Баҳромжон Аълоев: Ўзбекистон Марказий Осиё ва КАДҲК ўртасида ҳамкорликнинг янги шаклини яратмоқда
Саудия Арабистонининг етакчи “Al-Шарқ Al-Awsat (“Яқин Шарқ”) газетасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев билан суҳбат босилиб чиқди.
Саудия Арабистонининг етакчи “Al-Шарқ Al-Awsat (“Яқин Шарқ”) газетасида “Биз Марказий Осиё ва КАДҲК ўртасида ҳамкорликнинг янги шаклини яратмоқдамиз” сарлавҳаси остида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоевнинг интервьюси чоп этилди.
Хусусан, Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг ўринбосари нашр мухбири Абдулҳади Ҳабтур билан суҳбат чоғида Марказий Осиё ва КАДҲК саммитини муҳим воқеа ўлароқ таърифлар экан, уни “тарихий”, деб баҳолайди. Ушбу саммит геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатдан дунёнинг икки муҳим минтақаси ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик учун янги парадигма эканлиги таъкидланган.
Қайд этилганидек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Араб кўрфази давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик, мураккаб халқаро шароитни ҳисобга олган ҳолда, стратегик аҳамиятга эга.
“Ушбу тадбир Саудия Арабистонида ўтказилишининг рамзий маъноси шундаки, Подшоҳликнинг минтақа ҳамда араб ва ислом дунёсидаги ўзига хос ва мустаҳкам ўрни бор”, дейди Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг ўринбосари.
Ҳозирги шароитда томонлар ўртасидаги мавжуд муносабатларни кенгайтириш ҳар икки минтақанинг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қилади.
“Биз яратаётган янги платформа Кўрфаз минтақаси ва Марказий Осиё ўртасидаги мулоқот ва шерикликни фаоллаштириш, амалий дастур ва лойиҳалар орқали ҳамкорликни бойитишга қаратилган”, дейди Б.Алоев.
Саммитнинг асосий мақсади минтақавий алоқалар учун очиқ ва самарали тизимни яратиш ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилгани билан изоҳланади.
Саудия Арабистони билан муносабатларини ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этилган.
Суҳбат давомида Баҳром Аълоев Саудия Арабистони нафақат араб ва ислом давлатлари орасида, балки бутун дунёда катта ишонч ва молиявий-иқтисодий салоҳиятга эгалигини эътироф этади.
Бундан ташқари, ТИВ раҳбари ўринбосарининг интервьюсида Ўзбекистон экспортини диверсификация қилиш ва Кўрфаз араб давлатларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун кенг имкониятлар яратадиган қишлоқ хўжалиги ресурсларига эга эканлигига урғу берилган.
Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатларига тўхталар экан, Б.Алоев Ўзбекистон Яқин Шарқ билан ҳар томонлама муносабатларни босқичма-босқич ва жадал ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини таъкидлайди.
Икки томонлама муносабатлар тарихий ва маданий алоқаларга, шунингдек, Ўзбекистонга жуғрофий жиҳатдан яқин бўлган ушбу минтақада рўй бераётган ҳозирги ўзгаришларга асослангани айтилади.
“Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон янги ташқи сиёсатининг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолади”, дейди Б.Алоев.
“Нафақат араб ва ислом дунёсида, балки жаҳон миқёсида катта ишонч ва улкан молиявий-иқтисодий ресурсларга эга бўлган Подшоҳлик Ўзбекистон учун стратегик шерик сифатида муҳим аҳамиятга эга”, дея сўзида давом этади вазир ўринбосари.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил август ойида Саудия Арабистонига илк давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очганига алоҳида эътибор қаратилган. “Ўзбекистон раҳбари ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўртасида кечган музокаралар икки мамлакатнинг истиқболли ва муштарак интилишлари уйғун эканлигини аниқ-равшан намойиш этди”, дейди Б.Аълоев.
Ташриф натижалари бўйича келтирилган маълумотларга кўра, энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт каби турли соҳаларни қамраб олган қиймати 14 миллиард доллардан зиёд шартнома ва битимлар имзоланган.
Б.Алоев, шунингдек, ҳар икки мамлакатда ўзаро савдони кенгайтириш учун фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигига эътибор қаратган. Бунга ишбилармон доираларнинг ўзаро ташрифлари, ўтган йили Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Саудия саммитининг муваффақиятли натижалари асосий туртки бўлгани қайд этилган.
Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг маълум қилишича, сўнгги беш йилда Саудия сармояси билан Ўзбекистонда фаолият юритаётган компанияларнинг сони 4,2 баравар кўпайган.
Расмий маълумотга кўра, 2022-йилда 58 минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар Саудия Арабистонига Умра сафарини амалга оширишган бўлса, 2023-йилда 15 минг нафар юртдошимиз Ҳаж амалларини бажаришган.
“Al-Шарқ Al-Awsat” газетаси мухбири Саудия ва Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро муносабатларига ҳам алоҳида эътибор қаратган.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқалар сиёсий ва халқаро масалаларда муваффақиятли ҳамкорлик олиб борилаётгани, минтақавий ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида изчил равишда ўзаро қўллаб-қувватлаш тажрибаси билан ажралиб туради.
Ўзбекистон Ар-Риёз шаҳрида нуфузли “Экспо-2030» кўргазмасининг ўтказилишини, шунингдек, Саудия Арабистонининг ШҲТ доирасида “мулоқот шериги” сифатида эътироф этилишини қўллаб-қувватлаган.
2019-йилда БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон томони илгари сурган ва Саудия Арабистони ҳаммуаллиф бўлган “Таълим ва диний бағрикенглик” резолюциясининг қўллаб-қувватлагани ижобий баҳоланган. Шунингдек, Саудия Арабистони 2020-йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига Ўзбекистон номзодини ҳам қўллаб-қувватлаган.
Икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа жиҳатларига ҳам эътибор қаратилар экан, Саудия Арабистони Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг 25-сессияси 2022-йилда Самарқандда ўтказилишини ёқлаб овоз бергани, 2022 йилги Саудия Арабистонига олий даражадаги ташрифдан сўнг Подшоҳлик фуқаролари учун Ўзбекистонга бир ой муддатга визасиз кириш тартиби жорий этилгани ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг