Бу йилги Тошкент халқаро марафонининг умумий мукофот жамғармаси 138 млн. сўмни ташкил қилади

10:27 12 Март 2022 Спорт
1639 0

Архив сурат

Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Ёшлар пресс-клубида Тошкент халқаро ШҲТ ярим марафони ҳамда «Наврўз» IV халқаро марафони олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

2019 йилда ШҲТнинг Бишкек саммити доирасида аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, профессионал спортчиларни халқаро мусобақаларда иштирок этишга, Олимпия, Паралимпия ва миллий спорт турларининг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ҳамкорлик битими имзоланди.

ШҲТ марафонлари Жаҳон енгил атлетика мусобақалари тақвимига киритилган. Ҳар бир босқичда халқаро ассоциация қоидаларига мувофиқ, антидопинг назоратидан тортиб, марафон трассасини қамраб олиш сифатигача бўлган жараёнда катта ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси юқори даражадаги югуриш мусобақалари ташкил этишда катта тажрибага эга. 

Баҳор байрами арафасида ўтказиладиган «Наврўз» Тошкент халқаро марафони, Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб ўтказилаётган «“Save Aral» ва «Aral marathon» спорт мусобақалари аллақачон анъанага айланиб улгурган.

ШҲТ Тошкент халқаро яриммарафони трассаси Халқаро марафонлар ва югуришлар ассоциацияси (AIMS) сертификатига эга трассада бўлиб ўтади. 

Бўлажак спорт мусобақаси дастурига 3 км. ва 21 км. бўлган 2 та масофа киритилган. Спорт югуришида нафақат «ШҲТ оиласи»нинг 18 давлатидан югурувчилар, балки бошқа мамлакатлардан ҳам иштирокчилар келиб қатнашиши мумкин.

Марафоннинг умумий мукофот жамғармаси 138 миллион сўмни ташкил этади. (Ярим марафон учун 126 миллион сўм, 3 км. масофага 12 миллион сўм).

Шунингдек, 27 март куни Тошкентда «Наврўз» IV Тошкент халқаро марафони ҳам бўлиб ўтади. 

Бу йил тўртинчи маротаба ўтказиладиган «Наврўз» Тошкент халқаро марафони нафақат профессионал спортчилар, балки ўз соғлиғига бефарқ бўлмаган барча ёшдаги югуриш ишқибозларини ҳам бир жойга жамлайди ҳамда Ўзбекистондаги энг йирик ва муҳим спорт тадбирларидан бирига айланади.

Марафоннинг старт ва финиш чизиғи Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари чорраҳаси («Ҳумо Арена» муз саройи)да жойлашган бўлиб, ШҲТ Тошкент халқаро ярим марафонининг йўналиши пойтахтнинг марказий кўчалари, яъни Нукус, Абдулла Қодирий ва Абай кўчалари бўйлаб ўтади.

Бу йил югуришлар икки масофада, классик марафон (42 км. 195 м) ва 10 км. масофада ўтказилади. Марафон мусобақасида спортчи масофани босиб ўтиши керак бўлган вақт чегараси белгиланади.

Марафон пойгасида қатнашувчиларнинг ёши 18 ва ундан катта бўлиши кераклиги белгиланган. 10 км. масофага югуришда иштирокчиларнинг ёши чегараланмаган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер