«Бугун бутун дунёда неолиберализм ўлди» — Дональд Трампнинг янги божлар тўғрисидаги қарорига халқаро ҳамжамият қандай муносабатда?

Фото: Reuters
АҚШ миллий хавфсизликка таҳдид соладиган савдо мувозанати туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди.
«Ушбу таҳдиднинг манбаи АҚШдан ташқарида, асосий савдо ҳамкорларининг ички иқтисодий сиёсатида ва глобал савдо тизимидаги таркибий номутаносибликларда ётади. Шу билан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қиламан», – деди президент Дональд Трамп.
Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг бошқа давлатлар билан савдосида «ўзаро келишув йўқлиги» мавжуд. Мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорлари билан иқтисодий алоқалар «айниқса сўнгги йилларда ўта мувозанатсиз» бўлиб қолган.
Шу ўринда Трамп 185 та давлатдан импорт қилинадиган маҳсулотларга бож жорий қилганини билдирди. Асосий ставка 10 фоизни ташкил қилади. Ҳар бир мамлакат учун қўшимча тўловлар қўлланилади. Хусусан, Европа Иттифоқи товарлари америкаликлар учун 20 фоизга қимматлашади. Ўз навбатида, Оқ уй раҳбари тарифлардан тушган маблағни давлат қарзини тўлаш учун ишлатишга ваъда бермоқда.
«Энди навбат гуллаб-яшнаш ва триллионлаб долларларни солиқларимизни камайтириш ва давлат қарзимизни тўлаш учун ишлатамиз ва буларнинг барчаси жуда тез содир бўлади», – дейди у.
Дональд Трамп давлатлар томонидан АҚШ товарларига юкланган божлар ва Вашингтоннинг жавоб чоралари санаб ўтилган жадвални кўрсатди. Бундан буён ушбу мамлакатлар маҳсулотларига ярим бож тўланади. Энг юқори тарифлар Камбоджа (49 фоиз), Вьетнам (46 фоиз), Таиланд (36 фоиз), Хитой (34 фоиз), Тайван (32 фоиз) ва Жанубий Африка Республикаси (30 фоиз)га қўлланилган.
«Агар сиз тариф ставкангиз нолга тенг бўлишини истасангиз, ўз маҳсулотингизни айнан шу ерда, АҚШда ишлаб чиқарасиз», – дейди Трамп.
Рўйхатга Россия, Беларусь, Эрон, Канада ва Мексика киритилмаган. АҚШ молия вазири Скотт Бессент айрим давлатлар ушбу рўйхатда йўқлигини, санкциялар туфайли АҚШ улар билан савдо қилмаётгани билан изоҳлаган.
АҚШ президентининг рўйхатида Марказий Осиё давлатлари ҳам жой олган. Хусусан, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон маҳсулотларига 10, Қозоғистон маҳсулотларига эса 27 фоизлик бож қўлланилади. Собиқ Иттифоқ мамлакатларидан Молдова маҳсулотларига 31, Арманистон, Озарбайжон ва Грузия маҳсулотларига 10 фоизлик бож жорий этилган.
Эътиборлиси, рўйхатда Тинч океанидаги ҳеч яшамайдиган Ҳерд ва Макдональд оролларига ҳам мажбурият юкланган. Австралияга тегишли бўлган бу ҳудудда ҳатто ўсимликлар ҳам ўсмайди ва фақат пингвинлар яшайди. Америка раҳбари ушбу ҳудуддан қайси товарларга 10 фоизлик бож жорий этишга қарор қилгани аниқ айтилмаган.
Тарифларни бекор қилишнинг йўли бор…
Трамп, шунингдек, импорт қилинадиган енгил автомобиллар, енгил юк машиналари ва автомобиль эҳтиёт қисмларига 25 фоизлик божлар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
АҚШ етакчиси тарифлар ҳақида унга қўнғироқ қилиши мумкин бўлган давлат раҳбарларига қуйидагича маслаҳат берди: «Барча хорижий президентлар, бош вазирлар, қироллар, қироличалар, элчилар ва келгусида қўнғироқ қилиб, ушбу тарифлардан озод қилишни сўрайдиган барчага айтаман: ўз тарифларингизни олиб ташланг, тўсиқларингизни олиб ташланг»
Халқаро ҳамжамият қандай муносабатда?
Хитой АҚШ томонидан жорий қилинган тарифларга жавоб беришига ишонтирмоқда. Хитой Савдо вазирлиги Трампнинг қарори икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли савдо музокаралари давомида эришилган манфаатлар мувозанатини инкор этишини қайд этди.
«Хитой бунга қатъиян қаршилик қилади ва биз ўз ҳуқуқ ва манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун қатъий қарши чоралар кўрамиз», дейилади вазирлик баёнотида.
Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, Европа Иттифоқи АҚШ билан тарифлар бўйича музокаралар олиб боришга тайёр ва келишувга эришиш учун ҳали кеч эмас.
«Шу билан бирга, биз жавоб беришга тайёрмиз… Агар бизнинг манфаатларимиз ва бизнесимиз муваффақиятли бўлмаса музокаралар учун кеч эмас”, дейди у.
Маълумот ўрнида йтиб ўтамиз, АҚШ Европа Иттифоқи давлатларидан импорт қилинадиган товарлар учун 20 фоизлик божхона жорий қилган. Европа комиссари Марош Шефчович америкалик ҳамкорлар билан доимий алоқада бўлиб турибди.
Ляйеннинг қўшимча қилишича, АҚШ томонидан эълон қилинган универсал тарифлар бутун дунё бўйлаб бизнес ва истеъмолчилар учун жиддий зарбадир.
Жанубий Корея президенти вазифасини бажарувчи ва бош вазир Хан Дак Су пайшанба куни ҳукуматга АҚШнинг Жанубий Корея импортига 25 фоизлик божлар жорий этишини эълон қилганига жавобан барча чораларни кўришни буюрди ва вазиятни «ўта жиддий» деб деди.
«Глобал тарифлар уруши яқинлашаётгани сабабли вазият ўта оғирлашмоқда, ҳукумат ушбу савдо инқирозини бартараф этиш учун барча имкониятларни ишга солиши керак», – деди Хан Дак Су Молия вазири Чхве Сан Мок, саноат вазири Ан Док Кин ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар иштирокида иқтисодий ва хавфсизлик стратегияси бўйича ишчи гуруҳининг фавқулодда йиғилишида.
Президент янги тарифларнинг тафсилотлари ва оқибатларини корхоналар билан биргаликда синчковлик билан таҳлил қилиш, мамлакатга етказиладиган зарарни минималлаштириш мақсадида АҚШ билан музокараларда фаол иштирок этиш бўйича топшириқлар берди.
Колумбия президенти Густаво Петро АҚШнинг барча импортларга тарифлар жорий этишини мумкин бўлган хато деб атади. Унинг таъкидлашича, бу глобал эркин савдо даврининг тугашини кўрсатади.
«Бугун бутун дунёда эркин савдо сиёсатини эълон қилган неолиберализм (нархларни назорат қилишни олиб ташлаш, капитал бозорларини тартибга солиш, савдо тўсиқларини камайтириш – таҳр.) ўлди. Бу экстремал мафкурага ёпишишда давом этаётганлар, тушуниб олсинки, улар мурдага ёпишиб олган», – дейди Петро. Унинг қўшимча қилишича, Колумбияда кўпроқ иш ўринлари пайдо бўлишига олиб келадиган тарифлар пасайтирилади ва мамлакатда жуда кўп иш ўринларини йўқотадиган тарифлар оширилади.
Гватемала иқтисодиёт вазирлиги АҚШ импорт тарифлари Марказий Америка Доминикан Республикаси – Марказий Америка эркин савдо шартномаси (DR-CAFTA)ни бузаётганини билдириб, дипломатик мулоқотга чақирди.
DR-CAFTA Коста-Рика, Доминика Республикаси, Эл Сальвадор, Гватемала, Гондурас, Никарагуа ва АҚШ ўртасида ташкил этилган. Вашингтон савдо битими тарафи бўлган ушбу мамлакатларга 10 фоизлик бож жорий қилди. Никарагуа бундан мустасно бўлиб, ушбу давлатга кўрсаткич 18 фоиз белгиланди.
Гватемала ҳукумати АҚШ қарорининг тўлиқ оқибатларини баҳолаш учун расмий ижро фармони эълон қилинишини кутаётганини ва уни амалга ошириш имкониятларини ўрганаётганини айтди. 2024 йилда Гватемаланинг АҚШга экспорти 4,61 миллиард, АҚШдан импорт эса 10,54 миллиард долларни ташкил этди.
«АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан жорий этилган янги тарифлар катта эҳтимол билан бошқа иқтисодларга зарар етказади, бироқ бу миллий манфаатлар глобалистик муносабатлардан устун турадиган протекционизм даврининг бошланишидан далолат беради», – дейди аргентиналик таҳлилчи Кристиан Ламеса.
Унинг қўшимча қилишича, ушбу тариф сиёсати АҚШ саноати ва меҳнатини ҳимоя қилишга қаратилган, аммо у Қўшма Штатларнинг катта қарзи билан боғлиқ бошқа мақсадларни яшириши мумкин.
Россиялик сенатор Алексей Пушков, Трамп Гиперамерикани яратишга ҳаракат қилмоқда, бироқ барбод бўлиши мумкин, деб тахмин қилди.
Унинг таъкидлашича, Оқ уйнинг тарифлар бўйича қарорлари, Эронни бомбардимон қилиш таҳдиди, Канада, Гренландия ва Панама каналини аннекция қилиш ниятлари, шунингдек, Украинанинг деярли барча фойдали қазилма конлари ва атом электр станцияларини қўлга киритиш истаги жуда катта.
«У бир вақтнинг ўзида курашиши керак бўлган ҳалқалар жуда кўп. Буни уддалай олмасингиз мумкин», дейди сиёсатчи.
Ўз навбатида, Трампнинг сўнгги баёнотидан сўнг, унинг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиш даражаси рекорд даражага – 43 фоизга тушиб кетди.
Респондентлар унинг АҚШ иқтисодиётини бошқариш ва юқори инфляцияга қарши курашдаги фаолиятини салбий баҳолади. Яъни Оқ уй раҳбарининг ҳаракатларини уларнинг мос равишда атиги 37 ва 30 фоизи маъқуллаган. 52 фоизи эса Трампнинг бошқа мамлакатлар товарларига бож киритиш сиёсатига қарши чиққан.
Фазлиддин АБИЛОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг