Беларусь делегацияси вакиллари Тошкент давлат аграр университетида бўлишди

06:56 09 Февраль 2024 Жамият
171 0

Беларусь Республикаси Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Беларусь Республикаси қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири бошчилигидаги делегация аъзолари Тошкент давлат аграр университетида бўлди.

Меҳмонларни мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазири И. Абдураҳмонов ва бошқа мутасаддилар, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари жамоаси кутиб олди.

Меҳмонлар дастлаб бу ерда ташкил этилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Университетнинг Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш факультети қошидаги лабораториясида илм-фаннинг сўнгги ютуқлари асосида фаолият юритаётган олимларнинг тажрибалари Беларусь делегацияси вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Шундан сўнг аграрчилар меҳмонларга чорвачилик соҳасидаги ўқув машғулотларини тақдим этишди. Чип ўрнатилган асалари уясидаги ғаройиб илмий кашфиётлар билан таништиришди.

Университет мутахассисларининг таъкидлашича, бугунга келиб, иккала давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона муносабатлари замирида Тошкент давлат аграр университети билан Беларусь Республикасининг бир қатор олий таълим муассасалари билан олиб борилаётган самимий дўстона алоқалар кўлами тобора кенгаймоқда.

Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва ишлаб чиқариш, чорва моллари учун тўйимли озуқа экинлари етиштириш, гўшт ва сут маҳсулотларини бирламчи сақлаш ҳамда қайта ишлаш юзасидан ўзбек ва беларусь олимлари ўртасидаги илмий тажриба алмашинишларда амалий натижалар юзага келмоқда.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?