Балиқчида велосипедчи аёллар таксини касодга учратмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Балиқчи туманига йўлингиз тушиб қолса, велосипед минган аёлларни кўриб, ҳечам ажабланманг. Боиси, бу ерда хотин-қизларнинг энг арзон ва мақбул транспорт воситасини бошқаришлари оддий ҳолга айланган. Айниқса, бу Жасорат маҳалласида кенг урф бўлган.
— 12 ёшимдан буён велосипед ҳайдайман, —дейди 83 ёшли Нодирахон Имомова. –Бунинг афзал жиҳатларидан бири шундаки, танангизнинг бутун аъзоси ҳаракатланади. Бу эса саломатлигингизни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун бўлса керак, ҳеч қачон касал бўлмайман. Шу ёшимда ҳам анча-мунча келинларни ортда қолдираман. Ҳатто, 14-15 ёшли қизларни ҳам мусобақада бемалол юта олишимга ишонаман. Чунки, менда катта куч, ғайрат бор.
“Жасорат” МФЙнинг аёллари маҳалладаги тўй ёки азага ҳам машина кутиб ўтиришмайди. Шундоқ велосипедига минганча кетаверишади. Бозор-ўчарнику, бу транспортсиз тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Даладаги юмушини адо этишда ҳам велосипед энг яқин ҳамроҳдир.
— Бир кун велосипед минмасам, касал бўлиб қоламан,—дейди шу маҳаллада яшовчи Ойистахон Одилова. – Шунинг учун субҳи содиқда велосипед ҳайдашга ошиқаман. Дугоналарим билан маълум масофани велосипедда босиб ўтамиз. Бу бизга тетиклик бахш этади.
Мураббий Муқаддамхон Турғунованинг айтишича, маҳалла аёллари нафақат, велосипед минишда, балки, спортнинг бошқа турларида ҳам кўпчиликка ибрат бўлишмоқда. Волейбол, бадиий гимнастика йўналишларидаги беллашувларда фаол иштирок этиб келишмоқда. Яқиндан бошлаб футбол ўйнашни бошлашибди. Бунинг учун маҳаллада ёзги ва қишки спорт мажмуалари мавжуд.
Яна бир маълумот: ушбу маҳаллада яшовчи опа-сингилларимиз орасида касал бўлганлар йўқ ҳисобида экан. Мабодо, кимдир касал бўлиб қолса, тузалиши билан қўлига велосипед тутқазишар экан.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг