Бўстон кўчаси очиқ осмон остидаги музей бўлади

11:45 08 Октябр 2024 Жамият
199 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қува тумани марказида буюк аждодимиз Аҳмад ал–Фарғоний номи билан боғлиқ «Шаҳристон Қубоси» археологик ёдгорлиги жойлашган. Бу тарихий маскан бугунги кунда нафақат қувалликларнинг севимли маскани, балки узоқ–яқин хориж давлатларидан келувчи сайёҳларни ҳам ўзига оҳанрабодек тортади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ушбу археологик ёдгорлик жойлашган «Ғалаба» МФЙдаги Бўстон кўчасини туризм кўчасига айлантириш бўйича амалий саъй–ҳаракатлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда ҳозирда туман марказида жойлашган мазкур кўчада кўп қаватли замонавий хизмат кўрсатиш, савдо ва сервис шохобчалари қурилмоқда. Тарихий хиёбон ҳам бугунги кун талаби асосида таъмирланиб, мазкур кўча 24/7 режимида ишлаши учун барча шароитлар муҳайё этилмоқда.

Фарғона вилояти ҳокими мазкур кўчада амалга оширилаётган қурилиш–бунёдкорлик ишлари билан танишиб, ҳудудни янада ободонлаштириш, бу ерга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун жаҳон андозалари даражасида қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Истироҳат боғини таъмирлаш лойиҳасини тезлаштириш, белгиланган барча юмушларни сифатли бажариш бўйича масъулларга амалий тавсиялар берилди.

— Олий таълим муассасалари профессор–ўқитувчилари билан юзма–юз мулоқотда «Шаҳристон Қубоси» археология ёдгорлигида осмон остида музей ташкил этиш ҳамда археологик тадқиқотлар олиб бориш режалаштирилди,—дейди тарихчи олим Нодирбек Абдулаҳатов.—Вилоят раҳбари юртимиз тарихи учун муҳим манба бўлган ушбу ёдгорликни тадқиқ қилиш учун барча шароитлар яратиб берилишини айтгани бизни қувонтирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?