Бухорода бўлган биринчи фотограф

12:17 27 Сентябр 2022 Жамият
464 0

Фото: Халқ сўзи

У ёки бу халқ тарихини ўрганишда моддий манбалар катта аҳамиятга эга. Суратлар бундан истисно эмас. Одамлар дастлаб қоятошларга, суяк ва деворларга, кейинчалик эса тери, қоғоз ва матоларга суратлар ишлашган. Кейин инсоният ҳаётига тошбосма (литография), кейинчалик ёзув машинкаси (типография) кириб келди. Одамзот улар орқали хаёлий билимларини моддийлаштирди.

«Лаҳзани тўхтатиш» деб эътироф этилган дастлабки фотосуратлар XIX аср бошидан тарқалган бўлса, кейин рангли суратлар ихтиро қилинди. Мозийга назар ташласак, XIX аср ўрталаридан Туркистон ўлкасига шарқшунослар, сайёҳлар, элчилар ҳамда археологлар билан биргаликда бир қанча рус ва европалик фотографлар ташриф буюришганини кўрамиз. Улар Ўрта Осиёда мавжуд кўплаб тарихий иншоотлар ва этнографияга дахлдор манзараларни кадрга муҳрлашди. Фотографлар учун Бухоро амирлари, уларнинг саройлари, тарихий обидалар, Бухоро яҳудийлари, табиати, этнографияси, савдо-сотиғи, байрамлари, этник қиёфаси, тарихи жуда қизиқ туюлган. Уларнинг ноёб кадрлари орқали дунё халқлари Бухоро ҳақида янада кўпроқ, жонли маълумотларга эга бўлишган.

Шу ўринда Бухорода бўлган биринчи фотограф ким эди, деган савол туғилади. У Антон Степанович Муренкодир. Бу фотосуратчи император Александр II топшириғи билан ташкил этилган 117 кишилик экспедиция таркибида Бухорода бўлган. Экспедиция Оренбургдан Хива ва Бухорога 1858 йил май-ноябрь ойларида уюштирилган. Унинг таркибида шарқ халқлари тарихи билимдони П.И.Лерх, дунёда биринчи самолётни лойиҳалаштирган, Орол ва Амударёнинг дастлабки таснифини берган А. Ф. Можайский, астроном К.В.Струве ҳам бўлган.Фотограф Антон Муренко ўшанда 21 ёшда эди. Экспедиция анжомлари орасида Муренконинг дагерротип аппарати ва турли инструментлари учун 6 та жaвон ажратилганди.

Экспедициянинг асосий мақсади Амударёда савдо ишларини олиб бориш, Хива хони ва Бухоро амири билан савдо шартномаларини тузиш ва ҳудудда инглизларнинг таъсирини камайтиришдан, шунингдек, рус маҳбусларини озод қилишдан иборат эди. Пировардида экспедиция ўз мақсадларига эришди.

Сафардан қайтгач, Антон Муренко Саратовда фотоателье очди.

Фотографнинг олган 28 та фотосурати 38х30 см ўлчамли альбом шаклида сақланган. Альбомга жигарранг жилд қилинган бўлиб, унга «Оренбургдан Хива орқали Бухорога. Лейтенант Муренконинг артиллерия расмлари» сўзлари битилган. Ушбу хизматлари учун Россия география жамиятининг кумуш медали билан тақдирланган. Ҳозирги вақтда ушбу альбом Россия Фанлар Академияси Моддий маданият тарихи институти фондида сақланмоқда.Фотоальбомдаги икки сурат айнан Бухорога тегишли бўлиб, улар «Мирза Фозил» ва «Ҳукумат томонидан 1858 йилда озод қилинган Бухородаги рус маҳбуслари» деб номланади.

31 августда Хивадан чиққан элчиларни 19 сентябрда амир томонидан юборилган амалдор Мирза Фозил кутиб олади.Фотограф айнан шу амалдорнинг суратини олган. Мирза Фозил мусулмонча ўтирган, қўллари енг ичида, эгнида пахтали чопон, устидан енгил яктак кийган, соқол ва мўйлов қўйган, бошида оддий шодокадан салла ўраган ҳолатда акс этган.

Дарвоқе, Бухоро амири экспедиция аъзоларини яхши қабул қилади.Экспедиция раҳбари Игнатев амирга бож миқдорини камайтириш, руслар учун алоҳида карвонсарой ажратиш, россиялик маҳбусларни озод қилиш каби таклиф ва шартларни билдиради.Қурол, соатлар, дурбин ва бошқа совға- саломларни тақдим қилади. Амир Насрулло уларни зиёфатда хушнуд кутиб олди ва барча шартларига розилигини билдирди.

Шу ўринда асирлар масаласига ойдинлик киритиш мақсадга мувофиқ.Бухоро ва Хивага рус асирлари асосан Қозон, Уфа, Симбирскдан бошқирд, қалмиқ ва хивалик савдогарлар томонидан келтириб сотилган. Уларнинг аксарияти оддий деҳқон ва ҳарбийлардан иборат бўлишган.Экспедиция жами 11 кишини - рус асирларини оилалари билан озод қилади.Улар орасида ислом динини қабул қилганлар ҳам бор эди. Игнатев шрифтланган мактубида қолишни истаганларга рухсат берганини ва 11 кишидан 8 киши амир пиёда қўшинлари хизматида бўлганлигини ҳам билдиради.Фотограф Антон Муренко айнан шу тутқунларни суратга олган.

Амир 27 октябрь эрта тонгда элчиларни жўнатаркан, уларнинг барчасини совғалар билан сийлайди.Чунончи, Игнатевга арғумоқ, Кашмир гилами, шойи халат ва белбоғ, қолганларга шойи ва чит халатлар туҳфа қилинади. Россия билан доимий алоқаларни олиб бориш мақсадида улар билан Нажмиддин хўжа тўқсабони Россияга элчи сифатида юборади.

Умуман, 1858 - 1920 йиллар оралиғида Бухорода қирққа яқин сайёҳ-фотографлар келишган. Ушбу фотографлардан баъзилари, дейлик, Д.Ермаков, Н.Орде, Пол Надар, Леон Баршевский, О.Олуфсен, П.Горскийлар алоҳида коллекция яратишди.

Шунга қарамай Муренконинг фотосуратлари нафақат Бухорода, балки Ўрта Осиёда илк фототасвирлар бўлиб қолди.

Ўктамали Равшанов,

Бухоро давлат музей-қўриқхонаси

Тарих илмий бўлими мудири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер