Бу ўлкада ҳар нарса бордир

08:15 20 Февраль 2025 Жамият
147 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Оташқалб шоир Ҳамид Олимжоннинг шундай дилбар сатрлари жаранглаб турган «Ўзбекистон» деган гўзал шеъри ўқувчилик пайтимиздаёқ юрагимиздан чуқур жой олган. Эҳтимол, юртга, Ватанга меҳр-муҳаббат шундай мисралар сеҳри билан дарё каби оқиб киргандир биз тенги авлодлар қалбига. Байрамларда кўксимизни қабартириб:

Бу ўлкада ҳар нарса бордир,

Кўрмаганлар доим хумордир! — дея қўшиқ қилиб куйлаганларимиз ҳам ҳеч эсимдан чиқмайди.

Орадан кўп сувлар оқиб — оқ-қорани таний бошлаганимиздан кейин билдикки, чиндан ҳам бу ўлкада йўқ нарсанинг ўзи йўқ экан!

Ҳар қадами пахта, чорва, ғалла, пилла, боғ-роғлар макони; замини хазиналар бўстони экан Ўзбекистон. Фақат ўзимиз яхши билмас эканмиз жавоҳирот боғида яшаётганимизни. Очилмаган қўриқ экан она юртимиз! Мана, масалан, Жиззах.

1

Ҳамид Олимжон каби дилбар шоирларнинг бешигини тебратган, Шароф Рашидовдек алломани опичлаб катта қилган бу ажиб диёрнинг тарихи улкан бир достон. Птолемей, Плутарх, Плиний, Юстин, Драйзен, Дионист, Наршахий деган улуғ алломалар унинг ёшини Римга тенгдир деган бўлсалар; бошқа мозийшунослар милодий 400 йилларда Чоч, Суғдиёна, Фарғона музофоти оралиғидаги заминда Уструшона номли давлат бўлгани, Дизак (Жиззах) мазкур давлатнинг энг йирик шаҳрига айланганини ёзиб қолдирган.

Бошқа бирлари эса милодий йил ҳисобининг III — V асрларидан бошлаб, саккиз юз йилдан ошиқроқ вақт мобайнида Уструшона ер юзида барқ уриб яшнаган давлатлар қаторида тургани; бир ёғи Хўжанддан Фориш тоғларига, бир ёғи Чиноздан қозоқ чўлларига қадар чўзилган Уструшона то араб истилосига қадар умумжаҳон савдо тармоғида ҳам жуда муҳим ўрин эгаллаганини таъкидлаган. Ибн Ховқал, Ибн Хордадбек, Низомулмулк сингари алломаларнинг асарларида, хитойликларнинг 500 — 600 йилларга оид «Суй давлатининг тарихи», «Тан давлатининг тарихи» китоблари ва 629-630 йилларда Ўрта Осиёга сафар қилган Чин юртининг сайёҳи Сюан Сзяннинг маълумотларида эса Уструшона Сўғддан Фарғонага олиб борувчи йўл устида жойлашгани ва шу ерда йўл иккига ажралиб, бири Фарғонага, иккинчиси Шош ва Илоққа олиб боргани боис мазкур қўрғон юксак эҳтиромларга сазовор бўлгани таърифланган. Алқисса, тарихдан сўз кетса, гап тугамайди. Булар, албатта, жуда муҳим гаплар. Лекин, энг муҳими, қўшиқларда куйланганидек, Жиззахнинг ҳар сиқим тупроғи олтинга, ҳар ҳовуч суви зарга, ҳар гиёҳи юз дардга шифо эканидадир. Ҳатто, Менделеев деганларнинг жадвалига кирмаган маъданлар ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Озроқ маҳобат қиладиган бўлсак, ярим дунёни гуллатиб-яшнатишга етиб-ортади ундаги жавоҳирлар.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Шундай хазиналарнинг бири — Фориш базальт кони бўлса, иккинчиси «Учқулоч» қўрғошин-рух конидир.

Базальт, дегани аслида тошнинг бир тури. Бироқ ҳамма тошдан ҳам базальт толаси чиқавермайди, сифатли маҳсулот олиш учун тош қилдек юпқа кимёвий бирикмаларга эга бўлиши керак. Бундан минг-минг йиллар олдин вулқонларнинг отилиши натижасида пайдо бўлган Фориш тошларига Худойим ана шундай нодир фазилатлар ато этган. Марказий Осиёда бунақаси йўқ.

Аммо, не кўргиликки, юз йиллар давомида ўзимизнинг бойлик ўзимизга насиб этмади. Ҳув, шимол томонларда эди унинг хўжайинлари. Фақат бу эмас, Ўзбекистондаги жамики бойликларнинг эгалари эди ўшалар. Биз ҳаққимизни талаб қилиш тугул айтишга қўрқардик. Келажагимиз куйиб кетмасин, деб қўрқардик. Ичимиздаги ичимизда қолиб кетарди. Юз йиллар қўрқдик. Тилимизни тишладик. Аламимизни ютдик. Кесак чайнасак чайнадик, аммо ҳақимизни сўрай олмадик. Қўрқмаганларнинг бошига 1916 йили қандай жафолар тушганини кўрдикда... Жиззах қонга беланди. Ариқлар қонга тўлди. Кўчаларда қип-қизил қон оқди. Ўз ваҳшийликларини кўрган жаллодларнинг ўзлари ҳам титроққа тушди. «Мен Кавказ, Қрим қўзғолонларининг бостирилишига гувоҳман, — деган эди Оқпошшонинг Покровский деган зобити. — Аммо Жиззахдагидек тўкилган қонни ҳеч қаерда кўрганим йўқ».

Шўролар замонида қароқчилар баттар қутурди. Улар нафақат бойлигимизни талади, балки тинчимизни, дилимизни, тилимизни, хотирамизни, эркимизни, ғуруримизни, кечмишимизни, имон-эътиқодимизни, миллий шаънимизни оёқости қилди. Миллатини, Ватанини севганлар йўқ қилинди. Дунёга машҳур олим, ер қаъридаги сир-синоатларни билгувчи заковатли зот, академик Ҳабиб Абдуллаев минглаб элпарварларнинг биттаси эди. У қароқчиларнинг асл ниятларини кечроқ англаб, хатоларини тузатишга киришади. Айтишларича, у босқинчиларнинг олтин конларимизни ташиб, талаб кетаётганларини кўрганидан кейин «Мурунтовни очиб адашдим», дея алам билан кўкрагини чангаллаган экан. Юртимиздаги бошқа конларни яширгани учун Ўзкомпартиянинг ўша пайтдаги Титов деган иккинчи котибининг хуфиёна буйруғи билан шифохонада ётган Ҳабиб Абдуллаев 47 ёшида заҳарлаб ўлдирилди. Ўзбек яна бир беназир фарзандидан жудо бўлди.

Қандай қора кунларни кўрди, не-не алломаларидан, ботирларидан, асл фарзандларидан айрилди бугунги манзилга етиб келгунича ота-боболаримиз.

Мушкулотлар, муштумзўрликлар, адолатсизликлар шу замин фарзанди, Жиззахнинг Зомин қўрғонида туғилиб ўсган Шавкат Мирзиёевга беш қўлдай аён эди, албатта. Давлат раҳбари бўлиб сайланганидан сўнг ўтмиш яраларини даволаш, эл-улус дастурхонини тўкин қилишдек буюк вазифа елкасига тушган Президент мақсадга эришмоқ учун энг аввало, саноатни ривожлантиришга эътибор қаратди. Жиззах, хусусан, Фориш кони нафақат Жиззах, балки бутун республика иқтисодиётида карвонбоши бўлиши мумкин. Зеро, ҳозирги замонда коинотдан тортиб то оддий арматурагача «базальт» дейилмиш ноёб хомашёсиз «нафас» ололмайди. Ҳамма муҳим тармоқлар: сув иншоотлари, ҳарбий саноат, учоқсозлик, кемасозлик, метро, темир йўл, йўллардаги кўтармалар, кўприклар, деярли барча қурилиш соҳалари учун базальт бамисоли нон каби азиз. Базальтдан тайёрланадиган арматура, композит сетка, фабривалка темирникига нисбатан қирқ фоиз арзон, ўн марта енгил, мустаҳкам, зангламайди, иссиққа бардошли, ҳатто, Цельсий бўйича уч минг даражагача чидайди, экологик тоза.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Шу боис Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига сайланган биринчи кунлардаёқ Жиззахга келди. У кишининг ташаббуси билан 2017 йили «Basalt Uzbekistan» саноат кластери ташкил этилди. Мудроқ тоғу тошлар маконида ҳаёт уйғонди. Қудратли машиналар ишга тушди. Баҳайбат харсанглар майдаланиб, соч толасидан 5 баробар ингичка ипакдек майин толаларга айлантирилиб, лофи билан юз хил қимматбаҳо қурилиш материаллари тайёрлаш имкони пайдо бўлди. Бугун кон ҳудудида лойиҳа қиймати 498 миллион евро бўлган 7 та завод фаолият кўрсатмоқда. Улар Германия, Франция, Италия, Чехия каби давлатлардан келтирилган энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган. 2 мингга яқин кишиларнинг қора қозони қайнаб турибди.

Конда 2024 йилнинг ўзида 800 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди, уларнинг 85 фоизи АҚШ, Буюк Британия, Полша, Италия, Чехия, Туркия, Бельгия, Индонезия, БАА, Россия, Грузия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига экспорт қилинди.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу ерда 5 миллион кубдан зиёд базальт тоши мавжуд. Бу бир эмас, яна 4-5 та завод қурилса ҳам захира ўн асрга етиб ортади, деганидир.

Энди икки оғиз сўз «Учқулоч» қўрғошин-рух кони ҳақида. Фориш, Нурота тоғ тизмаларининг шимолий қисмидаги Хонбанди ва Учқулоч қишлоқларига туташ бу кон ўтган асрнинг 80 йилларида фаолият юритган, лекин сўнгги 20 йилда тўхтаб қолган эди. Президент саъй-ҳаракати билан «Учқулоч» ҳам қайта тирилди. Воқеа 2023 йилнинг 10 февралида юз берди. Шу куни Ўзбекистон Президентининг Жиззах вилоятига қилган ташрифи доирасида «Учқулоч»ни тиклаш учун турк инвесторлари билан шартнома имзоланди, лойиҳа доирасида қиймати 200 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция жалб этилди. Орадан икки ой ўтиб-ўтмай, ўша йилнинг 12 апрелида «Учқулоч» полиметалл конини комплекс ўзлаштириш» инвестициявий лойиҳасини амалга оширишга старт берилди. Бу кон йилига 5 миллион тонна металл маъданни қайта ишлайди. Содда қилиб айтганда, худди гуручдан курмакни ажратгандай, тошдан қўрғошин, рух, мис ва кумушни ажратиб беради.

