Болгарияда 22 ёшли ўзбек қоятошлар орасига тиқилиб қолиб ҳалок бўлди

20:13 08 Август 2025 Жамият
286 0

Видеодан кадр

Болгариянинг Созополь шаҳрида дўстлари билан чўмилишга борган 22 ёшли ўзбекистонлик талаба қоятошлар орасига қисилиб қолиб ҳалок бўлди. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси вазиятни ўз назоратига олганини маълум қилди.

Билдирилишича, воқеа кеча, 7 август куни Созополь шаҳридаги Каваците соҳилида юз берган. Тошкент вилоятида яшовчи 22 ёшли Ж.М. чўкаётган украиналик қизни қутқаришга ҳаракат қилиш жараёнида кучли тўлқинлар таъсирида назоратни йўқотган ва сув остидаги йирик қоятошлар орасига қисилиб қолган.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ва Болгариядаги Фахрий консуллиги ҳозирда мазкур давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳаллий қутқарув хизматлари ҳамда Болгария Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан доимий алоқада иш олиб бормоқда.

Бургас вилояти Созополь шаҳар ҳокимияти ва ФВБ томонидан берилган сўнгги маълумотларга кўра, айни вақтда денгизда кучли тўлқинлар давом этаётгани сабабли марҳум жасадини қоятошлар орасидан олиб чиқиш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ҳам ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Мамлакатимиз фуқаросининг Болгариянинг Созополь шаҳрида вафот этганлиги ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз», деб ёзган ТИВ вакили.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда дипломатларимиз марҳумнинг яқинлари ҳамда Болгариянинг тегишли давлат идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ишламоқда. Вазият юзасидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?