Билармидингиз: сурункали касалликлар билан оғриётган беморга айрим дори воситалари бепул тарқатилади

10:32 09 Январь 2025 Сиёсат
375 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Амбулатор шароитда даволашда дори воситалари харажатларини қоплаш бўйича реимбурсация дастури тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» қарор қабул қилган.

Унга мувофиқ, амбулатор шароитда сурункали касалликларни даволаш учун мўлжалланган дори воситалари харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланади. Бу дори воситалари оилавий шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт асосида беморларга бепул тақдим этилиши кўзда тутилган.

Низомга кўра, реимбурсация дастури доирасида шифокорлар томонидан белгиланган дори воситалари дорихоналарда беморларга текин берилади. Бундай дори воситаларининг қиймати Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиб, жамғарма ва дорихоналар ўртасида тузилган шартнома асосида дорихоналар харажатлари ҳар ойда молиялаштирилади.

Дори воситаларига ҳақ тўлаш жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида электрон рецептлар ва СМС-хабарлар тизими жорий этилган. Электрон рецепт асосида дорихоналардан дори воситаларини олиш мумкин, ва бу жараён тўғрисида беморнинг телефонига СМС-хабар юборилади. Ушбу хизмат учун кетган харажатлар ҳам реимбурсация дастури маблағлари ҳисобидан қопланади.

Реимбурсация дастури асосан сурункали касалликларга чалинган беморларни қамраб олади. Бундай касалликларга гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги киради. Ушбу касалликлардан азият чекаётган беморлар диспансер ҳисобида туради ва улар оилавий шифокор рецепти орқали бепул дори олиш ҳуқуқига эгадир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?