Баркамоллик ва гўзаллик спорти

15:25 30 Октябр 2025 Жамият
398 0

Сув спортининг оҳанрабоси бор. Жисмни чиниқтирувчи машқлар орасида сузишга етадигани йўқ. Спортнинг мазкур тури ёшлар ўртасида оммалашиб, иқтидорлар парвозига қанот бағишламоқда. Бир қатор халқаро мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтараётган наманганлик ёш спортчилар бунга ёрқин мисолдир.

– Спорт шогирдларимизни жаҳонга танитди, – дейди Давлатобод туманидаги сув спортига ихтисослаштирилган мактаб директори Абдушукур Усмонов. – Уларнинг дунё миқёсидаги нуфузли беллашувлардаги фаол иштироки таҳсинга лойиқ. Кўплаб давлатлардаги чемпионатда эришган ғалабаларимиз мамлакатимизда жисмоний тарбиянинг ушбу йўналишига катта эътибор берилаётганининг самарасидир.

Мазкур мактабдаги сузиш ҳавзаларида сув париларидек қулоч отаётган қизларнинг руҳи баланд, унга мос ҳаракатлари нафис. Машғулотларда синовдан ўтаётган ёшларнинг аксарияти танлаган йўлини шунчаки ҳавас эмас, балки жиддий мақсад деб билади. Республика мусобақаларда эпчиллиги билан танилган Полина Фомичёва бу йўлни танлаганидан хурсанд. Мактаб тарбияланувчиларининг турли даражадаги беллашувлардаги ғалабасини таъминлашда Шаҳризода, Ривоят Мирзабоева, Камила Клинкова каби умидли ёшларнинг ҳам ўз ўрни бор.

– Сув спортининг жозибаси бошқача. Ҳозир кўпчилик ёшлар, айниқса, қизлар сузиш машғулотлари билан астойдил шуғулланмоқда, – дейди мактаб тарбияланувчиси Мубина Шарипова. – Ҳавзада қулоч отиш уларнинг танасига орасталик, қоматига расолик бағишлайди. Мураббийларимиз кунига икки марта машғулот ўтказишади. Эрталаб сузиш билан машғул бўламиз. Бундай пайтда кишининг танаси жуда тетик бўлиб, энг мураккаб машқларни ҳам осонлик билан ўзлаштиради. Кечда вақтимизни тўп билан машғулотлар бажаришга сарфлаймиз.  

 Болалар спортига бўлган эътибор, келажагимиз эгаларининг жисмоний етуклик машқлари билан мунтазам шуғулланишлари учун яратилган шароит сув спортининг оммалашувига сабаб бўлмоқда. Бугун мазкур тур бўйича мамлакат терма жамоаси таркибининг асосини ташкил этадиган қизлар тарбия олаётган мазкур мактабда 670 нафардан зиёд болалар ва ўсмирлар ўз иқтидорини рўёбга чиқармоқда. Улар маҳоратини оширишда жаҳон андозаларига мос учта сузиш ҳавзасидаги доимий машғулотлар, 49 нафар мураббийнинг   билим ва тажрибаси муҳим омил бўлмоқда. Сув спорти бўйича ёшлар ва ўсмирлар миллий терма жамоаси сафида мазкур даргоҳнинг 144 нафар тарбияланувчиси иштирок этаётгани, уларнинг 42 нафари қизлардан иборатлигидан ҳам билсак бўлади.        

Айни чоғда ихтисослашган мактаб тарбияланувчилари сув полоси, сузиш, синхрон сузиш, сувга сакраш, пара сузиш ва эшкак эшиш йўналишлари бўйича сабоқ олмоқда. Нафақат махсус мусобақалар, балки мамлакатимизда анъанавий тус олган «Ўзбекистон чемпионати», «Ўзбекистон кубоги» ўйинларида наманганликларнинг муттасил совринли ўринларни қўлга киритаётганлиги ушбу даргоҳнинг нуфузи тобора юксалиб бораётганидан далолатдир. Эшкак эшиш бўйича жорий йилда Таиланд давлатининг Паттая шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида мактабнинг икки вакили – Самандар Сайдуллаев, Ҳаёт Абдуллаев фаол иштирок этиб, фахрли 2-ўринни эгаллади. Бошқа ўқувчиларнинг нуфузли мусобақаларда совринли ўринни қўлга киритаётгани ҳам фахр туйғуларини уйғотади. Масалан, октябрь ойининг учинчи ҳафтасида Тошкентнинг Бўзсув каналида слаломли эшкак эшиш бўйича ўтказилган мамлакат кубоги баҳсларида вилоят терма жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Жорий йилда ўтказилган турли даражадаги мусобақаларда ҳам мактаб вакилларининг қўли баланд келмоқда. Март ва сентябрь ойларидаги қитъа   биринчилик ва чемпионатлари эса наманганлик сузиш усталарига олтин медалларни ҳадя этди. Бундай муваффақиятлар кўпайиб бораверади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?