Истиқлол одимлари халқимизни нурафшон манзилларга элтмоқда

10:18 27 Август 2024 Сиёсат
96 0

Инсон ҳаёти шундай кечадики, унинг маълум даври мазмун-моҳиятига кўра йиллар, ўн йилликлар қамровига сиғмайди. Мураккаб бир вазиятда қабул қилинган қарор ёки танлов тарихий бурилишни бошлаб беради, тақдирларни ўзгартириб юборади, жамиятнинг жон ва қон томирларини очади. Бунёдкорлик кўчаларига нур бағишлайди. 1991 йил 31 август биз учун, келажак авлодлар учун ана шундай тарихий бурилиш палласи бўлиб қолди. Миллат айни шу куни қайта туғилди, катта йўлга чиқди, десак, муболаға эмас.

Бир эслаб кўрайлик: собиқ тузум исканжасида яшаганимизни, ўзлигимизни йўқотаёзганимизни, тарихимиз қора доғлару сохта айбловларга тўлиб кетганини, ғуруримиз таҳқирланганини, заҳматли меҳнатимиз самарасини кўрмай юрган пайтларимизни, даламизга нима экин экишни, иморатни қанча баландликда қуришни ҳам марказдан сўрашга, ижозат олишга мажбур бўлганимизни. Тилимиз, дин-диёнатимизнинг аҳволичи? Фақат мустақиллик янги ислоҳотлар йўлини бошлаб берди, инсонга муносабатни ўзгартирди, халқнинг кайфиятини кўтарди.

Кейинги саккиз йилда рўй берган инқилобий ўзгаришлар истиқлол аталмиш буюк неъматнинг қадрини янада юксалтирди. Ўзимизни том маънода эркин, ҳур ва озод ҳис қила бошладик. Ҳуқуқ ва манфаатларимиз кафолати кучайтирилди. Дунёда ўз овозимиз, ўз ўрнимизга эга бўлдик. Қадримиз ҳам, қаддимиз ҳам бир неча баробар ўсди.

Шу маънода, мустақиллик қалбимизда, онгу шууримизда, тақдиримизда чуқур илдиз отаверади, унинг муқаддас солномаси Ўзбекистон номи билан аталадиган ғалабалар, жаҳон эътиборига тушган ютуқларимиз билан бойиб бораверади. Бу йилларнинг ҳар куни, ҳар ойи ва йили маъно-моҳиятига кўра «умр дафтарини шоҳ сатрлар-ла безаш» ва бу орқали дунёни ҳайратга солиш даври бўляпти. Келажак авлодлар бу солноманинг ҳар саҳифасини диққат-эътибор билан ўқишади, халқимиз истиқлолни қандай қўлга киритганию, уни қандай шароитларда асраб қолганини, давлатимиз ўзининг илк қадамларини қандай қўйганини, нечоғли мураккаб тўсиқларни енгиб ўтиб, тараққиётнинг янги даврига кўтарилганини зўр қизиқиш билан мутолаа қилади, фарзандларига сўзлаб беради.

Истиқлол солномасига назар ташлаган киши кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда янги-янги анъана ва қадриятлар, янги ижтимоий муносабатлар, янгича дунёқараш ҳамда фикрлаш, шу билан бирга, эл-юрт, миллат тақдири учун масъуллик ва бундан фахр-ифтихор туйиш ҳисси пайдо бўлганига гувоҳ бўлади. Мана шунинг ўзи энг катта ютуғимиз, истиқлол иморатининг мустаҳкам пойдевори, келажак сари йўғрилган нигоҳидир! Ҳаётимизда, кундалик турмушимизда ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий фаолликнинг янги қирралари юзага келганичи?

Ўттиз уч йил аввал эрта-кеч даладан келмайдиган, елкасидан кетмон тушмаган деҳқоннинг фарзанди бугун мамлакатнинг таниқли кишиси, миллатнинг, бутун Ўзбекистоннинг ифтихори. Бу — буюк келажагимизнинг яратувчиси эканлигининг далолати!

Кейинги йиллардаги ижобий ўзгаришлар, янги Ўзбекистон ислоҳотлари жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун, у қайси соҳада меҳнат қилмасин, ҳаётда, ижтимоий ёки ижодий фаолиятда, ўзини тўла намоён этиш, янги таҳрирдаги Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларидан тўла фойдаланиш имконини бермоқда. Ислоҳотлар насими, аввало, ҳуқуқ бўлиб онг-шууримизга сингди. Бунинг натижасини бугун одамларнинг дунёқараши, фикри-зикри, турмуш тарзида кўриш мумкин. Ҳар бир инсонда ҳаракат, интилиш, излаш, яратиш иштиёқи бор. Ҳар бир кишида бугунгиданда фаровон ҳаётга, ёруғ келажакка ишонч бор.

Президентимиз ташаббуси билан бошланган бунёдкорликлар, деярли қайта қурилган шаҳарларимиз, ободонлашиб бораётган қишлоқларимизнинг замонавий кўриниши, йўлсозлик, кўприксозлик, шаҳарсозлик илмининг, тадбиркорлик ва ишбилармонликнинг бениҳоя ривожланиши, илм-фан, маданият ҳамда санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришилаётган ютуқлар, ҳаётимиз ва ишларимизнинг давомчилари бўлган ёш авлоднинг зафарлари, миллатлараро аҳил-иноқлик, бағрикенглик, шубҳасиз, истиқлол шарофати.

Дунё минбарларида мустақил Ватанимизнинг номи ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинаётгани, мамлакатимизга Ер юзининг турли минтақаларидан Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш учун ҳам келишаётгани — миллий истиқлол йўлининг тўғрилигидан далолат.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари ҳақида сўз юритганда, ижобий ўсиш бугун нафақат иқтисодий кўрсаткичларда, айни чоғда халқимизнинг турмуш тарзида, яшаш шароитида, маҳалла ҳаётида ҳам кўзга яққол ташланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қишлоқ жойларида маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланаётгани, замонавий инфратузилма шаклланаётгани, ёш оилаларга уй-жой қуриш учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани кўнгилда мунаввар туйғулар уйғотади.

Йиллар йилларга уланиб бораверади. Вақт чархи тинимсиз айланади. Мақсадни аниқ белгилаган, бу йўлда баҳамжиҳат ҳаракат қилган, огоҳликни қўлдан бой бермаган, ютуқларидан эсанкирамай, янги, янада баланд марраларни кўзлаган халқ, миллатгина ўзининг буюк келажагини таъминлай олади. Дунё нигоҳини ўзига тобора кўпроқ қаратаётган Ватанимизнинг ибратли йўли бунга яққол мисолдир.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатда жиддий ўзгаришлар палласига кирди. Иқтисодиёт эркинлашди, тадбиркорликни амалда қўллаб-қувватлаш бошланди, валюта конвертациясига йўл очилди. Янада муҳими, халқ билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутиш, таклиф ва ташаббусларини инобатга олиш мамлакат янги раҳбари сиёсатининг ўзак қисмини ташкил этди. Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва билимларини ошириш, коррупцияга қарши кураш устувор вазифага айланди. Ташқи сиёсатда, аввало, узоқ-яқин қўшнилар билан муносабатларимиз яхшиланди, музлар кўчди, хорижий инвесторларга ҳуқуқий кафолатларни кенгайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилинди.

Мамлакатимиз Конституциясида Ўзбекистон фуқароларининг миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ҳақ-ҳуқуққа эгалиги белгилаб қўйилди. Заминимизда умргузаронлик қилаётган ҳар бир инсон бугун олиб борилаётган ва яқин келажак учун кўзда тутилаётган ислоҳотлар, авваламбор, унинг оиласи ва фарзандлари, шу юртнинг фаровонлиги ҳамда тараққиёти учун амалга оширилаётганини аниқ-равшан англаб етиши ниҳоятда муҳим. Бунинг учун ҳар киши бугунги тезкор ва талабчан замондан ортда қолмай, ўз ҳуқуқий маданияти ва хабардорлик даражасини, ислоҳотлар самараси учун ижтимоий масъуллик туйғусини янада ошириши, фуқаро сифатида фаол бўлиши, жамият ҳаётида, дунёда, ён-атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги, уларнинг маъно-моҳиятини тўғри англаши ва хулоса чиқариши лозим бўлади.

Шу ўринда таълим, илм-фан, ўқитувчилар мақомини кўтариш ҳам ислоҳотларнинг марказида турганини таъкидлаш жоиз. «Устоз — отангдан улуғ» деган нақлга амал қилувчи халқимиз ўқитувчини яна тўрга чиқариб қўйди. Буюк мақом Конституцияда муҳрланди. Бизнингча, ўқитувчиларни эъзозлаш, уларнинг қадри ва ўрнига мос эҳтиром кўрсатиш бўйича дунёдаги ҳамма давлатларнинг қонунларида ҳам бундай нормалар бўлмаса керак.

Конституцияга ўқитувчи тўғрисидаги қоиданинг киритилиши узоқни кўзлаб қилинган савобли иш деб ўйлайман. Бир пайтлар Германия канцлери Отто фон Бисмарк «Буюк Германияни оддий ўқитувчилар шакллантиради», деб айтган экан. Жамиятни инсон ўзгартиради, таълим эса инсонни ўзгартиради. Таълимнинг марказида эса ўқитувчи туради. Шундай экан, унинг ўрнини, ҳурматини жойига қўйиш — буюк иш. Чунки мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда.

Айниқса, олдинлари ўқув йили ибтидоси педагогнинг ёзилмаган йиллик иш режасини пахта мавсумининг бошланиши белгилаб берарди. Қаҳратон қишга қадар давом этадиган бу мавсумни ўқитувчи ўз ўқувчилари билан бирга «ёлланма теримчи» сифатида далада ўтказарди.

Мамлакатимиз янги даврга қадам қўйди. Бугун ўқитувчининг олдида фақат ёш авлодни етук ва комил инсон қилиб тарбиялаш вазифаси қўйилган. Президентимиз таълимнинг таянч нуқтасини топди. Педагоглар меҳнатининг қадрланиши, эъзозланиши, ижтимоий ҳимояга олингани бунинг исботи, десак, хато қилмаган бўламиз.

Шуни билиш лозимки, фуқаро дунёқараши жамият ва мамлакатда кечадиган жараёнлардан орқада қоладиган бўлса, давлат ҳокимияти томонидан қабул қилинган қонунлар «ишламайди», ҳар қандай назорат ҳам кутилган натижани бермайди. Қачонки фуқаронинг дунёқараши ва интилиши амалдаги давлат ҳокимияти фаолиятидан олдинда бўлсагина, миллат ва мамлакат ривожланади, акс ҳолда, тараққиёт бўлмайди. Шунинг учун давлатимиз раҳбари такрор ва такрор таълим-тарбия масаласига тўхталмоқда. Таълим сифати дунёни қутқаради ва юқори даражага олиб чиқади. Эртанги кун билимни чуқур эгаллаган жамиятларники бўлиб қолади.

Халқимиз ҳам эътиборини илм-фан, таълим тизими ривожига янада кучлироқ қаратиши зарур, назаримизда. Бунинг учун илмга, илмлиларга, ўқитувчиларга рағбат тизими яратилмоқда. Юртимизда ташкил этилган Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар битирувчилари билими, ғайрати ҳар томонлама қўллаб-қувватланяптики, тез орада барча орзу-ниятимиз амалга ошади, деган умиддамиз.

«Оққан дарё оқаверади», деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Буюк алломалар етишган қадимий ўлкамиздан бир неча асрлик танаффусдан кейин яна самарқандийлар, хоразмийлар, бухорийлар, термизийлар, насафийлар, жаҳон эътироф этган олим ва ихтирочилар, етти иқлимни қалами билан забт этган ижодкорлар, диний уламолар етишиб чиқишига замин ва муҳит яратилаётгани юртдошларимизга ишонч бағишламоқда. Истиқлолнинг зафарли одимлари бизни ана шу довонларга элтади.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатда жиддий ўзгаришлар палласига кирди. Иқтисодиёт эркинлашди, тадбиркорликни амалда қўллаб-қувватлаш бошланди, валюта конвертациясига йўл очилди. Янада муҳими, халқ билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутиш, таклиф ва ташаббусларини инобатга олиш мамлакат янги раҳбари сиёсатининг ўзак қисмини ташкил этди.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

академик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?