. Замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

— Эътибор ва рағбат туфайли сўнгги йилларда тиббий хизмат сифати тобора яхшиланиб бормоқда, — дейди «Чўнғара» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Бойназаров. — I ва II гуруҳ ногиронлари, сурункали беморлар, ҳомиладор аёллар доимий равишда бепул дори-дармон билан таъминланиб, патронаж ҳамширалари кўмагида уй парвариши йўлга қўйилди.

Куни кеча Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бунёдбек Ҳожирахматов бошчилигида ҳудуд аҳолиси учун навбатдаги тиббий кўрик ташкил этилиб, шифокорлик пункти кундузги стационарига кондиционер ўрнатиб берилди. Ўз навбатида аҳоли мурожаати асосида ичимлик суви учун насос ўрнатилиб, тиббий муассаса ичимлик суви билан таъминланишига эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер