«Бешариқ тонги» газетаси янги бинода иш бошлади

12:54 26 Август 2024 Жамият
61 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бешариқ туман ҳокимлиги муассислигидаги «Бешариқ тонги» газетаси Фарғона вилоятида мунтазам равишда чоп этиб келинаётган саноқли босма даврий нашрлар сирасига киради.

Кейинги йилларда вилоят шаҳар, туманлари ҳокимлиги муассислигидаги баъзи газеталар молиявий қийинчиликлар сабабли йиллар давомида чоп этилмаяпти. Таҳририят ва муассис ўртасидаги муносабатлар яхши йўлга қўйилгани сабабли «Бешариқ тонги» газетаси йил давомида ўртача 5,5–4,5 минг ададда нашр этилиб, муштарийларга етказиб берилмоқда.

Айтиш жоиз, таҳририят кўп йиллар мобайнида шароити ҳаминқадар эски бинода фаолият кўрсатиб келди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан таҳририят моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижодий ва техник ходимлари учун замонавий қулайликлар яратиш мақсадида таҳририят биноси мукаммал таъмирдан чиқарилди. Бунинг учун таҳририятнинг 705 миллион сўмдан ортиқ ўз маблағи сарфланди.

— Таҳририятлар обуна муаммоси билан бирга, обуна учун тушиши керак бўлган маблағни ўз вақтида олиш борасида ҳам қийналаётгани бор гап, — дейди «Бешариқ тонги» газетаси бош муҳаррири Собиржон Темиров. — Биз обуна ташкил этишда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан шартнома қилмай, пулни тўғридан-тўғри таҳририят ҳисоб рақамига туширдик. Натижада, қўшимча маблағ тежалди, ҳам керакли маблағни шакллантиришда қийинчилик бўлмади.

Янги бинода бош муҳаррир, 6 нафар ижодий ва техник ходимлар учун 4 та хонада барча шароитлар ҳозирланди. Шу билан бирга, газета тарихига бағишланган мўъжазгина музей ташкил этилиб, унинг кўп йиллик архиви, бу ерда фаолият кўрсатган ижодкорлар ҳақидаги суратлар ҳамда муҳим манбалар жамланди. Бино ҳовлисида ижодий мулоқотлар учун махсус айвон бунёд этилди. Шунингдек, бино ҳовлисида кичкина мевазор боғ ҳам бор. Таҳририятнинг янги биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилгани бешариқлик журналистлар, ижодкорлар учун байрам туҳфаси бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?