2

Одатда, Жиззах деганда, кўпчиликнинг кўз олдига дастлаб еру жаҳонни гулдуратиб томдай-томдай тошларни майдалаётган бульдозеру қудратли машиналар ёки чанг-тўзонли конлару замонавий саноат корхоналари эмас, балки уфқларга туташ бепоён пахтазорлар, олтинранг ғаллазорлар, пасту баланд тоғларни ям-яшил кўрпадай қоплаб ётган арчазорлар, саратон қуёшида тандирдай қизиган чўллар, йироқ-йироқларда у ёқдан-бу ёққа кўчиб юрган сурув-сурув сароблар келади. Булардан сўнг донғи етти иқлимга кетган Жиззах сомсалари, чўққиларидан қишин-ёзин қор аримас Ойқор тоғи этакларидаги турнакўз булоқлар, ҳосилини кўтаролмай шохлари эгилиб кетган Бахмал олмазорлари ҳамда ўзига хос тарзда тайёрланадиган Зомин тандири, қозон патири, Фориш кулчатойи, «ҳўкиз тили», Ғаллаорол ғилминдиси, қоринёғи, Арнасойнинг қатиғию, қаймоғи...

Марказий Осиёдаги энг узун Зомин «Дор йўли», «Бахт кўприги», Бахмалнинг 2 минг йиллик арчалари ҳам шу заминда — Жиззахда.

Бизнинг ҳикоя эса гўё томдан тараша тушгандай саноатдан бошланиб кетди. Нега? Негаки, юқорида эслаганимиздек, муборак заминимиз хазиналарини ҳали-ҳануз яхши билмаймизда... Ваҳоланки, Ўзбекистондаги оҳак конларининг 50, базальтнинг 33 фоизи Жиззахга тегишли. Вольфрам, олтин, кумуш темир конлари ҳам бисёр. Автомобилсозлик эса...

Жиззахда ҳозир «KIA», «CHERY», «HAVAL», «TRACKER», «ONIX» русумли енгил автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. «ADM Jizzakh» МЧЖда қисқа вақтда 19,3 триллион сўмлик 58 мингдан ортиқ автомобиллар тайёрланди. «BYD Uzbekistan Factory» қўшма корхонаси эса 160 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичи бўйича илк электромобиллар ишлаб чиқара бошлади. Завод йилига 50 минг дона электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга. Давлат раҳбари конвейердан чиққан биринчи электромобилга имзо қўйиб, хайрли ишга «Оқ йўл!» тилаганидан сўнг «Chazor» ва «Song Plus Champion» моделидаги юзлаб «учқур от»лар белни маҳкам боғлаб, эл хизматига киришиб кетди. Қиймати 300 миллион долларлик иккинчи босқичда электромобиллар сонини йилига 200 минг донага, 500 миллион долларлик учинчи босқичда 500 минг донага етказиш кўзда тутилган. Иккита йирик автомобиль заводининг дунёга келиши 4 мингга яқин аҳолини иш билан таъминлади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

«ADM Jizzakh» ва «BYD» автомобиль заводларида ҳадемай 1 йилда 100 мингтагача авто ва электромобиллар ишлаб чиқарилади. Диққат қилинг, бу ўзгаришлар Жиззахда — бир вақтлар омоч тишини ҳам четдан олган заминда юз бераётир!

Энди соҳага доир ривожланишларнинг рақамлардаги кўринишларига эътибор қаратамиз: вилоятда саноат корхоналари сони 2017 йили 1676 та эди. Бу рақам 2024 йилга келиб 5150 тага етди. 2017 йили саноат корхоналарида 341 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилар эди, 2024 йилга келиб уларнинг сони 1100 тадан ошди. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажми шу йиллар ичида 2,5 триллион сўмдан 23,1 триллион сўмга кўпайди. Ва Президентимиз образли тарзда ифодалаганларидек, Жиззах — Ўзбекистоннинг Детройти (АҚШ)га айлана бошлади.

Сўнгги беш йилда қайта ишлаш саноатининг ҳажми 1,6 баробар ўсиб, ўтган 2024 йилнинг ўзида 19 триллион сўмни ташкил қилгани; экспорт ҳажми 2,2 баробар ортиб, 202 миллион долларга ошгани; чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони 260 тага етгани; агар 2024 йилнинг 7 ойида республика бўйича Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жами 23,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, шунинг 7,7 триллион сўми ёки 30 фоизи айнан Жиззах вилояти ҳиссасига тўғри келгани каби рақамлар ҳам бу замин чинданда ҳали очилмаган қўриқ, салоҳияти эса осмон қадар бепоён эканидан далолат беради.

3

Рақамлар... Улар жуда катта қийинчиликлар эвазига пайдо бўлади, машаққатли меҳнат туфайли кўпаяди; минг-минглаб инсонларнинг пешона тери, қалб қўри мужассам бўлади ҳар битта рақамнинг жисму жонида. Шу боис кўп ўжар бўлишади рақамлар. Қор ёғса ҳам, дўл ёғса ҳам ҳақиқатни сўзлайди, ўзларидан қўшмайди, бировларни чалғитмайди, кимгадир ёқайин деб ёлғон гапирмайди. Эли уйғонган, эли бирлашган, эли уюшган — уюшиб олдга интилган маконлардагина рақамлар ўсади, ўсиб-улғаяди, азамат чинорларга айланади. Азамат чинорларнинг вояга етиши эса ҳеч қайси замонда, ҳеч қайси томонда, ҳеч қайси маконда ҳеч қачон осон кечган эмас.

Ҳозиргина иккита автомобиль заводининг ишга туширилиши туфайли 4 минг одам ишли бўлганини гапирдик. 4 минг одам — бу 4 минг оила, 4 минг оиланинг ҳар бирида иккитадан бўлса 8 минг, уч-тўрттадан бўлса 20 мингдан зиёд ўзбек фарзандларининг мушкули осон, бахти тўкис бўлди, деганидир. Баъзан муштдайгина оиланг бошини қовуштиришга кучинг етмайди. Ёхуд ўз болангни йўлга сололмай азобланасан. Энди битта қишлоқ, туман, шаҳар ёки вилоят эмас, бутун бошли мамлакатни ишонтириш, уйғотиш, курашга чорлаш орқали паҳлавон рақамларга эга бўлиш нималигини бир ўйлаб кўринг! Айниқса, бизни — азал-азалдан бўйин томири йўғонроқ, ҳам полвон, ҳам ўжар, ҳам тўғрисўз, ҳам дангалчи ўзбекларни; ясама сиполикни, юмшоқ муомалани хуш кўрмайдиган, сохтакорлик кўчасидан ўтмаган, танти, жўмард, «меҳмон отангдек улуғ» маталига амал қилувчи, қўли очиқ, бағри кенг, валломат ўзбекларни қовуштириш... Бундай табиатли кишиларни ишонтира олсанг, хитойликлар айтганидек: «Кучли оловда ҳўл ўтин ҳам ёнади, жасур армияда қўрқоқ ҳам жангга киради». Бундан 8 йил муқаддам бутун Ўзбекистон халқи қаторида Жиззах аҳли руҳониятида ҳам худди шундай эврилиш юз очди. Мамлакат раҳбарининг она юртига кетма-кет қилган ташрифлари, ташрифларда ўртага ташлаган ташаббуслар элни қўзғатди: эранлар эранларга қўлдош бўлдилар, мардлар мардларга қурдош бўлдилар, ҳар жабҳада олдинга интилгувчилар кўпайди, олдиндагилар орқадагиларга кўприк бўлдилар, ноаҳиллар аҳил бўлдилар, ғийбат камайди, беғайратлар камайди, бекорчилар камайди, ишсизлар камайди, дарёлар сувга тўлди. Қобилиятга яраша меҳнат қилиш жамият аъзоларининг одатига, ҳаётий эҳтиёжига айланди. Кўнгиллар аста-аста ғамгинлик, муҳтожлик деган фалокатлардан халос бўлиб, тараққиётнинг муборак дарвозалари бирин-кетин очилди — очилаверди.

Шоирона айтганда, чанқаган одам сувни қанчалар ютоқиб симирса, жиззахликлар ишга ана шундай ташналик билан ёпирилдилар. Шижоатли қалблардан фаввора янглиғ отилиб чиқаётган «Биз енгамиз!» деган ҳайқириқлар тоғу тошларда акс садо берди. Ғалабалар юраклар тубида жаранглаётган «Ура-ура!»ларга уланди. Ахир «Ура!» ҳам бегона эмас — ўзимизники — туркча «У-ра-ур!» сўзидан олинганда!» Жиззах ўғлони, «босмачилар» — босмачи эмас, Ватан озодлиги учун босқинчиларга қарши жанг қилган ватанпарварлар эканини ўзбек адабиётида биринчи бўлиб тасвирлаган ардоқли адиб Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) ўзининг «Ойнур» романида «Ура!» калимасига таъриф бераркан, «Салжуқли турклар тоғ ораларидан, даралардан, пистирмалардан чиқиб «Ур, У-ра-ур!» дея ҳайқириб, салбчиларга човут солганлар. «УРА!» сўзи кейин-кейин Оврупога кириб борган», дейди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Бугун, орадан 7-8 йил ўтганидан кейин, ўша дамлардаги «Ура!»ларни эслаган киши ҳеч шубҳасиз, эврилишлар қошида фахр туяди, ғурурланади, томирларида оқаётган қон беихтиёр тезлашиб кетаётганини сезади, юраги гупуллаб ура бошлайди.

Тангри қўллови, Президент журъати билан Ўзбекистоннинг барча ҳудуди сафида Жиззах ҳам қаддини ростламоқда, мўътабар марраларни эгалламоқда. 2017 — 2024 йиллар орасидаги ўзгаришларни таҳлил қилган, ўжар рақамларни бир-бирига таққослаган кишига бу манзара кўзгу каби аниқ кўринади.

4

2017 — 2024 йиллар... Шу йилларда аҳли дунё бошқаваттан кўрди, таниди Ўзбекистонимизни. «Янги Ўзбекистон» пайдо бўлди Ўзбекистонда. Янги Ўзбекистонда учинчи Ренессанс пойдеворининг биринчи ғиштлари қўйилди. Президентнинг куну тун излангани, тиниб-тинчимаслиги, бошқаларни ҳам тинчитмаслиги, ҳаммани ижодкорликка чорлаши қалбларда шижоат қўзғатиб, халқни ўз сўзига ишонтиргани натижасидир бу ғалабаларнинг ҳаммаси.

Давлатнинг обрўйи Президентнинг обрўйи, Президентнинг обрўйи давлатнинг обрўйидир, дейишади донолар. Давлат ва Президентга чин эҳтиром эса айтилган сўзни, берилган ваъдани, чиқарилган қарорларни бекаму кўст адо этишда кўринади. Мабодо, ваъдага вафо қилинмаса, Шарқ мақолларида айтилганидек:

«Сувга солсам, кўтармас мисқол темирни,

Олтин билан олиб бўлмас қолган кўнгилни».

Шундай. Сўзига вафо қилмаган киши бошқаларнинг кўнглини ҳеч қачон, ҳеч нарса билан ололмайди!

Чунки:

Янгисин оларсан эскирса рўмол,

Кўйлак янгиланар кетса оҳори.

Аммо обрўничи, асра жон мисол,

Обрў сотилмайди, йўқдир бозори.

Ўзбекистон Президентининг азиз Ватанига содиқлиги, фидойилиги, элсеварлиги боис, албатта, йиртиқ-ямоқларимиз бутланиб, камчиликлар тугамоқда, дастурхонимизда ноз-неъматлар кўпаймоқда, юрт сарҳадлари обод бўлмоқда, ишларимиз жаҳондаги дўстларимиз эътирофига муносиб кўрилмоқда.

Шеърият султони Алишер Навоий ҳазратлари таъкидлаганидек, «Кимки истаса, салтанат саходир анга шарт, Ҳар ваъдаки айласа, вафодир анга шарт».

Хўш, Жиззахда ваъдага вафо қандай? Манзара мисолларда аксланади, мисоллар фактлар ва рақамларда тасдиғини топади. Демак, яна мисол ва рақамларга мурожаат қиламиз. Улар жуда кўп, улар жуда салмоқли, уларнинг ҳаммасини санайдиган бўлсак... Ҳар жойда, ҳар хил сўзларни ўйламай-нетмай гапириб юрадиган, пашшадан фил ясашга ишқибоз айрим «биродари азиз»ларимизнинг асаби ўйнаши мумкин. Шу андиша билан энг муҳимларини тилга оламиз:

Ўзбекистон Президенти 2017 йилдан буён Жиззах вилоятига расман 9 маротаба ташриф буюрди. Ҳар ташрифдан сўнг ҳудудда янги-янги булоқлар кўз очди — янги корхоналар, заводлар ишга тушди, уйлар, мактаблар қурилди. Қишлоғу шаҳарларга тиниқ ҳаволар, гўзал наволар кирди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Масалан, 2017 йилги ташрифдан кейин Зафарободда нефтни қайта ишлаш заводига, «Жиззах» эркин иқтисодий зонасидаги шиша маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Ming Yuan Sily industry» корхонасига, Жиззах шаҳридаги «SILK EXPERT processing» хом ипак етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонасига тамал тоши қўйилди.

Форишнинг Эгизбулоқ қишлоғида Буюк Британиянинг «Leigh Barrier LLP» компанияси билан ҳамкорликда «Мега инвест индустриал» масъулияти чекланган жамият шаклидаги композит арматураларни ишлаб чиқариш заводи, Ғаллаорол туманида «Marjon global» доривор гиёҳларни қайта ишлаш корхонаси, Зомин туманида «Зомин-Фарм» корхоналарига асос солинди. «Обод қишлоқ» дастури асосида Дўстлик туманидаги Манас қўрғони намунали қишлоққа айлантирилиб, одамларга муносиб турмуш шароити яратилди.

2018 йилги ташрифидан кейин вилоятда 10 миллион 113 минг долларлик саноат ва 34 миллион 504 минг долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишланиб, салкам 45 миллион доллар ҳажмидаги маҳсулот экспорт қилинди. Экспорт ҳажми 2017 йилдагига нисбатан 9,5 миллион долларга ёки 127 фоизга кўпайди, 43 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг сони 120 тага етди.

2019 йили умумий қиймати 498 миллион долларлик олтита лойиҳа бўйича ташкил этилган Фориш базальт конининг кластерга айлантирилиши; 2021 — 2023 йилларда Фориш тоғ полигонидаги «Н» ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари салоҳиятини тўла намоён қила оладиган бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши; «Жиззах» эркин иқтисодий зонасининг маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича республикада учинчи, экспорт ҳажми бўйича эса олтинчи ўринга кўтарилиши ҳамда «Жиззах» ЭИЗда 33 та лойиҳанинг амалга оширилиши; «БМБ Ҳолдинг» компаниясида заъфарон етиштиришнинг йўлга қўйилиши кабилар ҳам Президент ташрифларининг муборак туҳфаларидир. Дунё бозорида энг сифатли бўлган ўзбек заъфарони эндиликда АҚШ ва Европа давлатларига экспорт қилинмоқда. Компаниянинг «Агрологистика» мажмуаси лойиҳасининг умумий қиймати 57 миллион 700 минг АҚШ долларини ташкил этади. Учта модулнинг ҳар бирида йилига 270 минг тоннагача қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш қуввати мавжуд. Умумий айланма қуввати йилига 810 минг тоннадан ошиқ.

Шунингдек, Зомин аэропорти кенгайтирилиб, реконструкция қилинди. Туманда Хитойнинг «Мингюан» компанияси билан ҳамкорликда шакллантирилган 30 дан ортиқ лойиҳаларга хитойликлар томонидан 1,2 миллиард доллар инвестиция йўналтирилмоқда.

2017 йилдан фарқли ўлароқ 2024 йилга келиб вилоят аҳолисини электр энергияси билан таъминлаш даражаси 99 фоизга етказилди. Табиий газ таъминоти 2017 йилдагига нисбатан 2 баробар ошди, 1090,6 километр минтақавий ва ички кўчалар таъмирланди.

Ичимлик суви тизимини яхшилаш мақсадида 617,4 километр тармоқ ҳамда 106 та сув иншооти реконструкция қилинди. Бу 2017 йилдагига нисбатан 5 баробар кўпайганини англатади.

Қиёсланаётган йилларда давлат дастури бўйича жами 13 871 та, шундан 2528 та якка тартибдаги ҳамда 357 та кўп қаватли уй бунёд этилди.

Вилоят иқтисодиёти 2017 йилдагига нисбатан 3,1 баробар ўсди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8,2 миллион сўмдан 25 миллион сўмга, ўртача ойлик иш ҳақи 1,5 миллион сўмдан 3,8 миллион сўмга етди.

Шу йилларда умумий қиймати 30 триллион сўмлик 3650 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 50 мингта иш ўрни яратилди.

50 минг иш ўрни! Энди шунинг ёнига ойлик маоши 1,5 миллиондан 3,8 миллион сўмга кўпайган минг-минглаб бахтиёр кишиларнинг қувончини, газ ва свет йўқлигидан қийналган, чангу лой кўчаларнинг азобларидан қутулган миллион-миллион инсонларнинг шодликларини қўшингда, дўппини ерга қўйиб, ўйланг, неча миллион одамларнинг қўллари дуога очилди экан?! Ваҳоланки, инглиз шоири Жорж Байрон таъбири билан айтганда, бировнинг бир томчи кўз ёшини қурита олган киши жанг майдонида қаҳрамонлик кўрсатган кишидан кўра ўн карра баҳодирроқдир.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Жиззахдаги юксалишлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолияти айнан ана шу фалсафага қурилганини яна бир карра исботлайди.

Фақат шулар эмас — Жиззахнинг тарихий манзиллари, маданий мерослари, зиёратгоҳ ва қадамжолари ҳам Президент эътиборидан кейин обод бўлиб, сайёҳлар меҳрини торта бошлади.

Аммо бир вақтнинг ўзида тўрт фаслни кўриш мумкин бўлган Жиззахда: тоғи, чўли, дарёси, кўли, ўрмони бўлган; тоғларида қўнғир айиқлар, қор қоплонлари, Туркистон силовсинлари, олқорлар, ёввойи тўнғизлар, жайралар юрган; осмонларида қора лайлаклар, бургутлар, оқбошли калхатлару лочинлар учиб юрган; дашту далалари, боғу роғлари андиз, зира, кийикўт, ровоч, исириқ, чатратқоқи, чирич, қўшоёқ каби саноқсиз ўт-ўланларга тўлган; чангалзорларида беданаю какликлар хониши жаранглаб турган Жиззахда яқингача туризмга эътибор ҳаминқадар эди.

Давлат раҳбарининг меҳри пасттекисликлар, қир-адирлар, тоғлар, чўллар, тубсиз жарлар, даралар, қалтис зов ва газалар, арчазору ўрмонлар, чашмаю ирмоқлар оша саёҳатга ташна қалбларга етиб борди. Фақат 2024 йилнинг ўзида салкам 2,5 миллион маҳаллий ва 400 минг нафардан ортиқ хорижий сайёҳлар келди вилоятга, туризм хизматлари экспорти қарийб 60 миллион долларга етди.

Ғурури, баланд орияти ва дангаллиги билан ном қозонган деҳқонлар эса 2024 йили мамлакат омборларига 815 минг тонна ғалла, 200 минг тонна пахта, 100 минг тонна мева, 490 минг тонна сабзавот, 310 минг тонна полиз, 110 минг тонна картошка ва 35 минг тонна мойли экинлар етказиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини 2024 йилда 2016 йилдагига нисбатан 12 баробар кўпайтиришга эришдилар.

5

Ҳа, илдизлари 4-5 минг йиллар аввалги «Сайхонсой қоятошлари» ва «Пишағор» ғорининг деворларидаги суратларга; аждодларимиз бундан икки ярим минг йиллар бурун умргузаронлик қилган «Мозорсой ёдгорликлари»ю, «Жомонжар ер ости эҳромлари»га, Газа, Харакана, Зомин, Собот, Миқ, Марсманда ҳамда уларданда қадимгироқ бўлмиш Хитой солномаларида тилга олинган «Еча шаҳри» қолдиқларию, «Қалия тепа», «Ўрда» каби қалъаларга улангувчи Жиззах заминида бугун ана шундай оламшумул ўзгаришлар содир бўлмоқда.

Ойқор чўққиларидек баланд режалар эса йил сайин поғонама-поғона ўсиб бораётир.

Мана, уларнинг айримлари:

Режага кўра, вилоятда 2025 — 2030 йиллар орасида қиймати 3 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 130 дан ортиқ ташаббус — лойиҳалар амалга ошмоғи керак. Уларнинг 512 миллион долларга тенг 85 таси шу йилнинг ўзида бажарилади.

Саноат ҳажми 7 фоиз ўсиб, 28,7 триллион сўмга етади. 131 та янги қувват ишга туширилади ва қўшимча 3 триллион сўмлик ишлаб чиқариш манбаси яратилади.

Шароф Рашидов туманида хитойлик инвесторлар киритган 1 миллиард доллар ҳисобидан «Шароф Рашидов технопарки» саноат зонаси ташкил қилинади. 2025 — 2030 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳани амалга ошириш давомида 16 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, бюджетга қўшимча 500 миллиард сўм маблағ тушиши таъминланади.

2025 — 2027 йиллари шу ҳудудда яна бир улкан лойиҳа — «Гагарин» эркин савдо зонаси очилиб, тадбиркорлар томонидан 20 миллион доллар инвестиция киритилади, 30 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади ҳамда 2 минг аҳолининг бандлиги таъминланиб, бюджетга 10 миллиард сўм тушум қўшилади. Дўстлик туманида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг 30 миллион долларлик маблағлари ҳисобидан микро саноат марказлари ташкил этилади, мингта янги иш ўрни яратилади.

Умуман, 2025-2026 йилларда 3,2 миллиард долларлик (2024 йилдагига нисбатан 3 баробар кўп) хорижий инвестиция маблағлари жалб қилиниб, экспорт ҳажми 285 миллион доллардан оширилади. Вилоят туманларининг ҳар бирига 50 миллиондан 100 миллион долларгача, Жиззах шаҳрига эса 250 миллион доллар хорижий инвестиция киритиш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида 2025 — 2029 йилларда 100 минг гектар ерни ўзлаштириш; 101,5 миллион доллар ҳисобига 18 та лойиҳани ишга тушириш мақсад қилинган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни тўғри ташкил қилиш учун такрорий экин сифатида экиб келинган полиз экинлари майдони ўрнига 30 минг гектар майдонга Россиянинг «Пионер» тезпишар кунгабоқар нави экилади. Кунгабоқардан ўртача 60 минг тонна ҳосил, 12 минг тонна мой, 40 минг тонна кунжара олиш орқали эса 5 йилдан сўнг Жиззах вилояти кунгабоқар мойини Ўзбекистонда биринчи бўлиб экспорт қилувчи ҳудудга айланади.

2025-2026 йилларда 841 километр йўл ва кўприклар, 621 километр ичимлик суви ҳамда оқова сув, 268 та кўп қаватли уйда 21,5 километр коммуникация тармоқлари тортилади.

Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибаси асосида 200 минг аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражаси 5,1 фоизга, камбағаллик 6,1 фоизга туширилиб, хорижда юрган кам даромадли 15 минг нафар муҳожир қайтарилади ва кафолатли иш билан таъминланади. Шу тариқа 2030 йилга бориб камбағаллик бутунлай тугатилади.

2030 йилгача хорижий туристлар сони 5 миллионга, хизматлар экспорти 300 миллион долларга етади.

Мақсадга эришиш учун 2030 йилгача Бахмал туманининг «Бойқўнғир сой» ҳудудида «Кибер спорт» аренаси, «Воркаут» майдони, «Зиплайн», «Жампинг», «Веллокросс», параплан, меҳмонхона, савдо ва сервис хизмат кўрсатиш шохобчаларини ўз ичига олган «Туризм комплекси» ташкил этилади. Арнасойдаги Айдар-Арнасой кўллари ҳудудидан 100 гектар, Зомин-Бахмал давлат қўриқхонаси ҳудудидан 137 гектар, Фориш ўрмон хўжалиги ҳудудидан 100 гектар ер майдонлари ажратиб олиниб, бу манзилларда тадбиркор томонидан сувда дам олиш, меҳмонхона, савдо ва сервис хизматлари ташкил этилади.

Бундан минг йиллар бурун боболаримиз маҳорат билан бунёд этган, Ўрта Осиёда энг қадимги ва энг маҳобатли ирригация иншооти саналмиш «Банд тўғони», бир неча минг йиллардан бери азиз тутиб келинган «Темир дарбоза», «Саъд ибн Абу Ваққос», «Парпи ота», «Хўжамушкент ота», «Новқа ота», «Ўсмат ота», «Саид Мир Халилиллоҳ ота», «Хўжа боҚбон ота», «Пайғамбар ота» каби мўътабар зиёратгоҳлари бўлган Жиззах боғлари бунданда гавжумлашади. ИХ-Х асрларда сомонийлар, XI — XIII асрларда қорахонийлар ва хоразмийлар, кейинроқ Чингизхон, XIV-XV асрларда темурийлар давлати таркибида бўлиб, XVI — XVIII асарларнинг биринчи ярмидан то 1866 йилгача Бухоро амирлигига тобе ва ундан сўнг оқпошшою шўролар қарамоғида қолиб, 1973 йилнинг 27 декабрида алоҳида вилоят сифатида ташкил этилган — шимолдан Қозоғистон, Айдар-Арнасой кўллари, шарқдан Мирзачўл даштлари ва Сирдарё вилояти, ғарбдан Нурота тоғлари, Фориш қирлари, Самарқанд вилояти, жанубдан Туркистон тоғ тизмалари ва Тожикистон Республикаси билан чегарадош; майдони 2 миллион 117 минг 830 гектардан иборат Жиззах вилоятининг 1 миллион 600 мингдан ортиқ аҳолисининг ҳовлиси гулга, чўнтаги пулга тўлади.

6

Хўш, тез-тез тарихни эслаш ва қатор-қатор рақамларни бир-бирига таққослашдан мурод нима? Мурод шуки, айрим «биродари азиз»ларимизга яна бир бор кўрсатиб ўтиш. Аслида мен уларни ичи кир ёки Қанимлар, дейишдан узоқман. Имоним комил, улар ҳам Ўзбекистондаги юксалишларни кўриб-билиб турибдилар. Томга қуёндек сакраб эмас, пояма-поя чиқилажагини яхши биладилар. Атиги 7-8 йил аввал, масалан, олис юртларни қўя турайлик, бир уват наридаги қўшни давлатга бориш нақадар азоб бўлгани ҳам кундек равшан уларга. Пешона теринг билан ишлаб топган ойлик маошингни олиш ёхуд ҳисоб рақамингдаги пулингни нақдга айлантиришдаги оворагарчиликларчи? Ўрни келганда, Ургутда бўлган бир воқеани айтай. Газ ва электр йўқлигидан норози бўлган аҳоли шикоят билан ҳокимнинг ҳузурига келишади. Мен газ ва светдан бошқа ҳамма масалаларингни ечиб бераман. Аммо газ билан светдан оғиз очманглар, дейди у. Ваҳоланки, қирчиллама қишда аҳолининг ана шу икки муаммодан бўлак ғам-ташвиши йўқ эди. Бироқ ҳоким шўрликнинг қўлидан келмаса, нима қилсин, ноилож эди.

Тўғри, 7-8 йилда Ўзбекистон жаннатга айланган, Америка ёки Европа бўлгани йўқ. Муаммолар қалашиб ётганини қайта-қайта таъкидлаб турибди Президентимизнинг ўзлари ҳам. Иқтисодий камчиликлардан ташқари, маҳаллийчилик, уруғ суриштирув, таниш-билишчилик, қариндошчилик, порахўрлик, худбинлик, андишасизлик, қўрқоқлик, текинхўрлик деган иллатлар ҳам борки, уларни енгиш учун ҳали кўплаб «жанг»лар қилишга тўғри келади. Илло, узоқ йиллар давомида қон томирларига қўрғошиндай қуйилиб қолган дардлардан қутулиш бир кун ёки бир йиллик муаммо эмас. Ўйлаб кўрайлик, битта янги рўзғорнинг бут бўлиши учун неча йиллар керак бўлади. Бутун бошли мамлакатничи?

«Инсоф сари барака», дейди боболар.

Шукр қилмоқ мусулмончиликда улуғ фазилат.

Бугун янги Ўзбекистон қуриляпти. Улкан режалар олиняпти. Муродга етмоқ учун шароит ҳам, имконият ҳам, куч--ғайрат ҳам етарли. Аммо ола-ғовур дунёда бўлаётган ғавғоларни ҳамма кўриб турибди. Бугунги гап эртага тўғри келмаяпти, кечқурунги дўст азонда ғанимга айланмоқда. Ҳамма гап бирликда. Ўзбекистон Яратган томонидан халқимизга туҳфа қилинган шундай бебаҳо, саховатли ўлкаки, бу ўлкада тошга эксанг гул кўкаради. Мақоламизда тилга олинган рақамлар Жиззах вилоятида қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг айримлари — «сиқиб-сиқиб, суви»ни чиқариб, «қолип»га солинганлари, холос. Айтаверсам, санайверсам қиссагаям, достонгаям сиғмайдиган юмушлар бўлаётир Жиззах томонларда ҳам.

Агар бахт ва шодлик куйчиси, улуғ шоиримиз Ҳамид Олимжон ҳаёт бўлганида эди, она юртида бўлаётган ободликларни кўриб:

«Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,

Достонларда битган гулистон!» дея ҳайқирган бўлур эди.

Абдусаид КЎЧИМОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?