Чиқинди ислоҳотига фуқаролар тайёр. Хизмат кўрсатувчиларчи?
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бундан ўн-ўн беш йил аввал ўзларининг «свет», газ, сув, иссиқлик манбаи, чиқинди хизмати, «ширкат» ёки шу каби бошқа коммунал хизмат кўрсатиш идораларидан эканини айтиб, тўлов қилишингизни сўраб келувчилар кўп эди. Тўловлар билан боғлиқ фирибгарликлару, турли муаммолар, урчиб кетган нореал қарздорликлар борасидаги можароларни ҳам кўпчилик яхши эсласа керак.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коммунал хизматлар учун тўловлар тизимига замонавий технологияларнинг жорий этилиши натижасида бу борадаги вазият анча яхшиланди. Масалан, эндиликда электр энергияси, газ, сув ёки чиқинди учун тўловни исталган вақтда телефонингиздаги махсус иловалар орқали амалга оширишингиз, ҳисобингизни ҳам кузатиб боришингиз мумкин. Ҳаммаси шаффоф. Бундан албатта, хизмат кўрсатувчи ҳам, аҳоли ҳам мамнун.
Президентимизнинг 2024 йил 4 январдаги «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳам ушбу турдаги хизматлар кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, тўлов интизомини ошириш борасида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Фармонда белгиланган муҳим жиҳатлардан бири — эндиликда чиқинди хизматларидан қарздорлиги бўлган абонентларнинг электр энергиясига тўловларни амалга оширишига чеклов ўрнатилади. Бу тартиб жорий йилнинг 1 июнидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилиши белгиланган.
Дарҳақиқат, электр энергияси, табиий газ ёки ичимлик суви учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган фуқароларни тармоқдан узиб қўйиш мумкин. Чиқинди билан боғлиқ ҳолатда эса бунинг имкони йўқ. Шу боис ҳам аҳолининг бошқа коммунал хизматларга қараганда чиқиндидан қарздорлиги катта.
Мисол учун, айни пайтда Қарши шаҳри аҳолисига чиқинди ташиш хизматини кўрсатаётган «Қашқадарё эко транс» МЧЖнинг дебитор қарздорлиги 6 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этади. Тўловларни ундиришдаги янги тизим эса уларнинг бу борадаги муаммоларига ечим бўлиши табиий.
Шундан келиб чиққан ҳолда, МЧЖ ходимлари ўз абонентларини бу тизим ҳақида огоҳлантириб, тўловларни вақтида амалга оширишга чорлай бошлади.
Бу жараёнда эса аҳолининг ҳам эътирозлари юзага чиқди. Хусусан, бизга мурожаат қилган фуқароларнинг айтишича, аслида чиқиндидан қарздорлиги ошиб кетишига уларнинг масъулиятсизлиги эмас, балки хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳамда абонентлар ўртасидаги шартнома тизимининг шаффоф эмаслиги сабаб бўлмоқда.
Масалан, белгиланган тартибга кўра чиқинди ташиш хизмати учун тўлов ҳар бир хонадондан шу оила аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда ундирилади. Бироқ кўп ҳолларда хонадонда яшовчилар сони ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотдаги рўйхат бир-бирига мувофиқ келмаяпти.
— Икки йил аввал янги хонадон олиб кўчиб чиққанмиз ва айни пайтда шу хонадонда рўйхатда туриб, 4 киши учун чиқиндига тўловларни ойма-ой амалга ошириб келаяпмиз, — дейди Қарши шаҳрида яшовчи Шоҳиста Сафарова. — Эски уйимизда эса ҳозир ҳеч ким яшамайди. Лекин у ердан ҳам ойига 4 киши учун тўлов чиқиб келади. Икки йилдан буён шу муаммони ҳал қила олмай сарсонман. Бир неча маротаба «Қашқадарё эко транс» МЧЖ назоратчиларига шуни тушунтирдим, улар сўраган ҳужжатларни келтириб бердим, лекин муаммо ҳал бўлмади. Бизда қарздорлик юзага келишига шу ҳолат сабаб бўлган.
Аҳоли вакилларининг айтишича, яна кимнингдир оила аъзоларидан бири узоқ вақтдан буён хорижда ишлаяпти, қизи турмушга чиқиб кетган, фарзанди бошқа шаҳарда ўқишда ёки шунга ўхшаш ҳолат. Аммо яқинлари улар учун ҳам чиқиндига тўлов қилишга мажбур бўлмоқда. Тўламаса хизмат кўрсатувчи қарздорлик ҳисоблаб бораверади. Уларни ҳисобдан чиқариш эса бир дунё югур-югурлару ҳужжатбозликлардан иборат. Бунга ҳамманинг ҳам вақти, имкони бўлмайди.
«Қашқадарё эко транс» МЧЖ масъул ходими Нурия Султонова бу ҳолатга изоҳ берар экан, дастлаб улар хонадонларда яшовчи аҳоли рўйхатини ИИБ базасидаги маълумот бўйича, кейинроқ эса маҳалла раислари берган рўйхат асосида шакллантиришини айтди.
— Мавжуд тартибга кўра, биз аҳоли билан тўғридан-тўғри эмас, балки маҳалла билан умумий шартнома тузамиз, — дейди у. — Рўйхатни ҳам маҳалла беради ва шу рўйхатдаги одам сони бўйича хонадонларга тўлов ёзилади. Аммо рўйхатда номувофиқлар бўлса, хонадон соҳиблари офисимизга келиб, керакли ҳужжатларни тақдим этса, хонадонда яшовчилар сони ўзгартириб берилади.
Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, демак хизмат кўрсатувчи корхона рўйхатининг ҳақиқий аҳоли сонидан фарқ қилишига маҳаллалардан берилаётган маълумотларнинг ноаниқлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Бунинг устига, МЧЖ рўйхатига тузатиш киритиш ҳам Нурия Султонова айтганчалик оддий иш эмас, йўқса, Шоҳиста Сафарова икки йилдан буён сарсон бўлиб юрмасди.
Соҳадаги муаммолардан яна бири SMS хабарномалар билан боғлиқ.
Хусусан, Президент фармонида чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентларни SMS орқали хабардор қилиб бориш тизими йўлга қўйилиши, шунингдек, янги тизимнинг ишга туширилишидан аввал абонентлар қарздорлик вужудга келганлиги тўғрисида олдиндан электрон тўлов тизимлари орқали огоҳлантирилиши лозимлиги аниқ белгилаб қўйилган.
Бироқ биз суҳбатлашган кўплаб аҳоли вакиллари айни пайтда чиқиндидан қарздорлиги ҳақида SMS хабарномалар келмаётганини айтишди. Шундай бўлгач, аҳоли чиқинди бўйича қарздорлигидан хабари бўлмай, исталган пайтда чироқсиз қолиб кетиши ҳам мумкин.
Нурия Султонова эса аксинча, абонентларга чиқинди қарздорлиги бўйича SMS хабарномалар жўнатилаётганини билдирди. Фақат базадаги телефон рақамлари яқин орада янгиланмаган, шу боис кимларгадир SMS хабарнома бормаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас экан.
Мавзуни ўрганиш асносида аҳоли вакиллари, масъуллар ва мутахассислар билан суҳбатлашдик, уларнинг фикрларини тингладик. Бир томондан кимлардир чиқиндиларни ташиш хизмати учун ортиқча пул тўлашга мажбур бўлаётган бўлса, иккинчи томондан кимлардир хонадонида ҳақиқатда яшовчилар сонини камайтириб, тўловлардан қочишга ҳаракат қилаётгани ҳам бор гап. Англаганимиз шу бўлдики, янги тизимни йўлга қўйишда ҳали нуқсонлар мавжуд. Ўйлаймизки, «Қашқадарё эко транс» МЧЖ ҳам, у хизмат кўрсатаётган маҳаллалар мутасаддилари ҳам ишга профессионал ёндашиб, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг