Беш нафар ёш ижодкорнинг 5 китоби дунё юзини кўрди
Шу кунларда тўйга тўёна билан борилади, деганларидек, Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими ҳам жонажон Ватанимиз – Янги Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллигига янги ташаббусни амалга оширди.
Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида беш нафар ёш ижодкоримизнинг беш китоби дунё юзини кўрди. Бу асалар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг "Адабиёт" нашриётида чоп этилган. Хусусан, Гулҳаё Уралова (Бекобод тумани)нинг “Руҳафзо”, Ойбек Акбаров (Янгийўл тумани)нинг “Гулдахан”, Шоира Тўлаганова (Оҳангарон тумани)нинг “Йўл бошида”, Бону Саримова (Юқори Чирчиқ)нинг “Бахт бўлсам керак” номли шеърий тўплами ва Отабек Бакиров (Ангрен шаҳри)нинг “Умид” номли публицистик мақолалар тўплами нашр этилди.
Шунингдек, марҳум адиб, улкан истеъдод соҳиби Сойим Исҳоқнинг “Юлдуз кўкда сўнади” китоби ҳам нашрдан чиқди.
Ушбу воқеа муносабати билан, Нурафшон шаҳридаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими кутубхонасида тақдимот маросими бўлиб ўтди. Анжуманни Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими раҳбари, сенатор Маҳмуд Тоир бошқариб борди.
Дастлаб педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдош барча китоб муаллифларини қутлаб, ёшларга ижодий парвоз тилади. Қозоқбой Йўлдош чинозлик улуғ адиб Сойим Исҳоқнинг “Юлдуз кўкда сўнади” китоби ҳақида ўз фикрларини билдиради. Халқимизни китоб ўқишга, тафаккур қилишга чорлади. Китоб ўқилса – китоб, ўқилмаса, бир уюм қоғоздан бошқа нарса эмас, деган пурмаъно фикрлари кечанинг шоҳфикри бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Ботиржон Эргашев ҳам ёш қаламкашларимизни биринчи китоби чоп этилгани билан муборакбод этиб, уларга ижодий бардавомлик тилади.
Филология фанлари номзоди, доцент Абдураҳмон Пиримқулов эса ёшларнинг китобини шаклу шамойили, мазмун-моҳияти, ютуқ ва камчиликлари хусусида атрофлича тўхталди. Уларнинг ўзига хос сатрларини ўқиб, келгусида қандай йўл тутиши мақсадга мувофиқлиги борасида ўз маслаҳатини берди.
Шунингдек, тақдимот асносида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Раҳматилла Шералиев, Ўбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, моҳир публицист Нигора Шофайзиева ҳамда Уюшманинг вилоят бўлими бош мутахассиси Зоҳиджон Олов китоб чоп этилиши жараёни ҳақида қисқача маълумот берди.
Ёшлар илк китоби ҳаяжонини баён этиб, кечадан, устозлар, олимларнинг фикридан олган таассуротларини самимий сўзлари ила изҳор қилди.
Тақдимот сўнгида беш нафар китоб муаллифига ва Сойим Исҳоқнинг фарзандларига аталган китоблар, шунингдек, барча иштирокчиларга ҳам янги тўпламлардан туҳфа этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг