Боливия музликлари яқин 20 йил ичида бутунлай эриб кетиши мумкин

12:22 30 Апрель 2025 Дунё
223 0

Архив фото

Боливия музликлари йўқолиб кетиш хавфи остида ва иқлим ўзгариши сабабли 20 йил ичида бутунлай эриб кетиши мумкин. Бу фикрларни Боливиянинг Сан-Андрес шаҳри Олий университети қошидаги Гидрология ва гидравлика маркази тадқиқотчиси Эдсон Рамирес Родригес айтиб ўтди.

«Боливия музликлари кунига тўрт сантиметрга яқин музни, ойига бир метрга яқин қорни йўқотаётгани хавотир уйғотади», — дейди эксперт.

Унинг қўшимча қилишича, музликларнинг 80 фоизи кичик бўлиб, максимал чуқурлиги 150 метрга етган. Ҳозирги эриш даражасида бу музликлар хавф остида ва яқин 20 йил ичида йўқ бўлиб кетиши мумкин.

“Агар биз ҳозирги маълумотларни 1975 йилдаги биринчи музликлар инвентаризацияси кўрсаткичлари билан солиштирадиган бўлсак, музликларимизнинг қарийб 60 фоизи йўқолган. Ва агар биз фақат 2009 ва 2024 йилларнинг охирги даврини солиштирадиган бўлсак, биз ҳозир якунлаётган инвентаризацияни тузишда 30 фоизга яқин музликлар йўқолганини тушунишимиз мумкин”, — дейди мутахассис.

У шу ўринда янги инвентарь ҳукуматга иқлим ўзгаришига мослашиш стратегиясини ишлаб чиқишда фойдали бўлишига умид билдирди.

Маълум бўлишича, 1980 йилдан бери узунлиги 125 километр ва кенглиги 20 километр бўлган Кордилера Реал тоғ тизмаси иқлим ўзгариши туфайли муз қатламининг учдан биридан кўпроғини йўқотган. Миллионлаб боливияликларнинг ҳаёти бевосита музликларга боғлиқ. Мамлакат жанубида жойлашган Ла-Пас, Потоси ва Оруро йирик шаҳарлари аҳолиси қорли Анд тоғларидан сув олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?