Бугунги иш тутумимиз қанчалик ўзини оқлаяпти?

Фото: Getty Images
“Bect group Betlis Textil"нинг “Boʼston” трикотаж фабрикаси Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчасидаги енгил конструкцияли биноси 2019 йили қурилиб, дастгоҳлар келтирилди ҳамда бир сменада иш ташкил этилиб, 560 киши фойдали меҳнатга жалб этилди.
Аслида, “Bect group Betlis Textil"нинг бош қароргоҳи Тошкентда. Шунингдек, унинг республикамиз бўйлаб 12 та филиали мавжуд. Бўстондаги фабрика — шулардан бири. Фабрика раҳбари Шаҳин Ўрхоннинг айтишича, 2020 йилнинг ўзида Навоий вилоятининг Кармана туманида яна иккита филиал очилган. Режа бўйича Бўстонда ҳам яна бичув цехи, қўшимча 560 ўринли тикув цехи ташкил этиш имкони мавжуд. Бунинг учун барча ҳужжатлар тайёр, дастгоҳлар бор, аммо... Фабрикада 456 хотин-қиз ишламоқда. 104 ўринга ишчи етишмаяпти.
— Сиз келиб фабрика очсангиз одам босиб кетади, Бўстоннинг ўзида ўн беш минг аҳоли яшайди, аёллар юз фоиз ишсиз, дейишган эди, — дейди куйинчаклик билан Ўрхонбей. — Аммо биз ҳозир одам ташиш учун тўққизта автобус ёллашга мажбур бўлдик. Автобуслар ҳатто етмиш беш километр масофадаги Ғаллаоролнинг Лалмикор қишлоғидан ҳам ишчиларимизни олиб келяпти. Тўққизта автобуснинг ҳар бирига ҳар куни 350 минг сўм нақд пул тўлашга мажбурман. Ҳолбуки, Бўстоннинг ўзидаги хотин-қизлардан фабрика иши ортмаслиги керак эди.
Фабрикада иш ҳақи янги ўрганувчилар учун 750 минг сўмдан кам эмас. Яхши, тажрибали тикувчилар эса 1 миллион 200 минг – 1,5 миллион сўм атрофида маош олади. Жами ишлаётган 456 кишининг ойлик маош жамғармаси 423 миллион сўмни ташкил қилади. Бу солиқлардан ташқари, қўлга тегадигани. Ҳар ойда жами 2,5 миллиард сўмлик енгил трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 100 фоиз экспортга жўнатиляпти. Харидорлар, асосан, МДҲ давлатлари, шунингдек, Италия ва Европанинг бошқа мамлакатларидан. Беш йиллик саккизта шартнома мавжуд. Хомашё эса Ўзбекистон пахтаси. Тикилаётган аёллар ва эркаклар кўйлаклари пешма-пеш олиб кетилмоқда. Тўғри, коронавирус пандемияси фабрикага ҳам анча панд берди. Натижада ёзги кийимлар учун берилган буюртмаларни ўз вақтида бажаришнинг иложи бўлмади. Ёз ўтиб кетгандан сўнг эса харидор ўз буюртмасини олишдан бош тортди.
— Агар, унча-мунча фабрика бўлганида бундай ҳолатда банкрот бўлиши аниқ эди, — сўзида давом этади Шаҳин Ўрхон. — Мен ҳамиша ишчи кучини сақлаб қолиш чораларини кўраман. Фабрика бюджети ёриқларини беркитиш учун ҳамма чораларни кўришим мумкин, аммо иш ҳақи жамғармасига тегмайман. Ходимларнинг иш ҳақи жамғармаси — фабрикани ушлаб қолишнинг асосий ўзаги. Қачонки ходим иш ҳақини ўз вақтида олиб турса, у ишини давом эттираверади, ишда узилиш бўлмайди. Натижада иқтисодий қийинчиликлар билинмай ўтиб кетади. Мана, ҳозир пандемия туфайли ўтмай қолган маҳсулотларимизга буюртма келди ва ҳаммаси яна ўз ўрнига тушяпти. Тўғри, аксарият ишчиларимиз ойлик иш ҳақи кам, дея бизни айблашади. Аммо ҳозирги имконимиз бундан ортиғини кўтармайди. Унча ойлик берамиз, бунча ойлик берамиз, дея қуруқ ваъдалар билан аёлларни ишга жалб қилишимиз ҳам мумкин. Лекин бу тахлит иш тутишнинг охири вой ва банкротлик. Шу сабабли ишга қабул қилинаётган ҳар бир ходимга аввал бошдан ўз шартларимизни тушунтирамиз. Эрталаб фабрикага ишга кираётган ходим қўл телефонини навбатчи қоровулга топшириши шарт. Бизда ўн битта бўлим бор, ҳар бир бўлимга биттадан тажрибали уста масъул ва фақат ана шу усталар қўлида телефон бор. Энг зарур ҳолларда тикувчи-ходимлар шуларнинг телефонидан фойдаланиши мумкин. Э, нимасини айтасиз, фабрикага телефони билан кирган тикувчидан фойда йўқ. Аммо... илож қанча, гарчи айрим қизлар, аёллар «телефонни олиб киргани қўймас экан, дам олгани қўймас экан», дея бизни ёмонлаб, ишга киришдан қочса ҳам, шундай йўл тутишга мажбурмиз. Чунки биз Европа давлатлари билан шартнома тузганмиз, уни бажариш керак. Шу сабабли фабрикада ишлаётган ҳар бир ходимдан максимал даражада фойдаланамиз. Қай бир қишлоқдан ўндан зиёд қиз-аёллар ишга келса, автобус қўямиз. Уч-тўрт нафар қатнайдиган бўлса, уларнинг такси пулларини тўлаймиз. Фабриканинг ичига эрталаб соат саккизда кирган ходим кеч соат бешгача ҳеч ёққа чиқмай ишлайди. Ҳозирги қишли-изғиринли кунлари ҳам фабрика ичи иссиқ. Овқатларимиз сифатли. Бугун, масалан, ош тайёрланяпти. Хуллас, ходимнинг оладиган маоши юз фоиз ўзига, оиласига қолади. Йўл харажати, тушлик ва бошқа харажатлари — фабрика зиммасида.
Хўш, унда муаммо нимада?
— Бизда 99 фоиз хотин-қизлар ишлайди. Бичиш, тикиш, дазмоллаш, тахлаш, экспортга тайёрлаш — барчаси улар зиммасида. Айнан шулар асосий муаммоимиз ҳам. Негаки, қизларни ишга оласан, олти, тўққиз ой давомида иш ўргатасан. Бунинг барчаси қўшимча меҳнат. Ишни тез ўрганадигани бор, қийналадигани бор, мутлақо уқувсизлари ҳам топилади. Хуллас, ишни ўргатганингдан сўнг бу қиз турмушга чиқиб кетади. Шу атрофга келин бўлсаку яхши. Узоққа кетса, малакали даражага етказган мутахассиснинг ўрнига яна тўққиз ой давомида бошқасини тайёрлаш керак. Хуллас, кадрлар муаммосига дуч келяпмиз. Бу ёқда экспорт шартномалари кутиб турмайди.
Яқинда бир эркак келди, хотинимни чақириб беринглар, иш бор, олиб кетишим керак, дея тўполон қилди. «Балки у сенинг хотинингдир, лекин фабрикада у менинг ишчим. Иш вақти эса соат бешда тугайди. Бешдан кейин хотинингга эгалик қиласан, дея унинг шаштини қайтардим. Бунақа мисоллар жуда кўп.
Хуллас, аёллар ишлайдиган жойда қўнимсизлик масаласи долзарб ва бундай муаммолар ҳамиша бўлган, яна бўлаверади ҳам. Бунга кўникиш ва мослашиш талаб этилади.
Тушунганимиз шу бўлдики, Шаҳин Ўрхон — ҳақиқий бизнесмен, ишлаб чиқарувчи. Кўриниши ҳам, кийиниши ҳам оддий. Биздачи? Бизда бирон жойга раҳбар бўлган одам, энг аввало, кийимларини янгилайди, галстук тақади, виқор билан юришни ва гаплашишни истайди... Биз шундай яшаб, шундай ишлаб ўрганганмиз. Тепадаги ҳоким ёки юқори ташкилот ҳаммасини таъминлаб беришини кутиб ўтирамиз... Хуллас, иш юритиш тартибимиз эскирган, жудаям эскириб кетган.
Яна бир гап. Фабрика ҳисобчиси Баҳодир Тожибоев яқин кунларга қадар туман солиқ бўлимида ишлар эди.
— Ҳақиқий иш нима эканини шу фабрикага келгандан сўнг тушуниб етдим, — дейди Баҳодир. — Мажлис деган нарса йўқ. На фабрика ичида, на туман марказида. Югур-югур йўқ. Газ, сув, электр энергияси учун тўловлар, солиқлар тўхтовсиз онлайн тарзда тўлаб борилади. Банкка бориб, ишим битармикан, деб ўтирмайсиз. Ташкилотма-ташкилот югурмайсиз. Фақат ўтириб ишлашинг талаб этилади. Эрталаб соат саккиздан кеч соат бешгача. Кейин дамингни олавер.
Баҳодирнинг бу гапларида катта маъно бор. Бу нарсалар биз учун жудаям ноодатий. Биз уззукун мажлислардан бўшамаймиз. Кейин ўзимизни ишчан кўрсатиш мақсадида ярим тунгача ишлаган киши бўламиз. Ахир, ярим тунгача ишда юрган одам эртаси куни қандай ишлайди?!
Хуллас, мажлисларга ёмон ўрганганмиз. Ҳатто мажлис ўтказмаслик тўғрисида яна мажлис қиламиз. Бизнес қиламан деган одамга эса мажлис керак эмас. Айниқса, Шаҳин Ўрхон сингари шахсий, хусусий бизнес қилаётганларга, беш юзлаб қиз-аёлларни иш билан, иш ҳақи билан, иш шароитлари билан таъминлашни истайдиганларнинг бошини мажлислар билан гаранг қилиш мутлақо мумкин эмас...
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ, («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг