Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!

13:52 20 Июль 2024 Жамият
774 0

Архив сурат

Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори,
филология фанлари доктори, профессор.

«Дунёда ҳеч қачон бир хил тонг отган эмас». Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» китоби муқаддимаси ана шу жумлалар билан бошланади. Жуда ҳам оддий, ҳаётий, бироқ одамни ўйлантириб қўядиган чуқур мазмунга эга фикр.

Бу жумлалар фақат ҳаётнинг абадийлиги, бизни қуршаб турган атрофимиздаги дунёнинг мунтазам ўзгаришда, янгиланишда экани, оламнинг азалий қонунияти ҳақидагина эмас, балки дунё билан ўзи ҳам, онгу шуури ҳам ўзгараётган одамларнинг тафаккуридаги эврилишларнида акс эттириб турибди.

Тафаккур ўзгармас, ўсишга, юксалишга эҳтиёж пайдо бўлмас экан, одамнинг ўзи ўзгармайди. Тафаккур эврилиши – бу жуда узоқ давом этадиган, машаққатли кечадиган жараён. Янги тонгнинг отиши тафаккурдаги эврилишдан бошланади.

Куни кеча Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорни ўқиб чиққан киши борки, халқимиз бундан ўттиз уч йил олдин ўта оғир ва мураккаб тарихий вазиятда қўлга киритган миллий истиқлол ҳам, бугунги кунда янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсад йўлида бирлашиб, янги ютуқ ва марралар сари илдам одимлаётгани ҳам, аввало, тафаккур ўзгариши, дунёқараш янгиланиши билан боғлиқ эканини теран англайди. Зеро, аҳли дониш айтганидек, одам ўзгарса, олам ҳам ўзгаради.

Қарорда келтирилганидек, бу йилги байрам тадбирлари «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган бош ғояни ўзида мужассам этади. Бу бежиз эмас. Зеро, инсонларнинг, элу элатларнинг бир халқ бўлиб яшаши, ягона эзгу мақсадга интилиши, озод ва обод Ватан қуриши, аввало, фикрий уйғунлик, диллашув, бирлашув, жипслашув орқали рўёбга чиқади.

1

Халқимиз соддаликни яхши кўради. Оддийлик, табиийлик, самимият халқимиз руҳиятига хос. Шунинг учун миллий маънавиятимизнинг асоси, халқ руҳияти кўзгуси бўлган фольклор намуналари ҳақида гап кетганда «Халқнинг ўзидай содда, халқнинг ўзидай оддий ва халқнинг ўзидай теран», деган жумлалар ишлатилади. Бу бежиз эмас, халқнинг тилидаги сўзлар минг йиллар давомида тобланган, чархланган, қайралган, қуйма ҳикмат кўринишига келган. Мамлакатимиз раҳбари бундай фикрларга оҳорли тўн кийдириб: «Фольклор санъати, таъбир жоиз бўлса, бу – инсониятнинг болалик қўшиғидир», дейди.

Соддалик, самимият юз-кўзларимизда акс этиб туради. Дастурхонимиз каби кўнглимиз ҳам очиқ, бағримиз ҳам кенг. Дастурхон бошида боболаримиз, момоларимизнинг дуосидан тортиб ҳар бир ўгитида халқимизга хос бўлган донишмандлик акс этади. Дуоларда доим юртнинг тинч, мамлакатнинг обод, файзу бараканинг мўл, фарзандларнинг тани соғ, оқилу доно бўлиши тиланади. Дастурхонга ўтирганда ҳам, турганда, меҳмон келганда, меҳмонга борганда, давра қурилганда яхши ниятлар қилинади, умрнинг ҳар бир сониясига шукроналар келтирилади.

Бу, таъбир жоиз бўлса, ўтмишини унутмаган, бугунини англаётган, келажак учун яхши ниятлар қилган миллатга хос руҳият, бугунги тил билан айтадиган бўлсак, менталитетдир. Буни дунёга тамаддун эшикларини очган боболаримиз «Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал» деб аташган.

Инсон инсон бўлибдики, бугуни эртасидан яхши бўлишини истайди. «Болам» деб яшаш халқимизга хос хислат. Боқий сўз, эзгу амалларини болаларига, келгуси авлодларига илинган. Болам деб яшаш, аслида эртанги кун учун яшаш, келажак учун инвестиция демакдир. Яъни халқимиз минг йиллик қадрият ва анъаналари, салоҳияти ва ҳаётий тажрибасига суянган ҳолда ўзининг тараққиёт тонгига қараб интилади.

2

«Янги Ўзбекистон стратегияси» китоби Ўзбекистон учун янги бир давр бошлангани эътирофи ва унинг дунё ҳамжамиятига эълонидир. Унда «Яқин ва ўрта истиқболда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси қандай бўлади?» деган залварли савол ўртага ташланди.

Тарихий саволлар ўз-ўзидан кун тартибига қўйилмайди. Тарихий савол тарихий шахслар томонидан ўртага ташланади. Мамлакатимиз раҳбари томонидан улкан ўзгаришлар чорраҳасида, ҳал қилувчи паллада ана шундай савол ўртага ташланди ва жавоб изланди.

«Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Бу йўлда ислоҳотларимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятларини, бутун азму шижоатимизни ишга солишимиз зарур. Шундагина Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади».

Мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонни барпо этиш шунчаки, бирдан ёхуд кутилмаганда пайдо бўлган, кимларнингдир истак-хоҳиши эмас, балки бутун халқимиз асрлар давомида интилиб келган орзу-мақсадларини ифода этмоқда. Бу орзу-мақсадларнинг туб тарихий асосларига урғу берилаётгани ҳам бежиз эмас.

Ўзининг қадим тарихи, давлатчилигига эга юртимизда озод ва эркин ҳаёт ҳар бир аждодимизнинг қон-қонида яшаб келган. Улар озодлик, эркинлик ва ҳурликка етишиш йўллари илф-маърифат орқали амалга ошишини яхши билганлар. Омоч ҳайдаётиб, само жисмлари, ўсимликлар ва ҳайвонот ҳақида катта билимга эга бўлганлар. Тақвим тузганлар, йилларга ном берганлар, олам ҳақидаги билимларини келгуси авлодларга мерос қолдирганлар. Бу билим ва тажрибалар шу ўлкада кўплаб фанларнинг ривож топиши, биринчи ва иккинчи Ренессанснинг пойдевори бўлиб хизмат қилган.

«Эмас осон бу майдон ичра турмоқ…» Сал кам олти аср нарида улуғ мутафаккир бобомиз томонидан айтилган бу фикр ХХI аср воқелиги билан юзма-юз турган Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун ҳам долзарб масала эди.

Энди олдингидай яшаб бўлмас, кўп нарсани тубдан ўзгартириш зарур эди. Бошқача айтганда, ҳар бир соҳа жуда улкан ислоҳотларни талаб этарди. Ўзбекистоннинг яшаб қолиши, ўзлигини асраши, дунёнинг энг етакчи мамлакатлари қаторидан жой олиши, боболар орзу қилгандай, истеъмолчи эмас, ижодкор, яратувчи миллатга айланишимиз учун, аввало, кимлигимизни, қайси «майдон»да турганимизни аниқлаб олишимиз, ҳолатимиз, кучимиздан келиб чиққан ҳолда, келажагимизни белгилашимиз, хуллас, барча жабҳада ислоҳотларни бошлаш зарур эди.

Мамлакат етакчиси ўзининг илк фаолияти кунлариданоқ очиқлиги ва самимияти, тўғрисўзлиги, қатъияти ва журъати билан бутун Ўзбекистон халқининг ишончини қозонди.

Шавкат Мирзиёевнинг Президентликка сайланганидан сўнг илк учрашуви академик олимлар, илм аҳли билан бўлди. Бу жуда катта рамзий маънога эга, мамлакатнинг бундан кейинги тараққиёт йўли илм-фан билан чамбарчас боғлиқ бўлишига ишора эди.

Очиғи, шу учрашувгача Фанлар академияси тизимидаги олимлар хавотир ва ҳадик ичида яшаётган, тизимдаги кўплаб илмий текшириш институтлари тарқатиб юборилган ёхуд олий таълим тизими таркибига ўтказилган, эртанги куни номаълум бўлиб қолган ташкилотларга айланганди.

Шундай қийин бир вазиятда мамлакат раҳбари ҳеч ким кутмаган, оғир ва машаққатли, бироқ мамлакат эртанги куни учун муҳим бўлган қарор ва фармонлар имзолади. Улар мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳасига тааллуқли, бирдек аҳамиятли бўлган тарихий ҳужжатлар ҳисобланади.

Ҳар қандай жамият ўзига энг улуғ мақсадларни шиор қилиб олиши, ўзини халқпарвар деб эълон қилиши мумкин. Бироқ халқнинг ичига бормаган, унинг муаммоларини ҳал этмаган ислоҳотлар шунчаки қоғоздагина қолиб кетаверади.

«Ўзгаларни ўзгартирмоқчи бўлган инсон, аввало, ўзини ўзгартириши лозим. Бунинг учун эса, аниқ мақсад, толмас ирода ва доимий изланиш керак».

Мамлакат раҳбари ўз фаолиятини халқ ичига киришдан бошлади. Бунинг натижаси ўлароқ «Халқ қабулхоналари» ташкил этилди, одамларнинг дарди тингланди, халқ билан давлат раҳбари «ҳамфикр» экани амалда исботланди. Зеро, тарихий шахсият қийинчиликлардан чўчимайди. Осон йўлни эмас, қийин бўлсада тўғри ва шарафли йўлни танлайди. Ҳамиша олдинга қараб интилади, келажакни кўра олади. Оғир ва машаққатли бўлишига қарамай, келажак дастурларини ҳаётга татбиқ этади.

Мамлакатимиз раҳбари мард ва олийжаноб халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш билан боғлиқ мураккаб ва муҳим саволлар кўпдан буён ўйлатиб келаётганини айтиб, «Биз ўз олдимизга жамиятимизнинг янги қиёфасини яратиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш масаласини стратегик вазифа сифатида қўйдик», деган қатъий қарорини айтди. Шу тахлит бизнинг ҳаётимизга «Янги Ўзбекистон» деган тушунча кириб келди.

3

Мустақил давлат бўлиб, яъни озод ва ҳур яшаш, бу фақат давлатчиликка хос бўлган институтларни ташкил қилишнинг ўзи эмас, балки озодлик – барча фуқаронинг дунёда ўз ўрни борлигини исбот қилиши, шу масъулиятга мос ва муносиб бўла олиши ҳам дегани. Шу сабабли ҳам озод яшаш масъулияти расмий мустақиллик ҳужжатини амалиётга айлантиради, миллатни ягона ғоя – мустақил давлат сифатида ўзини намойиш қиладиган ягона мақсадга бирлаштиради.

Тан олайлик, биз узоқ йиллар миллатни яхлитлаштирадиган ягона мақсадли интилишга эришолмадик. Чунки ягона мақсадга интилиш дегани бу ҳар бир фуқаронинг хоҳиш-иродаси бўлиши, ҳар бир фуқаро ана шу интилишда ўзининг, болаларининг ёрқин келажагини кўра олиши керак дегани эди. Бунинг учун кўп ишлар қилиниши зарур эди.

Миллий бирлик ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди, бу улуғ саодатга эришиш учун ҳар қандай ғояни жамиятдаги турли қатламлар манфаатидан тозартириб олиш, миллий ғурур, миллий ор, миллий шаън, миллий виждонни уйғотиш, миллатни ўз кучи ва қудратига ишонтириш керак бўлади.

Тарих, тарихий хотира, аждодларга ҳурмат – бу миллатни яхлитлаштирувчи, уни ўз қувватига ишонтира олувчи, миллий бирликни мустаҳкамловчи энг кучли восита. Чунки тарих олдимизга бизни ўқ илдизларимиз билан туташтириб турадиган «Ким эдик, ким бўлдик, ким бўламиз?» деган саволларни кўндаланг қўяди. Тарихга бўлган эҳтиром аслида миллатнинг яхлитлигига, эртанги бирдамлигига эҳтиромни англатади. Тарих кечаги кун кечмиши, аммо жамиятда яратиладиган ягона мақсад мана шу тарих устига қурилади.

Адабиёт миллатнинг уриб турган виждони саналади. Агар жамият ўзининг виждонига бефарқ ёки унга беэътибор бўлса, унда миллатни бирлаштирувчи миллий виждон пайдо бўлмайди. Адабиётга бўлган муносабат – миллатнинг виждонига бўлган муносабатдир. Адабиёт ўзи билан тарих ва бугундан иборат миллат қиёфаси, ўзлиги, қувватини олиб юради. Ҳар бир халқнинг характери ва хусусиятлари адабиётда яққолроқ намоён бўлади ва миллатнинг яшовчан, ҳаётбахш ҳужайраларини асраб юради. Бошқача айтганда, «Адабиёт яшаса, миллат яшайди».

Ҳар қандай жамиятнинг бугунги ва эртанги кунини, жумладан, тараққиётини ҳам илм-фаннинг нуфузи белгилаб беради. Илм ва адабиёт аҳлига эътибор бу ўз-ўзидан миллатнинг эртанги тараққиётига эътибор эканини тушуниш учун катта ақл эгаси бўлиш шарт эмас.

Миллий ор ва шаън, аввало, тил, адабиётга бўлган муносабатдан бошланади. Ўзбек тилининг давлат тили сифатида жамиятнинг барча соҳасида тўла амал қилиши неча йиллар ўз вақти-соатини кутиб ётди. Бугун давлат идораларида тўла маънода давлат тилига амал қилишга ўтилганининг ортида қандай машаққатли меҳнат, кураш, керак бўлса, қатъият ҳам турганини гоҳо теран англамаймиз.

Жамиятда ранг-баранг фикрларга тоқат қилиш оддий ҳолга айланаётгани мени қувонтиради. Яқин-яқинларгача плюрализмга ёт назар билан қараб келдик. Жамиятда ягона қараш, ягона фикрни устувор қилишга интилдик. Бугун плюрализм, аста-секинлик билан бўлсада, жамиятимизда илдиз ота бошлади. Плюрализм – жамиятнинг фикрлар кўргазмасига ўхшайди. Кўргазмада сиз эҳтиёжингизни қондирадиган энг ишончли, энг сифатли, энг қулай нарсани танлаб оласиз.

Плюрализм ранг-барангликни англатади. Бир қарашда ундаги турфалик яхлит қарашларни пароканда қилаётгандек туюлади. Аммо аксиома шундаки, жамият фуқаролари ўзларининг фикрларини ҳам эшитаётгани, қабул қилаётганини англаса, унда шу жамият атрофида бирлашиш, яхлитлашиш бошланади. Зотан, қарорда урғу берилганидек, бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!

4

Кейинги йилларда амалга оширилган энг катта ислоҳотлардан бири узлуксиз таълим тизимидаги кескин ўзгаришлардир. Бошланғич ва ўрта таълимда янгича ёндашувлар юзага келди. Олий ўқув юртларига қабул квоталарининг оширилиши, хорижий ОТМ ҳамда хусусий сектор иштирокида янги институт ва университетларнинг очилиши минглаб ёшларга талабаликнинг олтин остонасига қадам қўйишига имкон яратди. Бундан етти йил олдин олий таълимга кириш ҳолатини коррупциясиз тасаввур эта олмасдик. Очиқлик, шаффофлик, танлов имкониятининг кенглиги бугун бу тизимда ислоҳотлар ўз самарасини берганини кўрсатади.

Ҳар қандай миллатнинг эртасини унинг таълим тизими белгилаб беради. Ҳозирги кунда таълимга бўлган эътибор – келажакка эътиборнинг энг ёрқин намойишидир.

«Таълим-тарбия – биз учун ё ҳаёт, ё мамот», деган Авлоний ҳазратлари. Жадид боболаримиз таълим ва маърифатни бирдан-бир халоскор куч деб билишган. Маърифатпарвар аждодларимиз миллатимизнинг истеъмолчидан ишлаб чиқарувчи, фикр олувчидан фикр берувчи миллатга айланишини исташарди.

Бугун эса ўқитувчининг жамиятдаги ўрни яна ўз ўрнига қайтмоқда. Муҳими, жамиятнинг эртасига мактабда пойдевор қўйилиши давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда.

Ўтган аср бошида жадид боболаримиз айнан миллатни ўзлигига қайтаришга, ўзини англашга бор куч-қувватларини сарфлади. Чунки англаш маърифат билан, миллат қайғуси билан боғлиқ тушунча. Маърифатли бўлмай, ўзининг ўрнини, мақомини англамай туриб, ўзини ўзи илм билан, маърифат билан ислоҳ қилмай туриб, юксалиб бўлмайди. Ўзликни англаш – бу кимлигингни, ота-боболаринг ким бўлганини, қайси тамаддундан сув ичишни, қайси мақом ва ўринга мос яшашни англаш, дегани.

Жадид боболаримиз ҳар бир нарсадан янгилик қидирган. «Янги» сўзини хуш кўришган. Жамиятни, тузимни ислоҳ этишни ва бу ислоҳот илм-фанга суяниб амалга оширилишини орзу қилганлар. Бироқ мавжуд тузум уларга бундай имкониятни бермади. Уларнинг қалби ва хаёлидаги орзу чечаклари очилмай сўлди. Маърифат ила ҳурликни орзу этган миллат зиёлилари ёппасига қатлиом қилинди.

Мамлакат раҳбари янги Ўзбекистонни барпо этишнинг туб асослари ҳақида гапирганда ана шуларни назарда тутиб: «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. …Ушбу мақсад йўлида ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади», деган фикрларни баён этади.

Бугунги вазият, мамлакатимизнинг бугунги ҳолати янги Ўзбекистонни барпо этиш учун барча сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятлар етарли эканидан далолат беради.

Мамлакатда бўладиган ҳар қандай ўзгаришлар, аввало, миллий манфаатларга мос бўлиши зарур.

Хўш, бугунги миллий манфаатларимизга нима уйғун келади? Биз, биринчи навбатда, ана шулар ҳақида ўйлаб кўришимиз зарур бўлади.

Энг муҳими, бу ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамият аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, қувват ва имкониятларини, бутун шижоатини ишга солиш зарурлиги асосий масаладир. Бошқача айтганда, Алишер Навоий ёхуд жадид боболаримиз даврида мамлакат равнақи учун илму тафаккур қанчалик зарур бўлса, бугунги глобал жамиятда унга эҳтиёж янада баланд. Бугун ҳар қандай халқнинг яшаб қолиши, тараққий этиши, ўз олдига қўйган мақсадларига эришиши учун, албатта, билим зарур. Давлатимиз раҳбари Шарқ донишмандлари ҳикматини таъкидлаб айтганидек, энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир! Бу бугуннинггина шиори эмас. Аждодлар тажрибасидан келиб чиққан, ҳозирги кун тартибига қўйилган, келажак дастури ҳамдир.

5

Бундан етти йил аввал Ўзбекистонда янги бир тонг отди. Бу тонг мамлакатимиз, туркий давлатлар, умуман, Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам янги бир даврни бошлаб берди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан жуда яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Айниқса, қўшни ва қардош мамлакатлар билан алоқалар бир поғонага кўтарилди, илгари ҳеч кўрилмаган мазмун ва моҳият билан бойиди. Бу эса, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистонда бўлаётган ошкора, халқчил сиёсатнинг, инқилобий ислоҳотларнинг самарасидир.

Туркий давлатлар ташкилоти Давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот – «Туркий дунёнинг олий ордени» тантанали топширилди.

Бу мамлакатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсатнинг, Ўзбекистонда бўлаётган юксак ўзгаришларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи, қардош мамлакатларда яшаётган халқларнинг, ижодкор зиёлиларнинг, давлат раҳбарларининг якдиллик билан келган хулосаси эди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг «Бир пайтлар Марказий Осиёда тарқоқлик кенг илдиз отган эди. Бугунги кунда эса минтақада янгича муҳит яратилди. Бу, албатта, дўстлик, ҳурмат ва масалаларни ҳамжиҳатликда кўриб чиқиш, мавжуд қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишга асосланган муҳит бўлди», деган фикрлари ҳам чин юракдан айтилган юксак мақомдаги самимий эътирофдир.

6

Бугунги Ўзбекистоннинг аввалгисидан фарқи нимада, деган савол берилиши табиий. Мустақилликка эришишимиз, шубҳасиз, улкан ғалаба, бу озодлик халқимизнинг азалий орзуси эди. Биз чорак аср давомида ана шу эришган муваффақиятимиз ҳақида гапирдик. Озодликнинг тарихий зарурат экани, ўтмишда боболаримиз бу истиқлолни орзу қилгани ҳақида сўзладик. Мустақил бўлиб яшаётганимизга асослар деярли ўтмиш билан боғланганди, бугунимиз учун ҳаммани қониқтирадиган ва миллатни яхлитлаштирадиган амалларимиз бармоқ билан санарли эди. Сўнгги етти йилда биз кўпроқ келажак ҳақида, янги тонг, янги мақсадлар тўғрисида гапиряпмиз. Мақсадлар, ниятлар, саъй-ҳаракатлар келажакка йўналтирилган, сафарбар этилган.

Олдимизга жуда улкан мақсадларни қўйиб, катта йўлга чиқдик. Бу ўзгаришларда ҳар биримиз ўз ўрнимиз, олдимизда турган бурч ва масъулият ҳақида ўйлаб кўришимиз лозим. Бунда, аввало, ҳар биримизнинг эзгу ўйимиз, сўзимиз ва амалимиз бўлиши керак. Бу ҳаётда ҳар биримизнинг ўз ўрнимиз, ўз севган касбимиз бор.

Бир пайтлар академик шоиримиз Ғафур Ғулом шундай ёзганди:

Азиз асримизнинг азиз онлари,

Азиз одамлардан сўрайди қадрин.

Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла,

Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

Худди бугунги кун учун, биз учун айтилгандай гўё.

Бугун биздан талаб қилинаётгани ўз ишимиз, ўз касбимизнинг эгаси, керак бўлса, энг устаси бўлиш. Ўз олдига мақсад қўйган инсон қайси касб эгаси бўлмасин, муаллимми, тадбиркорми, шифокорми, тикувчими – ҳар биримиз ўз касбимизнинг энг зўри бўлишга, умримиз дафтарини шоҳ сатрлар билан безашга интилишимиз шарт. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек «Бугун биз ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган юксак мақсадларимиз сари дадил бормоқдамиз. Вужудимизда, қонимизда аждодларимиздан мерос буюк қудрат жўш ураётган экан, биз эзгу орзу ва мақсадимиз бўлмиш Янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз. Жонажон Ватанимиз ҳар томонлама обод ва фаровон, эркин демократик мамлакатга айланади».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?