Болажонларга Президент совғалари топширилди

16:35 28 Декабрь 2023 Жамият
779 0

Фото: Ирода Орипова

Бухоро вилоят мусиқали драма театрида Янги йил байрами муносабати билан болажонларга Президент совғаларини топширишга бағишланган маросим ўтказилди. Тадбирда оилавий меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолганлар, Ватанимиз тинчлик- осойишталигини сақлаш йўлида қурбон бўлган юрт фидойиларининг фарзандлари, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалар болалари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Маросимда вилоят ҳокими Б. Зарипов сўз олиб, болажонларни, барча-барчани яқинлашиб келаётган Янги йил байрами муносабати билан қутлади, юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида ёш авлод таълим-тарбияси йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.

— Мамлакатимизда чиндан ҳам давлатимиз ва халқимиз эътиборидан четда қолган боланинг ўзи йўқ, — дейди тадбир қатнашчиси, Когон туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари ўринбосари Азиза Авезова. — Буни туманимиз ёшлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ушбу тадбирда когонлик етти нафар чин етим иштирок этяпти. Улар қариндош-уруғлари қўлида тарбияланмоқда. Барчаси “меҳр дафтари”га киритилган. Шу асосда уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари, ўқув жиҳозлари ажратилмоқда. Бу ёшларнинг эртанги кундан кўнгиллари тўқ.

Янги йил байрамини орзиқиб кутган, катта орзу-умидлар билан яшаётган болажонларга Президент совғалари топширилди. Улар бухоролик 538 нафар ўғил-қизга мўлжалланган бўлиб, 17 турдаги ширинликлар, канселярия маҳсулотлари, смарт соат, дарс магнит тахтасидан иборат. 12 ёшдан катта тарбияланувчилар учун совғалар қаторида планшет ҳам бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Янги йил байрам табриги эса болажонлар ёдида бир умр муҳрланиб қолади.

Маросим якунида “Янги йил қувончи” деб номланган театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер