Бебаҳо дурлар

20:01 08 Февраль 2024 Маданият
202 0

Неча минг асрлар илгари сўниб кетган юлдузларнинг шуъласи бизга ҳамон сезилиб тургани каби тарихда ўтган буюк аждодларимизнинг маърифат нуридан ҳанузгача баҳрамандмиз. Сир эмаски, улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий асарлари тилининг жозибаси, ўйноқилиги, сермаънолиги беш асрдан буён бутун оламга завқу шавқ бериб, ҳайратга солиб келмоқда.

Сўзлар изоҳи — Алишер Навоий тилининг энг мураккаб ва қизиқарли соҳаси. Буюк шоир ижодининг бу қиррасини очиб бериш учун олимларимизнинг кўпгина илмий тадқиқотлари, рисолалари эълон қилинди. Ҳали-ҳамон ўрганилишда давом этмоқда.

Ҳазрат Навоий тилидаги сўзлар изоҳида бир ҳодиса бизнинг ҳам эътиборимизни ўзига жалб этди. У ҳам бўлса, бир хил шаклдаги сўзларнинг зид маъноларда қўлланилиши. Фикримизни тўлароқ тушунтириш учун мисолларга мурожаат қилсак:

Эй, ҳуснунгга зарроти жаҳон ичра тажалло, мазҳар сенга ашё,

Сен лутф била кавну макон ичра мавло, олам сенга мавло.

Шоирнинг маҳоратини қарангки, у “мавло” сўзини бир мисрада бир-бирига зид маънолари билан қўллайди. Байтнинг биринчи мисраси шундай изоҳланади: эй, ҳуснидан зарралар жаҳон ичра жилваланувчи, сенинг жамолинг дунёдаги барча нарсада акс этади. Иккинчи мисрани икки қисмга бўлиб изоҳлаймиз. Биринчи қисмда “мавло” сўзи соҳиб, хожа, ҳоким маъносида келган, яъни: сен илтифот ила бу дунёда ҳокимсан, соҳибсан. Мисранинг иккинчи қисмида эса бу сўз қул, банда маъносида келади: олам — сенга қул. Мумтоз адабиётда дунёдаги ҳар бир жисмда Аллоҳнинг акси бўлади, деган тушунча бор. Бу байтда биз айнан шу маънони англашимиз мумкин.

Маълумки, “чекмоқ” сўзи мумтоз адабиётда сермаънолиги билан машҳур. Унинг маънолари орасида ҳам бир-бирига зид келувчилари бор. Масалан, Алишер Навоийнинг бир шеъридаги “узмоқ” маъносини олсак:

Сочинг куфрида ўлсам, қабрим узра қўйма хирқамни,

Чекиб ҳар торини бир барҳаман белига зуннор эт.

Яъни сенинг сочингга иштиёқманд бўлиб, сочинг ишқида ўлсам, кийимимни қабрим устига қўйма, қолдирма, уни парча-парча қилиб, барҳаманга (ошиққа) бер, у белига белбоғ қилсин.

Энди “узмоқ”қа антоним бўлган “туташмоқ” маъносини оламиз:

Қошининг ёйи чекилмиш зулфи чавгониғача,

Зулфи чавгони доғи гўйи занахдониғача.

Қошнинг ёй шаклида бўлиши Шарқда гўзаллик белгиси ҳисобланади. Байтда маъшуқанинг гўзаллигини ифодалаш учун айнан шундан фойдаланилган. Яъни қошининг ёйи зулфига, ундан иягига туташиб кетган.

Келинг, бу сўз “ечмоқ” маъносида қўлланган байтни кўриб чиқамиз:

Қилди ашкимни шафақгун ҳажр бепоён туни,

Хулласин чек тонгнинг, эй гардунки, қон бўлғусидур.

Яъни ҳижроннинг бепоён туни кўзёшларимни қизил тусга киритди. Тезроқ тонг отсин, бўлмаса ҳаммаёқ қонга тўлиб кетади.

Юқоридаги маънонинг антоними эса “боғламоқ”дир:

Айтдим, бошимни фитрокингга чек, эй шаҳсувор,

Деди, бош асрардек эрмас тезликдан маркабим.

Байтнинг мазмуни шундай: айтдимки, бошимни эгарингга боғлаб кет, эй чавандоз. У эса: “Уловим шунчалик тез кетяптики, ўз бошимни ҳам базўр асраяпман”, деди.

Келтирилган мисоллардан кўринадики, Навоий ҳазратлари ўзбек тилининг бетакрор гўзаллигини ўз ижоди билан исботлаб берган. Биз ҳам улуғ устоддан ибрат олиб, тилимизни бойитишга, асраб-авайлашга ҳаракат қилсак, ўзбек деган миллат номи тарих зарварақларида абадий тураверади.

Ирода ЭШОНХОНОВА,

педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?