Бугун ўзбек тили компьютер, техника тили эмас, таълим тили ҳам эмас, ҳатто амалиётда кўряпмиз, қонун тили ҳам эмас — А.Қодиров

15:59 16 Апрель 2021 Жамият
2005 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Маълумки, тил тўғрисидаги қонун 1989 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган йиллар давомида унга бир неча бор таҳлилий ўзгартиришлар киритилди ва янада такомиллаштирилди. Бугунги кунга келиб эса халқимизнинг Она тилимизга бўлган муносабати, талаби кескин ўзгарди. Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси тайёрланди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси бугунги талаб ва эҳтиёж ҳамда партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, бу борада бир неча таклифларни илгари сурмоқда. Жумладан, давлат хизматларида ишлаётган ходимлар давлат тилини билиши, жисмоний ва юридик шахслар давлат органлари ва муассасаларга давлат тилида мурожаат қилиши шарт. Бошқа тильдаги мурожаатларда эса, давлат тилидаги таржимаси илова қилинади. Шу билан бирга мурожаатларга давлат тилида жавоб қайтарилади. Суд ишлари давлат тилида ва қорақалпоқ тилида юритилади.

Фракциянинг энг муҳим таклифларидан бири бу таълим тилини танлаш билан боғлиқ масаладир. Конституциясида мамлакатимизда яшаётган барча фуқароларга ўз она тилида таълим олиш ҳуқуқи берилган. Партия шу ҳуқуқни сақлаб қолган ҳолда, ўзбек фуқаролари бошланғич таълимни ўз она тилида олиши шарт деган таклифни илгари сурмоқда.

Йиғилишда қонунга масъул қўмита вакили «Миллий тикланиш» томонидан билдирилган айрим таклифларга эътироз билдирди ва бу фракция аъзоларининг кескин норозилигига сабаб бўлди.

– Биз ҳозир 90 фоиз ўзбек тилида гаплашувчиларни бир четга суриб, 10 фоизли бошқа миллатли ватандошларимиз ҳуқуқига кўпроқ эътибор беряпмиз, унда ўзбек тили қачон ривожланади, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров. – Бугун ўзбек тили компьютер, техника тили эмас, таълим тили ҳам эмас, ҳатто амалиётда кўряпмиз, қонун тили ҳам эмас. Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашдан мақсад тилимизни ривожлантириш эмасми?

Қарийб икки соатлик тортишувларда сўнг фракция аъзолари ўз таклифларида қатъий туришини, акс ҳолда қонун лойиҳасига қарши овоз беришини маълум қилдилар ва лойиҳани иккинчи ўқишда тасдиқладилар.

Депутатлар йиғилиш кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳаларини ҳам партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?