Бошимизга шляпа кийишимиз шартми? Ахир дунёнининг ҳавасини келтирадиган дўппимиз бор-ку!
Фото: “Халқ сўзи”
Мактабда ўқиб юрган пайтларим устозим Мавжудахон Максимованинг фамилияси диққатимни тортди. Ташқи кўринишидан рус миллатига алоқадор бўлмасада, нега фамилияси ўзбекча эмаслигига ҳайрон бўлаверардим. Ахийри, бир куни ботиниб шу ҳақида сўрадим.
— Мен аслида Махсумжоннинг неварасиман, Максимнинг эмас, — изоҳ берди устозим. — Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ёзаётган аёл ўзбекчани билмас экан, шунга хато ёзиб қўйган.
Дарҳақиқат, собиқ СССР даврида халқларни руслаштиришга бўлган ҳаракатлар йўқ эмас эди. Шу тариқа айрим миллатлар йўқ бўлиб кетганлиги ҳам айни ҳақиқат. Шу боис исм-шарифлар нима учун хато ёзилганлигини, тўғрироғи, ўрисчалашиб кетганлигини тушуниш мумкин. Бунинг натижасида орамизда Газиев (Ғозиев), Алимов (Олимов), Кабулов (Қобилов), Ярканов (Ёрқинов) кабилар пайдо бўлди. Бироқ, орадан йиллар ўтди. Биз танқид қилган ҳолатлар энди тарихга айланди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган ёки давлатимиз Мустақилликка эришган пайтда туғилган авлод бугун ота-онага айланди. Хўп, аввалгилар мажбурликдан ёки замон зайли ила бу ҳолатда чорасиз бўлгандир. Бироқ, бугун республикамизда миллий қадр-қимматга, анъана ва урф-одатларга кенг йўл очилган бир пайтда нега бу хатоликларни тўғриламаяпмиз?
Алимов Олимовдан кўра жаранглироқ эшитилади...
— Менинг фамилиям паспорт бўйича Алимов эди, сиз ўз мақолангизда Олимов, деб ёзибсиз, — арз қилди бир куни андижонлик йигит. — Қонун бўйича паспортда қандай ёзилган бўлса шундай эълон қилишингиз керак эмасмиди?
Мен унга бобосининг исми Олимжон ака эканлигини, шу шаклда тўғри бўлишини тушунтиришга уринсамда, у кўнмади.
— Менинг ота-бобом ҳам Алимов бўлган, мен ва фарзандларимиз ҳам шу фамилияда қоламиз. Маҳалламга ёки ишхонамга бориб, Олимов ким, деб сўрангчи, бизни биров танирмикин? Қолаверса, Алимов Олимовдан кўра жаранглироқ эшитилади...
Охири, узр сўраб қутулдим.
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрь кунги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига биноан фарзандга исм-фамилиялар ота-оналарнинг ўз хоҳишига кўра қайд этилади, — дейди Андижон шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудири Ғафуржон Саломов. — Бу айрим ҳолларда миллатимизга хос бўлмаган ноодатий исмларнинг қўйилишига ҳам сабаб бўлиб қолади. Боиси, шундай ота-оналар бор улар ўзлари ёқтирган чет эллик футболчиларнинг, актёр ёки қўшиқчиларнинг исмларини фарзандига мақбул топадилар. Ана шундай пайтда биз вақти келиб бу фарзанд учун ноқулайлик келтириб чиқариши мумкинлигини, шунинг учун исм танлаганда обдон ўйлаб, оила аъзолари билан кенгашишни маслаҳат бера оламиз, холос.
Тахлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ота-оналарга берилган бу ваколат Марадона, Месси, Роналду, Сангам каби исмларнинг ҳам пайдо бўлишига сабаб бўляпти. Савол туғилади: фарзандлар вояга етгач, ўзлари учун номақбул деб топилган исмни ўзгартиришлари мумкинми?
— Албатта, — дейди Ғафуржон Саломов. — Ҳар бир фуқаро ўз ихтиёрига кўра исм-шарифини ўзгартириши мумкин. Масалан, Саминжон Ҳусанов ўрнига Саминжон Ҳусанзода, деб қайд эттириш ваколатига эгасиз.
Демак, Максимжондан Махсумжонга, Газивойдан Ғозивойга айланиш ҳам ўз қўлимизда. Бунинг учун озгина маънавиятли бўлсак кифоя.
“Ўзимни Европада юргандек тасаввур қиляпман”
Андижон вилоятига Қирғизистон Республикасидан кўплаб меҳмонлар ташриф буюришади. Ана шундай ташрифлардан бирида бишкеклик ижодкор Турекул Урматовга ҳамроҳлик қилдим.
— Андижонга охирги марта 1983 йили келгандим, — дейди у шаҳар бўйлаб саёҳат давомида. — Ҳамма нарса ўзгариб кетибди. Ўзимни ҳудди Европада юргандек тасаввур қиляпман.
Меҳмоннинг бу сўзларидан вилоят маркази шу қадар чирой очиб, ривожланган давлатларга қиёсласа арзигулик даражага келибди-да, деб қувониб кетдим. У бўлса, изоҳлашда давом этди:
— Сабаби, йўлнинг икки четидаги мавжуд неки ёзувлар бўлса ҳаммаси хорижий тилда экан. Бирорта ўзбекча сўзни учратмадим...
Кимдир устимдан бир челак муздек сувни қуйиб юборгандек бўлди. Шундан сўнг ҳарчанд уринмайин, шаҳарни мақташга ҳам тилим айланмай қолди, тўғриси...
Таржимага муҳтож таржима маркази
Тан олиш керак, мамлакатимиздаги ҳар бир кичик мавжудлик шу юртга, унинг халқи маъанавияти, маърифатига баҳо беради. Биноларнинг ташқи кўриниши, одамларнинг кийиниши, ҳаттоки, пештоқдаги ёзувлар ҳам. Биз кўп ҳолларда ёшларимизни оммавий маданият таъсирига тушиб қолганликда айблаймизу, шу каби кичик ( аслида катта) хатоларимиз орқали уларни шу тахлитда тарбиялаётганимизга эътибор қаратмаймиз.
— Бундай ҳолат нафақат, шаҳарларда, балки, туман марказларида ҳам кенг илдиз отган, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, республика Маънавият ва маърифат маркази Қўрғонтепа тумани бўлинмаси раҳбари Гулбаҳор Қосимова. — Бу ёзувларнинг аксариятини кошки тушунсак эди. Шундан кўра, уларнинг ўзбекча таржимасини қўллашса фойдалироқ бўлмайдими? Шу каби саволлар юзасидан тадбиркорлик субъектларида тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Йилнинг ўтган даври мобайнида 20 дан зиёд тадбир ўтказилиб, 300 дан ортиқ ёзувлар ўзбекчалаштирилди. Шу тариқа хорижий тилдаги ёзувларнинг ўзбекча таржимасини ёзишга эришдик, деб қувона бошлаганимизда иккинчи муаммо ҳам юзага келмоқда. Бу савод масаласидир. Масалан, “Nikoxga onlayn ariza navbat kutmesiz” жумласини шу тарзда ёзиш учун қанчалик саводсиз бўлишимиз керак? Ёки “Апостиль легализация таржима хизмати” ёзувини ўқиб, таржима хизматидагиларнинг ўзига таржимон керак экан, деган хаёлга борасиз. Хулоса қилиш мумкинки, бу мавзудаги муаммони бартараф этиш учун энг аввало, таълим сифатини ҳам йўлга қўйиш керак бўлади. У ҳолда саводли ёзувларни ўқиш учун яна бир авлоднинг улғайишини кутишимиз керакми?
“Сиз дам олинг, биз сизнинг хизматингиздамиз”
Яқинда Андижон шаҳридаги хизмат кўрсатувчи марказлардан бирида бўлдим. Пештоқдаги “You relax, we are at your service” ёзувини ўқиб, тўғриси, тушунмадим. Марказ ходими эса бу жумла ўзбек тилида “Сиз дам олинг, биз сизнинг хизматингиздамиз” деган маънони билдиришини айтди. Мен эса ҳайрон бўлдим: “Бу ерга чет эллик фуқаролар кирмаса, қолаверса, сиз ишлаб мен дам оладиган жой бўлмаса, нега керак бу ёзув?”
— Ҳа энди, инглиз тили одамни эътиборини тортади. Хорижий тилда нимадир ёзиб қўйсак мижозлар сони ортадида...
— Жаҳон миқёсида ривожланган марказ экан, деб ўйлашади, дейсизда?...
— Шунақа.
Дарҳақиқат, кейинги пайтларда нафақат, бу каби ёзувлар, балки номлар сони кўпайиб кетди. Аксарият номларнинг маъносини тушунмаймиз. Ваҳоланки, улар шу жойнинг фаолият тури ва мақсадини ўзида мужассам этмоғи керак.
—Юридик ташкилотларни номлаш юридик шахсларнинг шахсий ихтиёрий ваколати бўлиб ва уларни расман қайд этиш Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 18 сентябрдаги “Фирма номлари тўғрисида”ги қонунига асосан амалга оширилади, — дейди Андижон вилояти Адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Шерзодбек Комилов. — Бунда бир қанча талаблар мавжуд бўлиб, улар орасида хорижий тилда номланишни таъқиқлаш тартиблари кўрсатилмаган.
2021 йил 19 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари: “Агар жамиятнинг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, — деб бежиз айтмади. Бу борадаги муаммонинг ечимини ҳар биримиз ўзимиздан бошламас эканмиз, ҳеч ким четдан келиб маъанавиятли қилиб қўймайди. Фарзандимизга тўғри исм танлаш, ўзбек тилида равон сўзлаш, иш жойимизни миллий атама билан номлаш, қўйингки, миллий ғуруримизни намойиш этиш орқали бунга эришиш мумкин.
Тўғри, Ўзбекистон жаҳон майдонида ўз ўрнига эга бўлишини ҳаммамиз хоҳлаймиз. Бироқ, бунинг учун бошимизга шляпа кийишимиз шартми? Ахир, дунёнинг ҳавасини келтираётган дўппимиз бор-ку! Яъниким, кимлардир маънавиятимиз булоғидан сув ичаётган бир пайтда ана шу булоқнинг кўзини ёпиш орқали чанқоғимизни ошириш керакми бизга?
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг