Бешариқда анъанавий “Қовун сайли” бўлиб ўтди

16:50 21 Октябр 2025 Жамият
342 0

Бешариқ туманининг қўшни Тожикистон билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Андархон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳли азалдан мазаси тил ёрар қовунлар етиштириш билан машҳур.

Айни кунларда ҳам ота-боболардан мерос деҳқончилик юмуши меҳр билан давом эттирилмоқда. Ҳаётий тажриба илм-фан ютуқлари, инновация ғоялари асосида ривожлантирилаётгани туфайли йилдан-йилга ютуқлар салмоғи ҳам ошиб бораётир. Бугунги кунда андархонликлар қовунни интенсив усулда етиштириб, бир йил мобайнида табиий усулда сақлаш бўйича ҳам катта тажрибага эга. Шунингдек, маҳалла миришкорлари Сирдарё ва Жиззах вилоятида ҳам ижарага ерлар олиб, қовун етиштиради.

Қувонарли, ўтган йилдан бошлаб Андархон қовунини кенг тарғиб этиш мақсадида “Қовун сайли” ўтказиш йўлга қўйилди. Шу кунларда Бешариқ туманида туризмни ривожлантириш, халқ анъаналарини тиклаш ва деҳқончилик маданиятини тарғиб этиш мақсадида иккинчи маротаба “Қовун сайли” ташкил қилинди.

Унда вилоятнинг турли ҳудудлари, қўшни Тожикистондан ҳам меҳмонлар иштирок этди.

— Айни пайтда маҳалламиздаги 904 та оилада 5850 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Андархон” МФЙ раиси Пўлатжон Шерматов. —Қовун етиштириш маҳалла драйвери бўлиб, бугунги кунда аҳолининг аксарияти ушбу юмуш билан шуғулланади.

Шунингдек, ҳар икки хонадоннинг бирида табиий усулда қовун сақлаш омбори бор. Уларда “Гулоби”, “Бўрикалла”, “Қирқма”, “Кўкча” каби бир неча навдаги қовунлар сақланади. Қовунларни сақлашда қишлоқ ҳудудининг географик жойлашуви ҳам муҳим аҳамиятга эга. Боиси маҳалла Қўқон шамоли йўлида жойлашган ва ҳудуд бўйлаб деярли ҳар куни шамол эсади. Айни шу шамол қовунларни яхши ва сифатли сақлаш учун хизмат қилади. Кузда узиб олинган сақлаш жойларидаги қовунлар ҳатто кейинги йилнинг май ойигача сифатини йўқотмайди.

Яқин истиқболда ҳудуднинг ана шу каби ўзига хос жиҳатларидан фойдаланган ҳолда эко ва агротуризмни янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?