Бўстонлиқда нотурар ер майдонини 1 миллион 81 минг 740 АҚШ долларига сотишга уринилди (+видео)

11:29 28 Март 2025 Жамият
109 0

Бўстонлиқ туманида ер майдонларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлар натижасида қатор шахсларнинг қонунийлаштирилмаган ер савдоси билан шуғуллангани аниқланди.

Жумладан, туманда яшовчи 1980 ва 1988 йилларда туғилган икки нафар шахс, туман ҳокимлиги томонидан боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган ширкатнинг аъзоларига ажратилган 20 сотих ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг АҚШ доллари олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган. Улар билан биргаликда ҳаракат қилган ва ўзини ер участкасининг эгаси сифатида таништирган 1964 йилда туғилган фуқаро ҳам ушбу маблағни олган вақтда қўлга олинди.

Бошқа бир ҳолатда эса, 1996 йилда туғилган шахс, ўзининг қариндошига ажратилган ва Чирчиқ дарёсининг муҳофаза ҳудудида жойлашган 36 сотих ер майдонини 150 минг АҚШ долларига сотиш бўйича келишиб, қўшимча равишда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун яна 10 минг доллар талаб қилган. У жами 160 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Юқоридаги ҳолатлардан ташқари, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс, бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, Бўстонлиқ туманида жойлашган ва 8 нафар фуқарога тегишли бўлган 72,6 сотих нотурар ер майдонини ҳар бир сотихини 14,900 АҚШ долларидан баҳолаб, умумий 1 миллион 81 минг 740 АҚШ долларига сотишга уринган. Шунингдек, ерни турар жой тоифасига ўтказиб, кўп қаватли уй қуриш учун рухсат олиб беришни ваъда қилиб, бу учун қўшимча 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. У тезкор тадбир чоғида 110 минг АҚШ долларини олган пайтда ушланган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан тегишли жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Мазкур ҳолатлар ер ресурсларидан фойдаланишда шаффофликни таъминлаш ва коррупцияга қарши қатъий кураш олиб бориш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?