Биз сув ичган ариқлар қани?

14:19 23 Август 2024 Жамият
136 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни пишиқчилик мавсумида қизларнинг кокилларидек узун-узун сув ўтлари зариф қўшиқлар куйлаб оқадиган тиниқ сувли ариқларда чанқоқни қондириш, тандирда ёпилган иссиқ нон, меваларни оқизиб ейиш нақадар мароқли эди. У кунлар энди ширин хотирага айланди.

Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг мироблар бригадаси ишчиси Юрий Станников ҳар куни эрта тонгда, кечқурун кўчаларни айланиб, чиқиндига тўлган ариқларни тозалаб юради. Ободонлаштириш соҳасининг у каби ходимлари асло тиним билмаслиги учун ҳамюртлар бетон ариқларга чиқинди ташлашини тўхтатмайди. Кун бўйи қора терга ботиб, узун арматурани судраб юрадиган бу инсон аслида барчамизга тутилган кўзгу бўлса, не ажаб! Аммо кўзгуга қарашга хушимиз йўқ, чунки бир-биримиздан уялмай, хижолат бўлмай қўйганимизга анча бўлди.

Ўзбекистон тумани маркази Яйпан шаҳрининг марказий кўчаларидаги ариқлар чиқинди уюмларига тўлиб кетавергани учун яқинда онлайн кузатув камералари ўрнатилди. «Оқтепа», «Туркистон» маҳалла фуқаролар йиғини чорраҳаларига ўрнатилган ана шундай камералар дастлабки кунларнинг ўзида бир неча ҳуқуқбузарликларни қайд этди. Маълум бўлишича, ариқ сувларини ифлослантирувчилар бегона эмас. Шу маҳаллада яшовчи баъзи инсонлар тонг саҳар ёки кечқурун махсус чиқинди ташлаш жойларига бориш ўрнига кўча бошидаги ариқларга уйидан чиққан ахлатни ташлаб кетади.

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассислари вилоятдаги 14 та очиқ сув ҳавзалари ифлосланишининг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда назорат тадбирлари олиб боради. Бошқарманинг экологик назорат инспекцияси ҳамда сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш шўбаси ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида рейдлар натижасида очиқ сув ҳавзаларини ифлос қилгани учун 120 нафар фуқарога маъмурий жарима қўлланилди.

— Тириклик манбаи бўлган сувдан фойдаланиш, уни тоза сақлаш борасида ҳамюртларимизда истеъмолчилик маданияти етишмайди, — дейди Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Дилфуза Хўжаева. — Мутахассисларимиз томонидан Исфайрамсой, Марғилонсой, Жанубий Фарғона канали, Сўх ва Шоҳимардон сойдан доимо сув намуналари олиб келиниб, таркибидаги (эримайдиган чўкмалар, қуруқ қуйқа, азот нитрит, фосфат ва ҳоказо) кимёвий моддалар миқдори бўйича лаборатория таҳлиллари амалга ошириб борилади. Жорий йилда 10 та очиқ сув ҳавзасидан намуналар олиниб, 200 га яқин таҳлил ишлари амалга оширилди. Натижада деярли барча ҳолатларда сув таркибидаги зарарли моддалар меъёридан ортиқча эканлиги аниқланди. Афсуски, аксарият ҳолатда сувни ифлослантириш орқали бунга ўзимиз сабабчи бўлмоқдамиз.

Ҳар куни саҳарда 671 нафар фаррошларимиз ҳудудларни қўлда тозалайди. 430 нафар ходимларимиз кўкаламзорлаштириш юмушларига жалб этилади. Аммо тушликка бориб-бормай ариқлар, йўл четлари яна чиқиндилар билан тўлади.

Тасаввур қилинг, шаҳардан кунига ўртача 85 тонна чиқинди йиғиштириб олинади. Шаҳар кўчалари бўйлаб суғориладиган бетон ариқлар 140 км эканига эътибор қаратсак, соҳа ходимлари иши қанчалик машаққатли эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

Миллий гвардия тизимида экопатруллар фаолияти йўлга қўйилган. Хизмат ходимлари она табиатга беписанд муносабатда бўлиш, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш, сувни ифлослантириш сингари ҳолатлар бўйича тезкор чоралар кўрмоқда. Бундай ҳолатлар аниқланганда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг тегишли ҳажмида жарима қўлланади. Лекин жазолаш, жарима қўллаш билан тўлиқ мақсадга эришиб бўлмайди. Табиат неъматларига меҳр, авайлаб–асраш, келажак авлодлар олдидаги дахлдорлик ҳисси қалбимизда бўлиши зарур.

Сувга тупурмаслик, ахлат ташламаслик ота–боболаримиздан мерос энг гўзал қадриятлар сирасига киради. Бугун нега бундай миллий анъаналаримиз унутиб қўйилмоқда? Бунга бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?