Бағдодда Нидерландия лолалари етиштириш ва экспорт қилиш салмоғи янада ортади

13:39 13 Март 2025 Жамият
141 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бағдод туманининг Ирғоли маҳалласида истиқомат қилувчи Шуҳратжон Хурсанов ўз хонадонидаги иссиқхонада жаҳон бозорида харидоргир бўлган Нидерландия лолаларини парваришлаб сотиш орқали йилига ўртача 350-400 миллион сўм даромадга эга бўлмоқда.

Шу тариқа Нидерландиядан келтирилган 25 турдаги лола пиёзчалари гидропоника усулида етиштирилади. Бу усулда уруғ тупроққа эмас, сувга экилади. Хонадонда замонавий совитиш тизимига эга мўъжазгина музлатгичли омборхона ҳам ташкил этилган. Боиси бундай ҳароратда сақланганда узиб қадоқланган гуллар ғунчалари катталашади ҳамда узоқ масофага ташишга яроқли бўлади. Табиий ҳолда сақлаш имконияти кенгаяди.

— Ўз фаолиятимни кенгайтириш мақсадида янги бизнес-режа тайёрлаб, амалий ишларни бошлаб юбордим, — дейди тажрибали гулчи. — Айни кунларда Бағдод тумани ҳокими Ғанижон Солиев хонадонимизда бўлиб, янги режамни маъқуллади ва туманнинг Гулистон шаҳарчасидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бўш ер майдони ажратиб бериладиган бўлди.

Яқин истиқболда бу ерда иссиқхоналар барпо этиб, Нидерландия лолаларини маҳаллий иқлим шароитига янада кўпроқ мослаштириш, уруғини ўзимизда экиб кўпайтириш бўйича амалий саъй-ҳаракатларга киришамиз. Бу туманимизда ноёб гуллар етиштириш ҳамда экспорт салмоғини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?