Буюк мақсадлар натижасини бугун амалда кўряпмиз

Юртимиздаги улкан ўзгаришлар, юртдошларимиз онгу тафаккуридаги янгиланишлар ва уларнинг жаҳоний эътирофларидан қанчалик ғурурлансак кам. Бир эсга олайлик, Шавкат Мирзиёев Президент сифатидаги фаолиятининг илк кунлариданоқ халқнинг ҳокимиятга бўлган ишончини тиклаш масаласини ўзининг энг асосий вазифаларидан бири этиб белгилаганида ҳамда фикр ва сўз эркинлигига йўл очиб, бу ишни пастдан, оддий халқ орасидан бошлашга қарор қилганида барча ютуқларимизнинг бош омили пайдо бўлганини, янги ҳаётимизни барпо этиш, учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини қуриш бундан буён ҳаёт тарзимизга айланишини тасаввур ҳам қилолмас эдик.
Тарихдан аёнки, халқнинг иштирокисиз амалга оширилган ҳар қандай ислоҳот муваффақиятсиз якунланади. Одамларнинг дунёқарашини ўзгартирмай туриб, жамиятни янгилаб бўлмаслиги ҳам кундай равшан. Шу маънода, Президентимизнинг ҳар бир саъй-ҳаракати, ташаббус ва ғоялари замирида халқимизни рози қилиш, йиллар давомида одамларни қийнаб келган муаммоларни ҳал қилишдек эзгу ва хайрли мақсадлар мужассам. Шу боис одамларнинг талаб-истакларини рўёбга чиқариш, уларни эшитиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш янги сиёсатнинг муҳим йўналишига айланди.
Мана, орадан саноқли йиллар ўтиб, мамлакатимиздаги ўзгаришларни нафақат биз, халқимиз, балки хорижликлар, сиёсатчию таҳлилчилар — халқаро ҳамжамият ҳам сезмоқда, эътироф этмоқда.
Германиялик сиёсий шарҳловчи, “Berliner Zeitung” нашри Геосиёсат бўлими раҳбари Томас Фасбендернинг сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан суҳбатини катта қизиқиш ва ҳаяжон ила ўқирканман, кўнглимдан юқоридаги фикрлар кечди.
“Халқ сўзи” газетасининг 19 ноябрь сонида эълон қилинган “Ўзбекистондан “Янги Ўзбекистон”гача: йўқотилган қалбни излаб...” сарлавҳали ушбу мақолада мамлакатимизнинг яқин ўтмиши, бугуни, келажаги ва минтақадаги сиёсий эврилишлар ҳақида сўз боради. Шу аснода Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, халқпарвар ва миллатпарвар сиёсати, шунингдек, минтақа миқёсидаги ташаббуслари ва уларнинг натижалари теран таҳлил этилган.
Мақолани ўқиймиз — дастлабки саволда шундай дейилади: “...Ҳозир сиздан сўрамоқчи бўлган нарса олис ўтмиш ҳақида эмас, балки бу ўлканинг бугуни, мамлакат ва жамиятнинг мустақилликдан кейин ҳам ўзини ўнглаб олиши қийин кечгани, сиёсий элита зеҳнияти, айниқса, жамият тафаккурида совет давридагидан-да хавотирли турғунлик ҳукм сургани ҳақида...”
Ушбу саволга жавобнинг мухтасар қисми шундай: “...мустақилликнинг ўтган 25 йиллик даврида миллий давлат ва миллат қуриш ишларига жиддий қаралмади. Ва айни шу сабабларга кўра, кўпчилик таҳлилчилар Ўзбекистонда ўтиш даври амалга ошган 2016 йилнинг сўнгида “...Мирзиёевга оғир сиёсий ва иқтисодий мерос қолди” деган фикрга келганларида, мутлақо ҳақ эдилар...
Энг афсусланарлиси, сиз айтгандек, геополитик нуқтаи назардан муҳим нуқта — Евроосиёнинг марказида жойлашган минтақанинг энг йирик ва барча жиҳатдан таъсир кучига эга мамлакати маълум маънода ёпиқ ва дунёдан узилган давлатга айланиб қолди.
Миллий давлат ва миллат қурилишининг советча концепциясида қолиб кетишга ундаган ортодоксал майл нафақат ички, балки минтақавий якдилликка ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Жумладан, бу минтақада этник миллатчиликни “илҳомлантириб”, янги ташкил топган республикаларни бир-биридан бегоналаштиришга хизмат қилди...”
Барчамизни муносабатга, мушоҳадага чорлаган ушбу суҳбат-мақолада айнан ушбу саволга тўлиқ ва аниқ жавоб берилгани эътиборга молик. Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг жавоби давомида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган кенг кўламли сиёсатнинг устувор жиҳатлари кўрсатиб ўтилган. Хусусан, собиқ иттифоқ давридан қолган оғир ижтимоий-сиёсий мерос, минтақадаги геосиёсий вазият ва глобаллашув таъсирида мамлакатнинг мураккаб тараққиёт йўлидан ўтиши, шунингдек, давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва ҳаётбахш ташаббуслар аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида очиб берилган.
Ҳа, ўтган йиллар давомида ҳаётимизда жиддий ўзгаришлар юз берди.
Эътибор берилса, Ўзбекистонни дунё нафақат таниди, ютуқларини тан олди, балки биздан ўрганаётир ҳам. Ватанимиз жаҳон рейтингларидан жой олмоқда, жой олгандаям энг юқори ўринларни эгаллаётир.
Шу ўринда бугун кўзимиз кўникиб қолган янгиланишларни мулоҳаза қилар эканмиз, халқимиз узоқ йиллар кутган ўзгаришларнинг ҳаракат марказида турган инсон — Президентимиз ташаббуси хусусида мухтасар тўхталсак. Айтиш мумкинки, бу ташаббуслар Ўзбекистон тарихида миллий ўзликни шакллантириш, ижтимоий фаровонликни таъминлаш ва халқаро жараёнларда фаол иштирок этишга қаратилган янги босқичнинг бошланиши белгиси эди.
Дейлик, йирик саноат объектларининг ишга туширилиши, юз минглаб иш ўринлари яратилгани, шаҳар ва қишлоқларимизда минглаб кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилгани, камбағалликка барҳам берилаётгани, аҳолининг даромадлари муттасил ошаётгани, шубҳасиз, катта ютуқ. Ёки мамлакатимизда ёш оилалар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани, уларга ва етимларга, ногиронлиги бор фуқароларга уй-жой берилаётгани, фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган аёлларга қўшимча ижтимоий ёрдам кўрсатилаётгани дунё миқёсида олганда ҳам эътиборга молик янгиликдир.
Айниқса, фаолиятининг илк босқичида Президентимиз ўз сиёсатининг очиқлиги ва халқчиллигини намоён этиб, мамлакат ичидаги репрессив тузумга нуқта қўйгани халқимизнинг олқишига сазовор бўлди.
Мақолага юзланамиз: “...Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тарихида илк бор БМТ минбаридан туриб, ўзбек тилида нутқ қилди... Мамлакатда диний, сиёсий ва сўз эркинлигига йўл берилди. “Қора рўйхат”лар, энг асосийси, Ўзбекистонни дунёга мустақилликдан кейин ҳам эски замонлардагидек кўрсатиб турадиган пахта яккаҳокимлиги, мажбурий, айниқса, болалар меҳнатидан воз кечилди. Бутун дунёга овоза бўлган, сиёсий ва диний маҳбуслар сақланадиган Қорақалпоғистоннинг “Борса-келмас”идаги “Жаслиқ” ҳибсхонаси ёпилди...”
Шулар ҳақида гапира туриб, “...жуда сокин ва ортиқча шов-шувларсиз амалга оширилган айни ҳаракатларни давлат ва жамиятнинг миллий ўзликка бўлган интилиши, колониал ва неоколониал босимлардан қочиш, деб шарҳласак, тўғри бўлади”, дейди сиёсатшунос ушбу фундаментал мулоқотда. Шунингдек, суҳбат давомида Ўзбекистон Марказий Осиёни минтақавий ривожланишнинг асоси сифатида белгилаб, яхши қўшничилик тамойилларини илгари сураётгани чуқур таҳлилий салоҳият ва холислик билан баён этилади.
Дарҳақиқат, ХХI асрга келиб давр шиддати ўзгарди, дунё ҳам бугун кечаги дунё эмас. Муҳим стратегик чорраҳаларда эски асрдан кўчиб ўтган, кўлами кенгайиб бораётган хавфли кураш давом этаётир. Унинг замирида табиий бойлик, хомашё захиралари тасарруфини қўлга киритиш, ўзга халқларнинг асрлар давомида шаклланган турмуш тарзини “ислоҳ” қилиш, ёшлар онги ва қалбини эгаллаш учун улар эътиқодини сусайтириш, бефарқлик, масъулиятсизлик касалига мубтало қилиш мақсади яширин.
Ана шундай вазиятда Президент Шавкат Мирзиёев амалга оширган улуғ ишлардан яна бири — яқин қўшниларга нисбатан очиқ ва конструктив сиёсат олиб бориш, Марказий Осиёдаги муаммоларни тенглик, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш ва оқилона келишув асосида ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатлардир.
Бунинг натижаси ўлароқ, бугун нуфузли халқаро минбарларда Шавкат Мирзиёевнинг дунё мамлакатлари, хусусан, Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларни кучайтиришдаги жасоратли хизматлари расман эътироф этилмоқда.
Асосийси, Ўзбекистон Президенти иқтидорга келган дастлабки йиллардаёқ ташқи сиёсат соҳасида янги сермазмун саҳифалар очилди, қатор хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқалар тикланди. Чегаралардаги сунъий тўсиқлар олиб ташлангани мамлакатимиз етакчисининг яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган янги сиёсати маъно-моҳиятини дунёга намоён этди.
Бу эса, ўз навбатида, нафақат минтақадаги барқарорликни таъминлашга, балки Ватанимизнинг халқаро ҳамжамиятда мустақил ва таъсирчан иштирокини кучайтиришга ҳам хизмат қилди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Хуллас, “Ўзбекистондан “Янги Ўзбекистон”гача: йўқотилган қалбни излаб...” сарлавҳаси остидаги ушбу мулоқотда қисқа муддатда юз берган тарихий воқеликлар моҳияти чуқур мушоҳада ва ҳаётий мисоллар асосида очиб берилганки, уларни ўқиган кишининг дунёқараши янада бойиши, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғулари кучайиши, шубҳасиз. Амалга оширилган бемисл янгиланишлар, халқчил ислоҳотларни кўриб, халқимизнинг ҳаётдан рози яшаётганини ҳис қилиб, беихтиёр Ўзбекистоннинг ривожланган мамлакатлар сафига ўтиши учун мустаҳкам пойдевор айнан бугун яратилаётганига ишончи янада мустаҳкамланади. Зотан, Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисидаги нутқида таъкидлаганидек, “Келажак авлодлар албатта фахр билан тилга оладиган ана шундай буюк тарих ва келажакни яратиш бизнинг ўз қўлимизда”.
Бугун Ўзбекистон, унинг кўп миллатли халқи айни шу туйғу, шу ишонч билан яшамоқда.
Шохруҳ МАЖИДОВ,
Чангшу технология институти Бизнес факультети доценти,
халқаро офис координатори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг