Бухорода айём шукуҳи

13:48 20 Март 2026 Жамият
101 0

Маҳалла ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази вакилларининг сўроқлаб келишларидан якка-ёлғиз яшовчи Файзия Ҳайдарова суюниб кетди. Кекса онахон меҳмонларни маҳалла еттилиги кўмагида таъмирдан чиқарилган шинамгина уйида кутиб олди. Хайрлашар чоғда эса «Фаол ҳаётга қадам» дастури асосида кўрсатилган ёрдам туфайли куз-қиш мавсумини соғ-саломат ўтказганини айтаркан, юртга омонлик тилаб дуога қўл очди. Вобкент туман марказида яшовчи онахонга ҳайитлик, дея бир миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Маълумотларга кўра, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, Бухоро вилоятида муборак Рамазон ойида Файзия ая каби якка-ёлғиз, эҳтиёжманд 31 мингдан зиёд кишига моддий кўмак берилди.

— Турли корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар томонидан қилинган хайру саховатни-ку айтмай қўя қолайлик, — дейди Олот туманидаги «Бувижонлар мактаби» жамоатчилик кенгаши раиси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Муборак Қаландарова. — Рамазон ҳайити ҳамда Наврўз айёми кунларида амалга оширилаётган бу каби эзгу амаллар юртимизда «Инсон қадри учун» деган тамойил мустаҳкам қарор топганидан, барча-барчага байрам қувончи улашилаётганидан далолат беради.

Наврўз айёмига бағишланган асосий тадбир эса одатдагидек, «Кўҳна ва боқий Бухоро» мажмуасида бўлиб ўтди. Халқ сайлида қадриятларимиз тараннум этилган куй-қўшиқлар янгради, саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Дастурхонга баҳор таомлари тортилди. Ҳунармандлар кўргазмаси уюштирилди. Сайл унда қатнашган шаҳар меҳмонлари, хорижий сайёҳларда унутилмас таассурот қолдирди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?