Бозорга янги узилган қулупнай чиқарилмоқда

15:04 17 Январь 2024 Жамият
294 0

Каттақўрғон туманида қулупнай етиштириш бўйича бой тажриба тўпланган. Авваллари ҳудудда йилда бир марта, фақат баҳорда ҳосил олинган бўлса, ҳозирги кунда деҳқонлар қулупнайнинг янги навларини парваришлаб, куз ва қиш ойларида ҳам қулупнай етиштириш мумкинлигини исботлади.

Тумандаги Қумоқ маҳалласининг ёшлар етакчиси бўлган Мирмуҳсин Дониёров ишдан бўш вақтларида оиласи билан қулупнай парваришлаб бошқаларга ўрнак бўляпти.

— Ҳовлимиздаги 3 сотихли иссиқхонада қулупнай парваришлаяпмиз. Мана қиш фасли бўлишига қарамай ҳосилимиз пишди, — дейди М. Дониёров. — Қулупнайни маҳаллий бозорларимизга ҳар 3-4 кунда олиб чиқиб, 150 мингдан 200 минг сўмгача сотяпмиз. Шу орқали 3 сотих иссиқхонадан 20-25 миллион сўм даромад келяпти. Иссиқхонада қулупнай етиштириш анча қулай. Ташқарида ерда экилган қулупнайга ишлов бериш бир қатор қийинчиликларни туғдирарди. Намга тегиб туриши натижасида ҳосилнинг бир қисми чириб кетарди. Иссиқхонада эса бу муаммолар йўқ, қулупнай кўчатлари орасида бирорта бегона ўт ўсмайди.

Ушбу маҳаллада яшовчи Бекзод Эрниёзов мўъжазгина иссиқхонасидан самарали фойдаланиб, бир вақтнинг ўзида қулупнай, помидор, бодринг ва редиска етиштириб, бозорга чиқармоқда. “Қумоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 2022-2023 йилларда 21,1 гектар ер аҳолига аукцион савдолар орқали ажратиб берилган эди. Ер эгалари аллақачон “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида қулупнай етиштириб, яхшигина даромад олмоқдалар.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер