Бир зарбадан тарқаб кетган улкан салтанат

13:17 15 Май 2024 Маданият
483 0

Фото: Иллюстратив фото

Ҳарбий юришларда мислсиз ғалабаларга эришган Муҳаммад Хоразмшоҳ ўзига Искандари Соний лақабини олди, камига саройда Зулқарнайн навбаси, яъни шоҳ шарафига мусиқий мадҳия чалишни йўлга қўяди. Яъни беш вақт намозга монанд равишда кунига беш марта мусиқа чалдиради.

Буни қандай тушуниш керак?! Худо билан баҳслашув дейиш керакми ёки бошқача изоҳи ҳам борми?..

Муҳаммад Хоразмшоҳ отамерос мулкини кенгайтириб, улкан салтанат тузди. Ана шундай бепоён ҳудудни эгаллаган салтанат нега битта зарбадаёқ худди булутдек тарқаб кетди, шонсиз қулади?

Хоразмшоҳлар салтанати тўғрисида ёрқин тасаввурга эга бўлиш учун мана бу маълумотларга эътибор қаратиш кифоя қилади: Бу давлат шимолда Орол денгизигача, ғарбда Каспий денгизигача, жанубда Ироқ ва Ғазнагача, шарқда Еттисувгача кенгайди. Сал кейинроқ Мовароуннаҳрдан Ўзгандгача бўлган ерлар унинг тасарруфига ўтади. Камига, Форс Ироқи, Мозандарон, Аррон, Озарбайжон, Ширвон, Микрон, Мингқишлоқ, Кеш, Ғур, Ғазна, Бомиёнлар забт этилиб, унинг ҳудуди Ҳиндистон чегараларигача бориб етди.

Кўплаб тарихчилар ушбу давлатнинг шиддат билан қулашига оид турли сабабларни келтиришган. Шу боис биз булар ҳақида тўхталмаймиз. Аксинча, кўпчилик нимагадир эътибордан четда қолдирган бошқа бир сабабга урғу бермоқчимиз.

Ҳарбий юришларда мислсиз ғалабаларни қўлга киритган Султон ўзига Искандари Соний лақабини олди ҳамда камига саройда Зулқарнайн навбаси, яъни шоҳ кириши шарафига мусиқий мадҳия чалишни жорий қилди.

Нима бўпти, дейсизми? Ростанам нима бўпти, шунча нурли ғалабаларни қўлга киритгандан кейин мусиқий оркестрга мадҳия чалдирса чалдирибдида…

Аммо гап бошқа ёқда…

Султон қўрқув туфайли ақлини йўқотиб қўйгани ва қалбини ваҳима қамраб олгани натижасида Инолхонни унга беришдан бош тортди. У уни Чингизхон қўлига бериб юборолмасди ҳам, чунки унинг қўшинидаги аксарият амирлар, сарбозлар Инолхонга қариндош ёки бир уруғдан эдилар.

Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавийнинг «Султон Жалолиддин Мангуберди» асаридан.

Ўша давр воқеаларига бевосита гувоҳ бўлган тарихчи Шиҳобиддин ан-Насавийнинг «Султон Жалолиддин Мангуберди» асарида келтирилишича, амалга оширилган тадбирлардан бири Зулқарнайн навбаси тантанали ижро қилиниши белгиланиши бўлди. Аввалги пайтларда унинг ўзи учун, бошқа султонларга ибрат қилиб кўрсатиш мақсадида, беш вақт намозга монанд равишда кунига беш марта навба белгиланган эди. Ироққа қарши юриши даврида у беш марта навбани ўғилларига — султонларга мерос қилиб берди. Бу навбалар ўғилларига мулк қилиб берилган ҳудудларда султон саройлари дарвозлари олдида ижро қилина бошланди…

Бир нафас шошманг. Хўш, буни қандай тушунса бўлади?! Худо билан баҳслашув дейиш керакми ёки бошқача изоҳи ҳам борми?..

Бугун ҳам ана шундай ҳукмдорлар яқин-узоқ ҳудудларда бўй кўрсатиб қолаётгани инсон феъли бузилса бундан ҳам бадтар қилмишни содир этиши мумкинлигини исботлагандай бўлади.

Нимагадир ана шундай кезларда қадим аждодларимизнинг: «Болам, мен сенга султон бўлолмайсан деганим йўқ, одам бўлолмайсан, дегандим», — деган ҳикмати беихтиёр ёдга тушаверади.

Туркон хотуннинг асирликдаги аҳволи жуда оғир эди, у Чингизхоннинг тушлик дастурхонига бир неча марта бориб, ниманидир олар ва бу унга бир неча кунга етиб ортарди. Бунгача у қандай эди, унинг бир оғиз сўзи барча вилоятларда сўзсиз ижро қилинмасмиди! Эндичи? Инсон тақдирини бу тарзда Ўзгартирувчининг буюк қудратига тасанно айтмасдан бўладими!

Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавийнинг «Султон Жалолиддин Мангуберди» асаридан.

Дарҳақиқат, ҳар қандай шароитда инсоннинг инсон мақомида қолгани дуруст.

Нима бўлсанг бўл, аммо ўзингдан тепа турувчи асл Султон — Яратувчи борлигини унутма!

Нима бўлсанг бўл, аммо банда бўл!..

Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?