Бағрикенглик — бу кундалик ҳаётда ҳар бир инсоннинг масъулиятидир — Галина Мельникова
Фото: "Халқ сўзи"
16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан Ўзбекистонда олиб борилаётган бағрикенглик сиёсатининг ҳаётий аҳамиятига қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Бизнинг умумий уйимиз: Ўзбекистондаги етакчи аёллар сабоқлари” номли тадбир ҳам ушбу санага бағишланди.
Тадбирда жамоатчилик вакиллари, фаол аёллар, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Меҳмон сифатида таниқли сухандон Галина Мельникова ва тарих фанлари номзоди Галина Рахматуллаева иштирок этиб, ўз ҳаётий тажрибалари ҳамда касб фаолиятлари орқали бағрикенглик ва инсонийлик қадриятларини тарғиб қилиш борасида самимий фикрларини баён этдилар.
Тадбир давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган бағрикенглик сиёсати, миллатлараро тотувлик ва динлараро ҳамжиҳатлик соҳасидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди. Президенти ташаббуси билан қабул қилинаётган давлат дастурларида ҳам айнан бағрикенглик ва ижтимоий бирдамлик масалалари устувор йўналиш сифатида белгиланаётгани таъкидланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг ягона оиласига айланган. Шу жиҳатдан “Бизнинг умумий уйимиз” шиори нафақат рамзий маънога, балки амалиётдаги ифодасини ҳам топган.
Тадбирнинг энг илҳомбахш қисми сифатида етакчи аёллар тажрибаси ва уларнинг жамиятдаги роли муҳокама қилинди. Аёлларнинг тинчлик ва тотувликни сақлашдаги, ёшлар онгида бағрикенглик руҳини мустаҳкамлашдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
“Бағрикенглик — бу шунчаки шиор эмас, бу кундалик ҳаётда ҳар бир инсоннинг масъулиятидир. Агар ҳар биримиз бир-биримизни тингласак ва тушунсак, жамиятимиз янада гўзал бўлади”, — деди Галина Мельникова.
Бу сўзлар барча иштирокчиларни мулоҳазага чорлади. Чунки бағрикенглик фақат давлат сиёсати эмас — ҳар бир фуқаронинг шахсий маданияти ва ҳаётий позициясидир.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг талаба ёшлари тадбирда фаол иштирок этиб, бу мавзуда ўз қарашларини билдирди. Ёшларнинг фикрича, глобаллашув даврида бағрикенглик — тинчлик ва барқарор тараққиётнинг асосий шартидир. Шу билан бирга, ёшлар томонидан таълим тизимида бағрикенглик маданиятини чуқур ўргатиш, кўнгилли лойиҳалар орқали миллатлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Тадбир нафақат байрамона муҳитда ўтди, балки у ҳар бир иштирокчи қалбида бағрикенглик, инсонийлик ва бирдамлик ҳиссини янада кучайтирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг