Билимли мингни йиқар…

13:11 10 Сентябр 2024 Жамият
134 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ватанимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг таратган буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари камол топмоқда. 2024 йилда бухоролик ўқувчилар халқаро фан олимпиадаларида 3 та олтин, 7 та кумуш, 12 та бронза медалини қўлга киритгани ҳам шундан далолат беради.

— Болалигимдан замонавий ахборот технологияларига қизиқаман, — дейди улардан бири Зарнигор Раҳимова. — Тенгдошларим орасида «Қўйсангчи, бу қизларбоп соҳа эмас», деганлар ҳам учради. Аммо устозларим, хусусан, мактабимизнинг информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Раъно Ҳамроевадан бу фан сир-асрорларини қунт билан ўрганишда давом этдим.

Когон туманидаги 12-сонли умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган Зарнигор вилоят, республика миқёсидаги фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашиш билан чекланиб қолмади. У жорий йилнинг 25 – 27 июль кунлари Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида бўлиб ўтган Европа халқаро IT қизлар олимпиадасида бронза медалига сазовор бўлди.

— Халқимизда «Билимли мингни йиқар», деган нақл бор, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Бухоро шаҳридаги 35-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Моҳинабону Икромова. — Очиғи, билимга ташна, интилувчан ўқувчилар билан ишлаш мароқли. Ён-атрофга разм солганингизда ҳам давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланган, оилада яхши тарбия кўрган, вақтнинг бебаҳо неъмат эканини чуқур англаган, меҳнатсевар, тиришқоқ ўғил-қизлар ҳаётда ҳеч қийналмай ўз ўринларини топиб кетишаётганини кўрасиз.

Муаллиманинг буни алоҳида таъкидлаши бежиз эмас. 2024 йил изланувчан, ўз устида қунт билан ишлашга одатланган ўқитувчи учун муваффақиятли кечмоқда. Унинг шогирди Парвина Чориқулова хорижлик ўнлаб тенгдошларини ортда қолдириб, Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасида олтин медални қўлга киритди.

Шубҳасиз, таълим сифати кўп жиҳатдан муаллимнинг касбий маҳоратига боғлиқ. Кейинги йилларда устоз-мураббийларнинг билими, тажрибасини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу ўз самарасини кўрсатмоқда. Сўнгги бир йилда Бухоро вилоятида малака тоифасига эга ўқитувчилар сони 20 мингдан 23 минг нафарга етди. Умумий ўрта таълим мактабларидаги олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 43 фоиздан 47 фоизга ошди.

— Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтказилган педагог кадрлар аттестация натижаларига кўра, вилоятимиз республикада пешқадам бўлиб турибди, — дейди вилоят Мактабгача ва халқ таълими бошқармаси масъул ходими И.Орипова. — Шунингдек, янги тартибдаги оммалаштириш платформаси орқали 370 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси туман, 115 муаллимнинг фаолияти вилоят, 14 нафар педагогнинг иш тажрибаси республика миқёсида татбиқ қилинди.

Табиийки, педагогнинг ўз салоҳиятини тўла юзага чиқариши, ўқувчининг замонавий билимларни чуқур ўзлаштириши учун таълим даргоҳига тегишли шарт-шароитлар ҳам керак. Бу давлатимизнинг доимий эътиборида. Биргина жорий йилда инвестиция дастури асосида вилоятдаги 39 та мактабда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Чунончи, улардан 34 таси реконструкция қилинди, 4 таси мукаммал таъмирланди. Янги ихтисослаштирилган мактаб-интернати биноси қад ростлади. Бу юмушларга оз эмас, кўп эмас, 238,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, жиҳозлаш, уларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида маҳаллий бюджетдан 109,8 миллиард сўм маблағ ажратилди. «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида эса 75 та таълим муассасасининг лойиҳалари ғолиб деб топилди.

— Президентимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам шодиёнасида сўзлаган нутқида «Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир. Шу сабабли мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича катта дастур қабул қилдик», дея таъкидлади, — дейди И.Орипова. — Бу ислоҳотлар самарасини кўриб, ҳис этиб турибмиз. Шу ўринда бир мисол билан чекланмоқчиман. Жорий йилда вилоятимизда 729 нафар ўқувчи мактабни олтин, 132 нафари эса кумуш медаль билан тугатди. Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириши бўйича Билим ва кўникмаларни баҳолаш агентлиги таҳлиллари дастлабки натижаларига мувофиқ, Бухоро вилояти ўртача баллар самарадорлиги бўйича 89,1 балл билан республикада етакчиликни сақлаб турибди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?