Битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз — Шавкат Мирзиёев

14:35 14 Февраль 2025 Жамият
544 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан мулоқотда мамлакатдаги олий таълимга қамров бўйича амалга оширилаётган ишлар самараси ҳақида гапирди.

Илгари олий таълимда 1 та ўрин учун камида 10 нафар йигит-қиз кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилди. Тизимда қамров 42 фоизга етди.

Хотин-қизларга контракти давлат томонидан қоплаб берилаётгани ҳисобига талаба қизлар сони 11 карра кўпайди.

“Мен бир ҳаётий фикрни такрорлашдан чарчамайман: битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз. Оила билимли, маърифатли бўлса, бутун жамият билимли, маърифатли бўлади. Бу борадаги ишларни янада жадал давом эттирамиз”, деди Президент.

Ўтган 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар ёшлар хорижга ўқишга юборилган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда 3 баробар кўп ўғил-қизларимиз бундай имкониятга эга бўлди.

Энди, Ёшлар агентлиги хорижда ўқиётган ҳар бир талабага бош-қош бўлиб, эҳтиёжларини аниқлаши, Ватанга қайтиб, ўз ўрнини топиши, муваффақиятли карьера қилиши каби масалаларда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан тенг масъул бўлиши белгиланди.

Илмий даражали ёш олимларимиз сони 2 карра ошиб, 4 минг 357 нафарга етди. Айниқса, фарзандларимиз орасида чет тилларни ўрганишга қизиқиш кескин кучайди.

Ана шу имкониятлардан фойдаланиб, яқинда билимдон ва интилувчан Парвиз Туксанов SAT имтиҳонидан энг юқори – 1 минг 600 балл тўплади. Президентимиз уни ушбу натижа билан қизғин табриклаб, ота-онаси ва ўқитувчиларига миннатдорлик билдирди.

Яна бир ибратли мисол – “Китобсевар миллат” ғояси асосида ёшларда мутолаа маданиятини шакллантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танловидаги иштирокчилар сони 6 карра ошиб, 3 миллион нафарга етди.

Бир гуруҳ фаол ёшлар томонидан яратилган “Мутолаа” лойиҳаси орқали 1 миллиондан ортиқ ёшлар китобхонлар қаторига кирди.

Ҳозирги тезкор ахборот алмашинуви даврида ёш авлод, айниқса, болажонларимиз учун миллий контентларни яратиш долзарб вазифадир. Бундай контентни боғча ва мактабдаги таълим жараёнларида намойиш этиш орқали янада оммалаштириш зарурлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?