Чавандозларимиз Россиядаги халқаро мусобақада муваффақиятли қатнашишди

15:06 28 Июнь 2022 Спорт
688 0

Россияда от спортининг конкур йўналиши бўйича анъанавий «Maxima Masters CUP Eurasia» ва «Maxima Masters Eurasia Team Competition» мусобақалари бўлиб ўтди. Унда иштирок этган ҳамюртларимиз кутилганидек совринли ўринларни эгаллашди.

Турнирда мазкур спорт туридаги Евросиё лигаси таркибига кирган 11 жамоа қатнашди. Қизғин кечган беллашувларнинг жамоавий дастурида терма жамоамиз мезбонлардан сўнг иккинчи поғонага кўтарилди. Қайд этиш жоиз, баҳсларда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев бошчилигида Бекзод Қурбонов, Нуржан Туякбаев, Умид Камилов, Хуршидбек Алимжонов каби чавандозларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилдилар.

Аҳамиятлиси, 125 смни ташкил этган тўсиқлардан ўтиш беллашувида Баҳромжон Газиев маҳорат кўрсатиб, “Lady” тулпорида биринчи ўринни қўлга киритди. Табиийки, ушбу натижа терма жамоамизнинг бошқа вакилларини янада руҳлантирди. Шундан сўнг баландлиги 145 см бўлган баҳсда Нуржан Туякбаев олтин медаль соҳиби бўлди.

Мусобақанинг энг асосий йўналиши – 150 см баландликдаги тўсиқлардан ташкил топган Гран-при дастурида Бекзод Қурбонов ғалабани тантана қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер