БДКИ Тошкент филиали талабалари БДКИ 42 халқаро талабалар фестивалида иккита совринни қўлга киритишди

13:57 21 Ноябрь 2022 Маданият
646 0

Москвадаги БДКИда 42 халқаро талабалар фестивали бўлиб ўтди. Танлов дастурида БДКИ Тошкент филиали талабалари ўз фильмлари билан иштирок этишди.

Фестивальда жами дунёнинг 47 та кино университети, 40 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этди, танлов дастурида иштирок этиш учун 600 дан ортиқ фильм ариза топширган бўлиб, улардан 60 таси саралаб олинган.

БДКИ Тошкент филиалининг икки нафар талабаси фестиваль совринларини қўлга киритди. “Режиссёрлик” йўналиши 1 босқич талабаси Шерзод Назаров “Ипак йўлида” фильми учун “Таъсирчан кино ҳикояси учун” профессионал ҳакамлар ҳайъатининг махсус дипломига сазовор бўлди. “Драматургия” йўналиши 2 босқич талабаси Тимур Муродов “Кассета” фильми учун “Инсон қадриятларини асраб-авайлагани учун” профессионал ҳакамлар ҳайъатининг Махсус дипломи соҳиби бўлди.

Ҳакамлар ҳайъати таркибига дунёнинг 6 давлатидан кино саноати вакиллари кирди. Эътиборлиси, бу йил ҳакамлар ҳайъати раиси этиб Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов сайланди.

“Ўзбек талабалари ҳақида гап кетганда, объектив натижалар олиш мақсадида, овоз беришда қатнашишдан бош тортдим, ҳакамлар ҳайъати БДКИ Тошкент филиали талабалари Тимур Муродов ва Шерзод Назаровни ғолиб деб танлаганидан жуда хурсанд бўлдим. Ишончим комилки, бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида БДКИ филиалини очиш ҳақидаги ташаббусининг ёрқин натижасидир. Ишонаманки, ушбу ёш авлод тез орада Ўзбекистон кинематографлари сафига қўшилади”, — дея фикр билдирди Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Фестиваль доирасида БДКИ Тошкент филиали фильмларининг алоҳида намойиши бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик талабаларнинг қуйидаги қисқа метражли фильмалари намойиш этилди: Тимур Муродовнинг “Кассета”, Феруз Бахаировнинг “Уй”, Нурилло Нарзуллаевнинг “Моҳагулнинг эзгу нияти”, Ғайрат Мўминовнинг “Битирувчилар” фильмлари.

Шунингдек, Фестиваль доирасида Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов билан БДКИда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Талабаларга Ўзбекистон Кинематография агентлиги номидан стипендиялар топширилди.

“Барча ўзбекистонлик талабалар номидан муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичга, Кинематография агентлигига, устозимиз Фарҳод Маҳмудовга, бизни қўллаб-қувватлаётган барча инсонларга ушбу афсонавий олийгоҳда таҳсил олишда ёрдам бераётгани учун миннатдорчилик билдираман”, – дейди БДКИ 2 босқич талабаси Камронбек Саидмуратов.

“Президентимизга ҳозирда олдимизда очилаётган имкониятлар, ёрдам ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ХIV Тошкент халқаро кинофестивалида ишлаш имкониятини тақдим этгани учун Ўзбекистон Кинематография агентлигига катта раҳмат,” – дея фикр билдирди БДКИ 2 босқич талабаси Муҳаммад Юсуф Рахмоналиев.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?