Бугун Туркияда мотам куни: 76 киши ҳалок бўлишига сабаб бўлган ёнғиннинг сўнги тафсилотлари. Шавкат Мирзиёев қардош халққа ҳамдардлик билдирди
21 январь куни Туркиянинг тоғ-чанғи курортида жойлашган меҳмонхонада содир бўлган ёнғиннинг сўнгги тафсилотлари очиқланди. Маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида 76 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақида BBC нашри маълумот берди.
Таъкидланишича, ёнғин Болу шаҳрида жойлашган ёғоч қопламали 12 қаватдан иборат «Гранд Картал» меҳмонхонасида содир бўлган. Воқеа вақтида меҳмонхонада бўлган 234 нафар инсонларнинг баъзилари чойшаблардан арқон ясаб, деразалар орқали қочишга эришган. Бир неча киши эса деразадан сакраш натижасида ҳалок бўлган.
Адлия вазирлиги хабарига кўра, ёнғинни ўчириш учун 12 соат вақт кетган. Мазкур воқеа юзасидан гумонланиб 9 киши, жумладан, «Гранд Картал» меҳмонхонаси директори ҳам ҳибсга олинган.
Шаҳар губернатори Абдулазиз Ойдиннинг баёнотига кўра, ёнғин ўчириш гуруҳи ҳамда машиналарнинг ноқулай об-ҳаво туфайли бир соат кечикиши натижасида ёнғинни ўз вақтида жиловлашнинг имкони бўлмаган.
«Меҳмонхонанинг расмий сайтидаги суратларда 2008 йилдаёқ ўрнатилиши керак бўлган автоматик ўт ўчириш тизими ўрнатилмагани кўриниб турибди», — дейилади Туркия касаба уюшмаси хабарида.
Ёнғиндан омон қолган одамларнинг сўзларига кўра, меҳмонхона биносидаги фавқулодда чиқиш йўлаклари талабга жавоб бермайди. Уларни қидириб топиш анча вақтни олади. Ҳалок бўлганларнинг катта қисми шу каби муаммоларга дуч келганлиги эҳтимоли юқори.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўзининг «Х»даги саҳифасида фожиа муносабати билан бир кунлик миллий мотам эълон қилинишини ҳамда Туркия байроғи чоршанба куни қуёш ботгунча ярим баландликка туширилишини маълум қилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга Туркиянинг Болу музофотидаги тоғ-чанғи курортида юз берган кучли ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан ҳамдардлик йўллади.
«Қардош Туркия етакчиси ва халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлатимиз раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — дейилади хабарда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг