Бухорода туристик манзиллар яна биттага кўпайди

Фото: “Халқ сўзи”
Бугунги кунда Бухоро вилоятида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрадиган 200 тадан ортиқ туризм намойиш объекти мавжуд. Улар туристик маршрутлар рўйхатидан ўрин олган. Бундай манзиллар сони яна биттага кўпайди. Бухоро туманида жойлашган “Bukhara-Varnet” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонанинг ойнаванд далалари агро ва экозона сифатида сайёҳлик машрутига киритилди.
— Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигидаги корхонамиз “Бухоро агро” эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган,— дейди эндиликда инновацион кластер дея этироф этилаётган “Bukhara-Varnet” раҳбари Бешим Ҳамроев.— Ойнаванд далалар барпо этиш билан боғлиқ йирик лойиҳага 30 миллион 500 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган. Нафақат қизил, балки қора, сариқ тусли помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон етиштириб, ташқи ва ички бозорга чиқаряпмиз. Корхона таркибида агрономлар тайёрлаш академияси фаолият кўрсатяпти. 70 та тажриба участкамиз бор. Бўлажак агрономларга хорижий мутахассислар сабоқ беришмоқда. Улар ҳам ўқиб, ҳам амалиёт ўташади. Икки гектар ерда кўчатчиликни йўлга қўйганмиз. Мева ҳамда узумнинг касалликка чидамли, серҳосил навлари замонавий усулларга таянилган ҳолда етиштирилмоқда. Бу ерда бир йилда 30 миллион туп кўчат етиштириш имконияти бор. Бундан ташқари, яна бир қатор инновацион лойиҳаларни амалга оширдик.
Ана шуларнинг бири — беш гектардан иборат “Ботаника боғи” корхонанинг ташриф қоғозига айланиб улгурди, десак муболаға қилмаймиз. Ойнаванд дала остида парвариш қилинаётган ранг – баранг гуллар, банан, авакадо, папая сингари мевали дарахтлар, фаввора — ю ҳовузлар, дам олувчилар учун яратилган қулайликлар ташриф буюрувчиларга кеч куз тугул, қаҳратон қишда ҳам баҳорий кайфият улашади.
Дарвоқе, вилоят туризм бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари, ҳокимлик ва ташкилотларнинг матбуот котиблари ҳамда тадбиркорлар учун ушбу инновацион кластерга инфо – тур ташкил этилди. Бу ерда кластернинг янги туризм йўналиши сифатида очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда сўз олганлар Бухоро нафақат қадимий ёдгорликлари, зиёратгоҳлари, балки агро ва экотизими билан ҳам сайёҳларнинг қизиқишига сабаб бўлишини таъкидлаб, ушбу янги сайёҳлик манзили ҳақида илиқ фикрларни билдирдилар.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг