chess.com сайтида «Ўзбек шахмат усталарининг сирлари» сарлавҳали мақола чоп этилди
Дунёдаги машҳур шахмат платформаси — chess.com сайтида худди шу сарлавҳада мақола берилди. Унда Ўзбекистон шахмат усталарининг халқаро майдонда қайд этаётган муваффақиятлари ҳақида сўз юритилган. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.
Мақола муаллифи — юртдошимиз, асли тошкентлик гроссмейстер Григорий Серпердир. У 1988 йилда ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида, 1989 йилда Европа чемпионатида, 1999 йилда шахмат бўйича жаҳон очиқ чемпионатида ғолиб чиққан. Бундан ташқари, Григорий Серпер 1992 йилда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Шахмат олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган. 1996 йилдан бери ватандошимиз АҚШда яшайди ва ёшларга шахмат сирларини ўргатиб келмоқда. У Америка шахмат федерацияси аъзоси ҳисобланади.
Мақолада яқинда Исроилда бўлиб ўтган FIDE жамоавий жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шахматчилари фахрли иккинчи ўринни эгаллагани қайд этилган. Муаллифнинг таъкидлашича, Хитой шахмат бўйича ўзининг улкан салоҳиятини яна бир бор намойиш этди. Аммо Ўзбекистон бу воқеанинг яна бир қаҳрамони бўлди. Ушбу муваффақият билан Олимпиада чемпионлари жаҳон шахмат элитасидаги ўз мавқеини янада мустаҳкамлади.
«Бундан роппа-роса етти йил аввал, 2015 йил мен ушбу сайтда қуйидаги таҳлилларимни эълон қилган эдим: Бугун мен Ўзбекистонда Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдоров ва бошқа янги истеъдодлар етишиб чиқаётганини кўриб турибман. Келажакда шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон шахмат оиласини яна лол қолдирса ҳайрон бўлманг», деб ёзади муаллиф мақоласида.
Григорий Серпернинг қайд этишича, ўзбекистонлик гроссмейстерлар ўз ўйинларида рақиб хатоларидан унумли фойдаланиш орқали ўзбек заминига хос бўлган мумтоз усулда дона сурмоқда. Шу ўринда муаллиф бугунги кунда ўзига хос услубга эга бўлган истеъдодли ёш ўзбек шахматчилари катта муваффақиятларга эришаётганини таъкидлаган.
«Сизни яна бир ажойиб ёш шахматчи билан таништирмоқчиман. Мен гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев ҳақида гапиряпман. Кўпчилик бошқа машҳур Нодирбекни Абдусатторовни билади, аммо Ёқуббоевда жаҳон гроссмейстери бўлиш учун ҳамма жиҳат бор. Унинг услуби мумтоз! Нодирбекнинг сўнгги икки ўйини менда катта таассурот қолдирди», дейди муаллиф.
«Ишончим комилки, ҳатто Акиба Рубинштейн (шахмат бўйича энг буюк стратегларидан бири) ёки Хосе Раул Капабланка (шахмат бўйича учинчи жаҳон чемпиони) каби афсонавий шахматчилар ҳам бундай ўйин кўрсатишдан фахрланган бўларди. Сабаби оддий: Рубинштейн ёки Капабланканинг аксарият рақиблари бу гигантлардан анча кучсизроқ бўлган, ўйинлар эса бир ёқлама эди. Айни пайтда Ёқуббоевнинг рақибларидан бири, гроссмейстер Евгений Томашевский бир пайтлар дунё рейтингида 13-ўринни эгаллаб турган эди».
Григорий Серпер мақоласи якунида «Агар сиз ўсишни хоҳлаётган янги шахматчи бўлсангиз, ўзбек гроссмейстерлари томонидан яратилган мумтоз усул ва замонавий шахмат классикасини ўрганинг», деб таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз: chess.com веб-сайти шахматни онлайн ўрганиш ва дона суриш учун шахмат ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи шу номдаги компания томонидан 2007 йилда ташкил этилган. Компания АҚШда жойлашган, 35 мамлакатда 400 нафардан ортиқ ходимларга эга. Бугунги кунда ушбу онлайн майдончада 100 миллионга яқин гроссмейстер ва шахмат ишқибозлари ҳар куни бир-бирлари билан мулоқот қилади, ўзаро фикр алмашади, машҳур гроссмейстерларнинг ўйинларини таҳлил этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг