Бухорода илк бор Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадаси ташкил этилди

18:19 14 Июнь 2024 Жамият
258 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро шаҳрида илк бор Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадаси ташкил этилди. Уч кун давом этган мазкур билимлар беллашувида дунёнинг 19 та давлатидан 15 –18 ёшли 120 нафар иқтидор эгаси қатнашди.

Халқаро олимпиада иштирокчилари қайд этган натижалар нафақат республикамиз, балки Туркия, Озарбайжон, Россия, Белорус, Қирғизистон давлатларидан таклиф қилинган профессор-ўқитувчилар томонидан баҳолаб борилди.

— Олимпиадада қатнашганимдан хурсандман, — дейди Озарбайжон терма жамоаси аъзоси Расул Азадзаде. — Тадбир юқори савияда ташкил этилганини таъкидламоқчиман. Биология фани бўйича ўз билимимизни айнан, Бухорода синовдан ўтказганимизда рамзий маъно бор. Дунё илм-фани, жумладан, биология ривожига бениҳоя катта ҳисса қўшган Абу Али ибн Сино худди шу гўшада туғилиб ўсган. Дарвоқе, биз унинг она қишлоғи Афшонада ҳам бўлдик. Унутилмас таассуротлар оғушидаман.

Кўҳна шаҳарнинг Пойи Калон мажмуида халқаро олимпиаданинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган маросим ўтказилди.

Якуний натижаларга жами, 60 нафар ўқувчи турли даражадаги медаллар соҳибига айланишди. Россия Федерациясининг 5 нафар, Ўзбекистоннинг 3 нафар, Белорус ҳамда Хитойдан 1 нафардан иштирокчи олтин медалга сазовор бўлди. Кумуш ва бронза медаллар билан тақдирланганлар қаторида Қозоғистон, Ўзбекистон, Хитой, Туркия, Россия, Таиланд, Саудия Арабистони, Белорус, Вьетнам каби давлатлар вакилларини кўриш мумкин.

Тақдирлаш маросимидан сўнг санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?