Бухородан илҳомланган россиялик рассомлар кўргазмаси ташкил этилди

12:44 06 Май 2025 Жамият
287 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро тасвирий санъат музейида «Арт-караван Россия–Ўзбекистон» лойиҳа доирасида рангтасвирда яратилган асарлар кўргазмаси ташкил этилди.

— Асли Сурхондарёда туғилганман. Шаҳрисабзда ҳам яшаганман, — дейди мазкур лойиҳа ташаббускори Ирина Коваленко. — Ўзбекистоннинг кўҳна шаҳарлари, бетакрор табиати, меҳр-оқибатли одамлари ҳар қандай рассом учун илҳом манбаидир. Шуни инобатга олиб, тўрт йил муқаддам ушбу ишга қўл урганмиз. Ҳамкасбларимизга икки халқнинг санъат соҳасидаги алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган бу лойиҳа маъқул тушди. Россиянинг Москва, Калуга, Владивосток сингари турли шаҳарларида истиқомат қилувчи 11 нафар рассом унда иштирок этиш истагини билдирди. Кўргазмага қўйилган ранг-баранг суратлар пленер яъни рассомнинг бевосита очиқ ҳавода ишлаши натижасида юзага келган.

Рассомлар беш кун давомида Бухорода бўлиб, кўҳна шаҳар тарихи, миллий урф-одатларни ўргандилар, маҳаллий мусаввирлар, санъатшунос ва реставраторлар билан мулоқот қилдилар. Бухоро тасвирий санъат музейида сақланаётган асарлар билан танишдилар. Шу аснода мўйқаламни ишга солиб, неча минг йилдирки ҳаёт нафаси уфуриб турган қадимий гўша манзараларини қоғозга туширдилар.

Ирина Коваленконинг билдиришича, Россия шаҳарларида ҳам шу рассомларнинг Бухорода яратилган асарлари кўргазмаси ташкил этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер