Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Фармон Тошев таваллуд топган кун

Фармон Тошев 1954 йил 6 апрелда Пахтачи туманидаги Қарнаб қишлоғида туғилган. 1975 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган.
Меҳнат фаолиятини “Пахтачи” газетасида бошлаган. Таҳририятда бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари, вилоят радиосида катта муҳаррир, “Ўзбекистон овози”, “Инсон ва қонун” газеталарининг вилоятдаги мухбири бўлиб ишлаган. “Кўксарой”, “Регистон” газеталарини ташкил этган.
1998-2012 йилларда вилоят “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, 2012 йилдан буён “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Кўп йиллар Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси бўлган.
Фармон Тошев “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.
Қуйида адибнинг ижод намуналаридан бирини тақдим этамиз.
Мулки борлиққа замин, сув бирла қуёш эҳтиёж,
Бил, сафар чоғи мусофирларга йўлдош эҳтиёж.
Аҳли ночор қилча мушкулда ожизлик майл этур,
Сабри йўқ, йўқ тоқати, бир томчи кўзёш эҳтиёж.
Умри фонийда музаффар бўлгали инсон учун,
Кўп эмас: сабру қаноат ҳамда бардош эҳтиёж.
Дуч келур одамга дардинг айлама ошкор сира,
Аҳли оқилга мудом дўст – битта сирдош эҳтиёж.
Сен меҳр бирла мурувват кўрсатурга айла шаҳд,
Нокасу беиқтидорда отгали тош эҳтиёж.
Бефаросатли кишига амри маъруф бесамар,
Бундайин касларга доим ғалва, авбош эҳтиёж.
Фармоно, хулқинг гўзал, байтинг гўзал бўлсин, аё,
Эл сезур назминг аро сўзга наққош эҳтиёж.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг