Божхоначилар регби коптогига гашиш яширилганини фош қилишди
Божхона чегаралари орқали гиёҳвандлик воситаларини яширинча олиб ўтишнинг турли усул ва найрангларига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Аммо, бу гал Тошкент халқаро аэропортида наркотик моддаларни олиб ўтиш учун қўлланган ғайриоддий усул илгари учрамаган бўлса керак.
Божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган йўловчиларнинг шубҳали хатти-ҳаракатлари, безовталаниши, олиб ўтаётган товарига хос хусусиятлар – буларнинг барчаси божхона ходимининг киши пайқамас синчков нигоҳидан ўтади.
Масалан, регби коптоги. Тан олиш керак, бу спорт тури бизда унчалик оммалашмагани боис, спортга даҳли йўқ унча мунча йўловчи ўзи билан регби коптоги олиб келмаслиги, табиий.
Бир қарашда арзимайдигандек туюладиган мана шу кичик бир деталга божхона ходимининг алоҳида эътибор қаратгани навбатдаги божхона қонунбузилишини фош қилишга сабаб бўлди.
2022 йил 16 октябрь куни Тошкент халқаро аэропортида “Истанбул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган ҳамда божхонадан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган йўловчилардан бирига тегишли багаж белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Натижада, багажда, юклар орасида кроссовка ичида йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида ҳам маълум қилинмаган 33 дона электрон тамаки чекишга мўлжалланган ручкасимон вейп қурилмаси ҳамда 32 дона уларни қувватловчи мосламалар борлиги аниқланди.
Аммо, бу ҳали ҳаммаси эмас! Юклар орасида божхона ходимларини шубҳалантирган регби коптоги очиб кўрилганида эса унинг ичида мато ўрамлари орасига яширилган ҳолда 3 турдаги 72 дона ўзидан ўткир ҳид таратаётган ампулалар борлиги аниқланди.
Мазкур ампулалардаги модда эса гашиш мойи бўлиб, бу уларнинг қадоғида ҳам акс эттирилган.
Мазкур ҳолатда тўхтатиб қолинган товарларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга 150 млн. сўмдан ошмоқда. Аммо, бу наркотик моддаларнинг етказиши мумкин бўлган салбий оқибатлари кўлами олдида ҳеч нарса эмас.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза – суриштирувлар давомида ушбу наркотик моддаларни олиб ўтишга уринган шахс бу ўзига тегишли эмаслигини, бировнинг илтимосига биноан олиб ўтаётганини билдирди ва буни тасдиқловчи ўзаро ёзишмаларни ҳам тақдим қилди. Лекин, бу энди уни жавобгарликдан озод этадими? Албатта, йўқ.
Фурсатдан фойдаланиб, хорижга кетаётган ва юртимизга қайтаётган юртдошларимизга мурожаат қиламиз. Ҳеч қачон бегона шахсларнинг илтимосига биноан ёки моддий манфаатдорлик эвазига ўзгаларнинг юкларини божхонадан олиб ўтиб беришга ҳаракат қилманг.
Эслатиб ўтамиз, республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 334 та ҳолатда 761 кг. оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан салкам 2,4 баробарга кўп демакдир.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг