Банк карталари ҳақида юборилаётган СМС хабарлар бўйича изоҳ берилди

12:38 20 Февраль 2025 Иқтисодиёт
294 0

Фото: Санжар Шомуродов / “Халқ сўзи”

Ижтимоий тармоқларда тижорат банклари томонидан фуқароларга тегишли банк карталари ҳақида СМС хабарлар юборилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Марказий банк изоҳ берди.

Унга кўра, ушбу СМС хабарлар тижорат банклари томонидан Марказий банкнинг тегишли кўрсатмасига мувофиқ фуқароларни уларнинг номига расмийлаштирилган банк карталари тўғрисида хабардор қилиш мақсадида юборилмоқда.

«СМС хабарларда келтирилган банк карталари рақамлари ахборот хавфсизлиги ҳамда киберхавфсизлик талабларидан келиб чиқиб, қисман беркитилган тарзда акс эттирилган», — дейилади Марказий банк баёнотида.

Шунингдек, фуқаролар СМС хабарларда қайд этилган банк карталари уларнинг номига расмийлаштирилганлиги билан боғлиқ бирор тушунмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, хизмат кўрсатувчи тижорат банкига мурожаат қилиб, ҳолатга аниқлик киритишлари ҳамда фойдаланмаётган банк карталарини ёпишлари тавсия қилинган.

Бундан ташқари, анъанавий усулда банк картаси очишдан ташқари фуқаролар номига банк карталари фирибгарлар томонидан банк мобиль иловаларидаги фуқаро шахсий кабинети эгалланиши оқибатида ёки фуқаронинг ўзи банк мобиль иловасида рўйхатдан ўтиш орқали расмийлаштирилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 1 мартдан Play Mobile компанияси Uzcard тизимидаги СМС хабарнома учун тарифларни ошириши ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, битта СМС нархи 84,2 сўмдан 168,4 сўмга кўтарилиши белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер