Бухоро давлат тиббиёт институти биринчи бўлиб хорижда ўз филиалини очмоқда

10:04 08 Октябр 2020 Жамият
1337 0

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти айни дамда жаҳоннинг 150 дан зиёд университет ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Яқинда бу ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Институт Ўзбекистоннинг хорижий давлатда ўз филиалини ташкил этган биринчи олий таълим муассасасига айланди.

— Олий ўқув юртимиз Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳридан 20 километр узоқликда жойлашган Ноида халқаро университетида базасида ўз филилалини ташкил этиш юзасидан меморандум имзолади, — дейди институт проректори А. Насуллаев. — Унга кўра, 2020-2021 ўқув йилидан институт профессор-ўқитувчилари Тиббиёт ва жарроҳлик бакалаври дастури асосида ўқишга қабул қилинган Ҳиндистон фуқароларига таҳсил беришади. Келишувга биноан, Ноида халқаро университети таълим жараёни учун зарур инфратузилма, моддий-техник база, ўқув лабораториялари ҳамда клиник базадан фойдаланиш масалаларида ёрдам беради.Ўқишга қабул қилинаётган талабалар дастлабки икки йилни Ҳиндистонда, қолган уч йилни эса Бухорода ўтказишади. Сабоқлар инглиз тилида олиб борилади. Бунинг учун бизда илмий салоҳият етарли. Ўқитувчиларимизнинг 200 нафарга яқини инглиз тилида дарс ўтиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатга эга. Бундан ташқари, яқинда хорижий тилни мукаммал ўзлаштирган 40 нафарга яқин мутахассисни ишга қабул қилдик.Умуман, институтимиз, Ноида халқаро университети ҳамда PeopIeHive компанияси ўртасида имзоланган мазкур уч томонлама меморандум мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг халқаро жозибадорлигини ошириш, таълим экспорти орқали институт моддий имкониятларини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш сари йўл очади.

Мутахассисларнинг эътироф этишларича, Ҳиндистонда айнан Бухорода тиббий таълим олиш ниятида бўлган ёшлар кўп. Зеро, тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган юртда ўқиш ҳар қандай кишида ғурур уйғотиши тайин.

Маълумот тариқасида таъкидлаш жоизки, Бухоро давлат тиббиёт институти 2019 йилда Ҳиндистон фуқароларига таълим бериш ҳуқуқини тақдим этадиган Тиббиёт кенгаши аккредитациясидан ўтган ва бултур 50 нафарга яқин ҳинд фуқароси ўқишга қабул қилинган эди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?